15.12.2023 20:10

Исроил-Фаластин уруш: куннинг энг муҳим хабарлари дайжести

Исроилнинг Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда Фаластин халқига қарши вайронкор тажовузи ортидан ҳалок бўлганлар сони камида 18 897 (Ғазода – 18700) кишига кўпайди, 55 минг (51 минг) дан ортиқ киши жароҳат олди. – WAFA


Ишғол остидаги Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда яна 16 нафар фаластинлик ушланганидан сўнг 7 октябрдан буён Исроил ҳарбийлари томонидан қўлга олинган фаластинликлар сони 4420 нафарга кўтарилди. Anadolu


Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Рамаллоҳда АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жек Салливан билан учрашувда Исроилнинг давом этаётган тажовузи, хусусан, шу кунларда Ғазода Фаластин халқига қарши амалга оширилаётган геноцидни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини таъкидлаб, тинч аҳолини Исроил уруш машинаси келтириб чиқарган қайғу ва вайронагарчиликдан сақлаб қолишни талаб қилди. – WAFA


Ғазо сектори жанубидаги тўқнашувларда Исроил армияси 9-танк бригадасининг 23 ёшли танк қўмондони Шай Уриел Пизима ҳалок бўлди. – Anadolu


Исроил кучлари ишғол остидаги Шарқий Қуддусда фаолият кўрсатаётган Anadolu фотомухбири Мустафо Ҳаруфни хизмат пайтида қаттиқ калтаклади. Журналист касалхонага ётқизилган, Ҳаруфнинг ёнидаги оператор Фаиз Абу Румейлега ҳам ҳужум қилинган. – Anadolu


Ал-Жазира телевидениесининг Ғазодаги мухбири Даҳдуҳ ва унинг оператори Абу Дакка Хон Юнис шаҳрида, кўчирилганлар яшайдиган Ферҳане мактаби яқинида Исроил аскарлари томонидан ярадор қилинди. – WAFA


Голландия суди инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Исроил Ғазо секторидаги урушда фойдаланаётган F -35 қирувчи самолётлари учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича даъвосини рад этди. - Al Jazeera


Европа Иттифоқи ва 13 давлат, жумладан Буюк Британия, Франция ва Испания фаластинликларга қилинган ҳужумларни қоралаб, Исроилни ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда кўчиб келган яҳудийлар 343 та зўравонлик ҳолатида 8 фаластинликни ўлдиргани, 83 нафарини яралагани ва 1026 маҳаллий аҳолини уйларини тарк этишга мажбурлаганига қарши аниқ ва шошилинч чоралар кўришга чақирди. – Anadolu


АҚШ демократ сенатори Элизабет Уоррен Meta компаниясининг бош ижрочи директори Марк Цукербергга мактуб йўллаб, ундан Фаластин тарафдори постлари чекланаётгани ва цензура қилинаётгани ҳақидаги даъволарга оид саволларига жавоб беришини сўради. – The Intercept


АҚШда Исроилни танқид қилувчи муҳим шахслар ва муассасаларнинг “овозини ўчириш” учун ташкил этилган ҳамда “Силикон водийси”даги технология компаниялари раҳбарларидан тортиб, йирик молиячилар ва исроиллик амалдорларгача аъзоси бўлган J-Ventures гуруҳининг Фаластин тарафдорларини қўрқитиш, ишдан бўшатиш ва бошқалар билан шуғулланиб келаётгани фош бўлди. Anadolu 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.