17.05.2024 14:02
Испания Исроил учун қурол олиб кетаётган кемани портга киритмади
“Биз буни биринчи марта қиляпмиз, чунки биз биринчи марта Исроилга қурол олиб кетаётган кема Испания портига кирмоқчи эканлигини аниқладик. Таъминотни тўлдириш учун кемани тўхтатишни тақиқлаш изчил ва бизнинг сиёсатимизга мос келади”, деди Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес журналистларга.
Шунингдек, вазир Испания сиёсати Исроилга юбориладиган ҳарбий материалларга янги экспорт лицензияларини бермаслик тарафдори эканини қўшимча қилди.
Айни вақтда бир қатор нодавлат ташкилотлари Испания жанубидаги Картахена портида Исроил учун қурол-яроғ ҳам олиб кетаётган «Боркум» кемаси қирғоққа яқинлашганидан сўнг норозилик намойиши уюштирган.
Фаластин ишғолига қарши бирдамлик тармоғи ноҳукумат ташкилотининг билдиришича, кемада 12 тонна ракета, 1,5 тонна портловчи ва 740 килограмм бошқа ҳарбий материаллар бўлган.
Боркумга портга ўтишга рухсат берилмади, кема қирғоқдан узоқда лангар ташлади. Коалицион ҳукуматнинг кичик ҳамкори бўлган Сумар альянси ва мухолифатдаги Подемос партияси прокурорлардан кема юкини текширишни сўради.
Айни пайтда ҳукумат манбалари матбуотга кеманинг якуний манзили Исроил эмас, Чехия эканлигини айтди.