Ғазо: 366 кун геноцид соясида
2023 йил 7 октябрда дунё Исроилнинг Ғазо секторига бостириб киришни бошлаганига гувоҳ бўлди. Бугун, орадан роппа-роса бир йил ўтиб, кўпчилик, муболағасиз, Фаластин халқининг геноциди деб атайдиган фожиа кўламини тушуниш учун ортга қараймиз. 366 кун давом этган портлашлар, вайронагарчиликлар ва одамларнинг азоб-уқубатлари бир вақтлар ҳаёт қайнаган қирғоқ минтақасини вайроналарга айлантирди, бу ерда омон қолиш ҳар кунги жасоратга айланди.
Қўрқинчли статистикалар
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (ЮНРВА) қон қақшатувчи баъзи статистик маълумотларни эълон қилди. 41900 нафар қурбон. Бу шунчаки рақам эмас – бу бутун оилалар, вайрон қилинган ҳаётлар, йўқолган умидлар. 10 000 ва ундан ортиқ бедарак йўқолганлар тақдири ҳанузгача номаълум бўлиб, уларнинг яқинлари азобли ноаниқлик ичида қолмоқда.
1,9 миллион киши ўз уй-жоларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Тасаввур қилиб кўринг: Ғазнинг қарийб бутун аҳолиси бир неча бор уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Баъзи оилалар бу йил 20 мартагача кўчишига тўғри келди, ҳар сафарида ўзларининг бир қисмини, тарихини, илдизларини йўқотган ҳолда.
Ҳалок бўлганлар орасида 16,8 минг бола бор. На улғайиш, на билим олиш, на севиш, на оила қуриш насиб қилмаган бутун бир авлод. 11,4 минг аёл – оналар, қизлар, опа-сингиллар – ҳаётлари жуда эрта барҳам топди. 1000 га яқин тиббиёт ходимлари – сўнгги нафасларигача бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилганлар.
175 нафар журналист бу тўқнашувда дунёнинг кўзи ва қулоғи бўлиб, ҳақиқатни етказишга уринганилари учун оғир бадал тўладилар. Энг ҳимоясизлар – янги туғилган чақалоқларнинг ўлим статистикаси айниқса ташвишлидир. 700 дан ортиқ чақалоқлар биринчи туғилган кунини кўришгача яшамадилар. 38 бола очликдан вафот этди – XXI асрда, бир вақтлар Яқин Шарқнинг нон савати деб аталган минтақада.
Ғазодаги инсонпарварлик ёрдами билан боғлиқ вазият ўта қалтис нуқтага етди. БМТ Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасининг хабар беришича, 2024 йилнинг 1-15 сентябрь кунларида Ғазо секторига кунига ўртача атиги 67 та ёрдам юк машинаси кириб келган.
Таққослаш учун, можаро авж олишидан олдин бу кўрсаткич кунига 500 юк машинасини ташкил қилган. Озиқ-овқат, дори-дармон ва тоза сув етишмаслиги Ғазо аҳолиси учун кундалик ҳақиқатга айланди. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Бу шундай фожиа содир бўлишига йўл қўйгани учун бутун инсониятга ўқилган ҳукмдир.
Вайроналардаги ҳаёт
Бу қуруқ рақамлар ортида ўз кўзи билан кўрмаганлар учун тасаввур қилишлари қийин бўлган ҳақиқат ётибди. Бир пайтлар ҳаёт қайнаган ва садоларга тўлган Ғазо кўчалари энди ўтмиш арвоҳлари билан тўлган. Одамлар вайрон бўлган маҳаллаларда кезиб юрибди, уларнинг умидлари сўниб, қалблари бўшаб қолган. Жазирама қуёш уларнинг ҳорғин таналарини аёвсиз куйдиради, гўё умиднинг сўнгги қолдиқларини ҳам ёқиб юбормоқчидек.
Ғазоликлар учун ҳар бир кун омон қолиш курашидир. Улар ҳар бир томчи сув учун, ҳар бир парча овқат учун курашмоқдалар. Вақтинчалик бошпаналарига - чодирларга, вайронага айланган биноларга, гавжум бошпаналарга қайтиб, янги нишонларни қидираётган исроил учувчисиз учоқлари парвозлари остида уйқуга кетишади. #wherewego (Биз қаерга борайлик) хештеги Фаластин ночорлигининг аччиқ рамзига айланди гўё.
Уйингиз вайрон бўлганда, шаҳрингиз вайрон бўлиб, оёғингиз остидаги ер жонсиз чанг ва кул уюмига ўхшаб кўринса, қаерга бориш керак? Минглаб одамлар ҳар куни ўзларига шу саволни бериб, жавоб топа олишмайди.
Дунё "ҳамдард бўлмоқда"
Халқаро ҳамжамият бу фожиадан чарчаганга ўхшайди. Ғазодаги вайронагарчилик ҳақидаги хабарлар энди ҳайратланарли эмас. Ғарб оммавий ахборот воситалари содир бўлаётган воқеаларни тобора камроқ ёритмоқда, гўёки бу можаро мавжудлигини унутишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо ғазоликлар учун бу янгилик эмас – бу уларнинг кундалик ҳақиқати.
Исроил, кўплаб кузатувчиларга кўра, фаластинликлар орасида яшаш истагини услубий равишда сўндирмоқда. Ҳар бир вайрон бўлган уй, ҳар бир йўқолган ҳаёт тинч келажакка бўлган умидга зарба бўлади. Бош вазир Бенямин Нетаняху ва бошқа Исроил расмийлари халқаро ҳамжамиятни Яман ва Судан каби бошқа можаролар ва гуманитар офатларга эътибор бермаслигини таъкидлаб, кўпинча иккиюзламачиликда айблашади. Бироқ, статистика шуни кўрсатадики, Ғазодаги можаро ўзининг интенсивлиги ва қурбонлар сони бўйича кўплаб замонавий урушлардан устундир.
Ушбу можаронинг кенгроқ геосиёсий контекстини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Кўпгина экспертлар содир бўлаётган воқеаларга нафақат маҳаллий қарама-қаршилик, балки Яқин Шарқдаги йирик ўйиннинг бир қисми сифатида қарашади. АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва бошқа Ғарб давлатлари Исроилга катта ёрдам кўрсатиб, геноцидда ҳамкорлик қилишда айбланишларига сабаб бўлди.
Исроилнинг Яқин Шарқда "Ғарбий форпост" (ҳарбий истеҳком) сифатида яратилиш тарихи XX аср бошларига бориб тақалади. 1917 йилги Балфур декларацияси Фаластинда яҳудий давлатини яратиш учун бошланғич нуқта бўлди. Ўшандан бери исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги можаро тўхтагани йўқ ва тез-тез янада янги куч билан авж олди.
Тарихий шароитни инобатга олиб, бугунги воқеаларни таҳлил қиладиган бўлсак, Ғарбнинг ўт очишни тўхтатиш ва сулҳга чақиришларининг самимийлигига ишониш қийин. «Ҳамдардлик» ва «хавотир»ларга қанчалик ишонишни истамайлик, фактлар бунинг аксини кўрсатади. Машҳур ҳикматда айтилганидек, дўзах йўли яхши ниятлар билан қопланган. Бу ҳолатда эса, ҳатто яхши ниятларнинг бор-йўқлиги ҳам аниқ эмас.
Ғарб ҳам ўз ҳаракатларига, ҳам ҳаракатсизлигига қараб, шунчаки жимгина кузатувчи эмас, балки содир бўлаётган воқеаларга шерик ҳамдир. Тинчлик зарурлиги ҳақидаги баландпарвоз баёнотлар Исроил уруш машинасини қўллаб-қувватлашнинг давом этиши фонида маъносини йўқотади.
Бутун дунё аҳли кўз ўнгида рўй бераётган бу фожиада Ғарб давлатлари тинчликпарвар ролини ўйнамайди, аксинча, улар – Фаластин халқи геноцидида шериклардир.
Гуманитар оқибатлар
Можаронинг тўғридан-тўғри қурбонлари билан бир қаторда, унинг билвосита оқибатларидан ҳам жуда кўп одамлар азият чекмоқда. Инфратузилма – шифохоналар, мактаблар, сув таъминоти ва канализация тизимлари вайрон бўлган. Ғазо иқтисодиёти деярли издан чиққан. Болаларнинг бутун авлоди оддий болаликдан, таълимдан ва келажакка бўлган умидлардан маҳрум.
Бу йил ғазоликлар бошидан кечирган руҳий жароҳатлар узоқ йиллар давомида азоб беради. Ҳамма нарсани – уйни, оилани, келажакни йўқотгандан кейин яшаш истагини қандай тиклаш мумкин? Болага дўстлари ёки ота-онасини бошқа кўрмаслигини қандай тушунтириш мумкин?
Фожиа бошланганидан бир йил ўтар экан, Ғазонинг келажаги ноаниқлигича қолмоқда. Эртага ҳарбий ҳаракатлар тўхтаган тақдирда ҳам, минтақани қайта тиклаш учун ўнлаб йиллар бўлмаса-да, йиллар керак бўлади. Гап нафақат инфратузилмани жисмонан тиклаш, балки инсон қалби, умидлари ва ишончини даволаш ҳақида ҳам бормоқда.
Шафқатсиз тўқнашув Ғазо аҳолисини янада радикаллаштириши, бу эса келажакда яна зўравонликларга олиб келиши мумкин.
Халқаро ҳамжамият муносабати
Ғазода содир бўлаётган воқеаларга халқаро ҳамжамиятнинг муносабати турлича. Бир томондан кўплаб давлат ва ташкилотлар Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб, ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда. Бошқа томондан, можарони тўхтатиш учун етарлича реал қадамлар қўйилмаяпти.
БМТ бир неча бор Ғазодаги вазиятдан "чуқур хавотир" изҳор қилди ва муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди. Бироқ бу чақириқлар халқаро сиёсат саҳросида акс-садо бўлиб қолмоқда, кўплаб резолюциялар плацебо бўлиб чиқди ва ташкилотнинг ўзи ҳақиқий мажбурлаш воситаларисиз бюрократик кучсиз тузилма экани аниқ бўлди.
Бундай баёнотларнинг таъсирчанлиги ҳар куни уруш даҳшатларига дуч келганларнинг аччиқ табассумларига сабаб бўлади, холос. Ҳозир кўпчилик ташкилотни чорасизлиги ва воқеалар ривожига таъсир ўтказа олмаслиги учун танқид қилмоқда. Ғазо халқаро ҳуқуқий тартиб танасидаги қони оқиб турган ярага айланди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси эса бутун дунёнинг ёрдам сўраган ҳайқириқларини инкор қилмоқда.
Асосан Яқин Шарқдаги баъзи давлатлар Ғазога гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг ҳаракатлари, албатта, ҳурматга лойиқ. Ваҳоланки, бу ёрдам кўлами Фаластин заминини қамраб олган изтироб ва ҳалокат уммонидаги томчига ўхшайди. Блокада орқали ўтаётган гуманитар карвонлар ҳар куни тинч аҳоли устига тушаётган бомба оғирлигини ҳеч қандай тарзда қоплай олмайди.
Дунё ёрдам сўраётган фарёдларни эшитадими?
Ғазодаги уруш йили келажакдаги тарих китобларида шунчаки чизиқ эмас. Бу 365 кун давомий азоб-уқубат, йўқотиш ва ҳалокатдир. Булар минглаб чек қўйилган ҳаётлар, миллионлаб синган қалблардир. Бу дунё нақадар мўрт эканлиги ва инсоният ваҳшийлик тубсизлигига осонликча қулаб кетиши мумкинлигини эслатади.
Дунё танлов олдида турибди: нима бўлаётганига кўз юмишда давом этинг ёки бу можарога барҳам бериш учун куч топинг. Зеро, кечиккан ҳар бир кун минглаб бегуноҳ инсонлар учун яна бир азоб-уқубатлар кунидир.
Ғазо бизнинг виждонимизга мурожаат қилади. Биз бу фарёдни эшитамизми ёки унинг бомба шовқинида ўлишига йўл қўямизми? Бу саволга жавоб нафақат ушбу кичик қирғоқ минтақасининг келажагини, балки бутун инсониятнинг маънавий юзини ҳам белгилайди.
Манба: TRT