07.10.2024 10:22

Исроил Ғазода бир йил ичида уюштирган энг қонли 11 қирғин

Исроил АҚШ ва қатор Европа мамлакатлари кўмагида 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазода геноцид содир этмоқда. Одамлар бошпана сифатида фойдаланаётган тиббиёт ва таълим муассасаларига зарбалар берилмоқда, фуқаролик инфратузилмаси вайрон қилинмоқда.

Исроилнинг қатлиомлари натижасида бир йил ичида 41 802 киши, жумладан 17 мингдан зиёд бола ва 11 378 аёл ҳалок бўлди. Фаластин анклавининг яна 96 844 нафар аҳолиси жароҳатланган.

Исроил томонидан Ғазо секторида содир этилган 11 та қирғин:

1. Ал-Мавасида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

10 сентябрь куни Исроил армияси аввалроқ “хавфсиз ҳудуд” деб эълон қилинган Ал-Маваси ҳудудига йирик ҳужум уюштирди.

10 сентябрга ўтар кечаси самолётлар уйқудаги кўчирилганларнинг устига қарийб бир тонналик учта МК-84 бомбасини ташлади. Оқибатда 20 га яқин чодир ва у ерда бўлган оилалар бир неча метр чуқурликдаги учта кратерга кўмилди.

Ҳужум оқибатида 40 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, яна 60 киши яраланди.

2. Ат-Табиин мактабида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

10 август куни Исроил ҳаво кучлари бомдод намози вақтида Ат-Табиин мактабига ҳужум қилди.

Ҳужум оқибатида камида 100 киши, жумладан, болалар ва аёллар ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди.

3. Ал-Мавасида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

13 июль куни Исроил армияси аввалроқ “хавфсиз ҳудуд” деб эълон қилинган Хон Юнис шаҳри яқинидаги Ал-Маваси ҳудудида даҳшатли ҳужум уюштирди.

Ҳужум оқибатида 90 га яқин одам, асосан, болалар ва аёллар ҳалок бўлди, яна 300 киши яраланди.

4. Нусайрат қочқинлар лагерида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

Исроил армияси томонидан Нусейрат қочқинлар лагерида амалга оширилган қонли қирғинда 64 нафар бола, 57 нафар аёл, жами 274 нафар Фаластинлик ҳалок бўлди, яна 698 нафар фаластинлик яраланди.

Исроил ҳарбийлари 89 та уйни ва одамлар жойлашган бир бинони бомбардимон қилди.

5. Рафаҳда тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

Исроил армияси 26 май куни Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрида кўчирилган фаластинликларнинг чодирларига зарба бериши оқибатида 45 киши ҳалок бўлди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил самолётлари лагерга камида саккизта ракета билан зарба берган.

6. Ал-Шифа касалхонасида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

Исроил кучлари 2024 йилнинг 8 мартидан 1 апрелига қадар Ғазо шаҳридаги Ал-Шифа касалхонаси ва унинг атрофида икки ҳафталик қамал пайтида 400 нафар фаластинликни ўлдирди.

Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан сўнг шифохона мажмуасида учта оммавий қабр топилди.

7. Набулсий майдонида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

2024 йил 29 февраль куни Исроил армияси Рашид кўчасидаги Набулсий майдонида гуманитар ёрдам кутаётган фаластинликларга ҳужум қилди. 118 киши исроилликларнинг қонли қирғини қурбони бўлди, яна 760 фаластинлик яраланди.

8. Ал-Фахур мактабида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

2023 йил 18 ноябрда Исроил армияси Ғазо сектори шимолидаги Жабалия қочқинлар лагеридаги Ал-Фахур мактабини бомбардимон қилди.

Исроил ҳужуми оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди ёки яраланди, мактаб коридорларида қолган жасадларни олишда қийинчиликлар юзага келди.

9. Жабалияда тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

2023 йил 31 октябрда Исроил самолётлари Ғазо сектори шимолидаги Жабалия қочқинлар лагеридаги аҳоли зич жойлашган турар-жой ҳудудига зарба берди.

Натижада минглаб фаластинликлар, асосан болалар ва аёллар ҳалок бўлди, яраланди.

10. Азиз Порфирий черковида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

2023 йил 20 октябрда Ғазодаги Авлиё Порфирий православ черкови Исроил армиясининг қонли ҳужуми нишонига айланди. Натижада 20 киши, жумладан 18 насроний ҳалок бўлди.

Исроил ҳужумлари туфайли юзлаб насронийлар ва мусулмонлар Ғазодаги 425 йилда қурилган Авлиё Порфирий православ черковидан паноҳ топган эди.

11. Ал-Аҳли Баптистлар касалхонасида тинч аҳолига қарши оммавий қирғин

Исроил ҳаво кучлари 2023 йил 17 октябрь куни Ғазо шаҳридаги Ал-Аҳли Баптистлар касалхонасига зарба бериб, 500 дан ортиқ фаластинликни, асосан аёллар ва болаларни ўлдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.