31.10.2024 11:46

Испаниядаги сув тошқинлари 100 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди (фото)

Испанияда кучли ёмғир сабаб бўлган сув тошқини оқибатида камида 95 киши ҳалок бўлди. Бу мамлакатда 1973 йилдан бери содир бўлган энг даҳшатли табиий офатдир.

Валенсия автоном ҳамжамияти ва унинг шу номдаги пойтахти энг кўп жабр кўрди – сўнгги маълумотларга кўра, у ерда 92 киши ҳалок бўлди.

Мамлакат расмийлари уч кунлик мотам эълон қилди, шунингдек, жабрланган ҳудудлар аҳолисига барча зарур ёрдамни кўрсатишга ваъда берди.

Ёмғирлар электр таъминотидаги узилишларга, йўлларнинг ёпилишига, мунтазам ва тезюрар поездларнинг ҳаракатининг тўхташига олиб келди.

Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес мамлакатдаги табиий офатни мисли кўрилмаган деб атади.

Расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Қидирув-қутқарув операциясида ҳарбийлар ва авиация иштирок этмоқда, ҳалок бўлганларнинг жасадлари, жумладан, дронлар ёрдамида қидирилмоқда, ҳарбий психологлар жабрланганлар билан ишламоқда, дея хабар бермоқда Испания матбуоти.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Лееннинг айтишича, ЕИ Коперник сунъий йўлдош тизими ёрдамида испан қутқарувчилари ишини мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Бошқа Европа давлатлари ҳам ёрдам таклиф қилди.

Пайшанба куни Испания бош вазири Педро Санчес Валенцияга ташриф буюради ва инқироз маркази йиғилишида иштирок этади, деб ёзади El Pais.

Чоршанба куни мамлакат шарқида об-ҳаво яхшилана бошлади, бироқ метеорологлар ёмғир шимоли-шарқдан Каталония томон силжиётгани ҳақида огоҳлантирди.

Мамлакатнинг бошқа айрим ҳудудларида ҳам сув тошқини ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинган.

Сув тошқинига кўп омиллар ёрдам беради, аммо иқлим ўзгариши туфайли исиш экстремал об-ҳаво эҳтимолини оширади.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.