Исроил-Фаластин урушининг 74-куни: энг муҳим янгиликлар дайжести
Исроилнинг Ғазога ҳужумлари бошланганидан буён 19 453 киши, жумладан 7729 нафар бола ҳалок бўлди, шунингдек, 52 286 киши, шу жумладан 8663 нафар бола жароҳатланди. – Al Jazeera
Ғарбий Соҳилда исроил томонидан йил бошидан буён 505 киши, уларнинг 111 нафари – болалар, 7 октябрдан буён эса 297 киши, жумладан 70 нафар бола ўлдирилди ёки олган жароҳатларидан вафот этди. - TRT
Фаластин маҳбуслар жамияти (PPS), исроил ишғол кучлари 7 октябрдан бери 46 журналистни ҳибсга олганини маълум қилди, шунингдек, камида 96 нафар журналист ва ОАВ ходими ҳаётдан кўз юмди. WAFA
Исроил қасддан Ғазодаги соғлиқни сақлаш тизимини издан чиқараётганини таъкидлаган ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом: “Биз Камол Адван касалхонаси биносида бошпана топган қочқинларнинг хавфсизлигидан жуда хавотирдамиз ва бу қочқинларга қилинган ҳужумлар қонуний протоколларга зиддир”, - деди. - IRNA
Исроил ҳукумати ишғол қилинган Ғазо секторида тинч аҳолини очликдан ўлдиришдан уруш усули сифатида фойдаланмоқда, бу – уруш жинояти ҳисобланади, дея маълум қилди Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бугун. - WAFA
АҚШ мудофаа вазири Ллой Остин Тел-Авивда исроил бош вазири Биньямин Нетаняху, мудофаа вазири Йоав Галант, миллий хавфсизлик кенгаши раиси Цачи Ханегби ва бош штаб раҳбари Герци Халеви ва бошқалар билан кўришиб, “Ғазодаги уруш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилди”. – Anadolu
Моссад раҳбари Давид Барнеа, Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Тани ҳамда АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям (Билл) Бернс Польшанинг пойтахти Варшавада исроил ва ҲАМАС ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўйича янги келишувни муҳокама қилиш учун учрашди. Бу музокаралар қанча давом этиши ва шу пайтгача қандайдир тараққиётга эришилгани ҳақида маълумот берилмаган. - Исроил матбуоти
Италия ташқи ишлар вазири Антонио Тажани ва Рим папаси Франциск исроилни Ғазодаги черковда исроил мергани томонидан икки аёл отиб ўлдирилгани учун танқид қилди. - Al Jazeera
Иордания Транспорт, саноат ва савдо вазирлиги БАА, Саудия Арабистони ва Иордания ҳудуди орқали исроилга қуруқликдан йўл очилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. - TRT
АҚШ президенти маъмурияти расмийлари Оқ уйнинг Ғазо секторига бостириб кирган исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаши Жо Байденнинг мамлакат ичкарисида ва хориждаги обрўсига путур етказиши мумкинлигидан хавотирда. - The Washington Post