30.10.2024 14:37

Иқлим ўзгариши натижасида саломатликка таҳдидлар рекорд даражага етди

Дунё бўйлаб жадаллик билан ўзгариб бораётган иқлим туфайли инсон саломатлигига таҳдидлар рекорд даражага етгани маълум қилинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган, 57 та илмий муассаса ҳамда БМТ, Жаҳон Метеорология Ташкилотининг 122 нафар етакчи экспертлари томонидан илгари сурилган Лансет саломатлик ва иқлим ўзгариши ҳисоботи эълон қилинди.

Ҳисоботга кўра, глобал изланишлар иқлим ўзгаришининг соғлиқ учун таҳдидларини кўрсатиб борувчи 15 кўрсаткичдан 10 таси янги рекордларни қайд этган.

2023 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиб, доимий қурғоқчилик, ҳалокатли жазирама тўлқинлари ва ҳалокатли ўрмон ёнғинлари, бўрон ва сув тошқинлари билан одамлар саломатлиги, ҳаёти ва турмуш тарзига фавқулодда таъсир кўрсатди. Ўтган йили одамлар соғлиғи учун хавфли экстремал ҳарорат одатдагидан 50 кун кўпроқ вақт давомида кузатилди, кучли қурғоқчилик эса глобал қуруқликларнинг 48 фоизига таъсир кўрсатди.

65 ёшдан ошган одамлар орасида иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар 1990-йиллардаги даражага нисбатан ўтган йили рекорд даражада 167 фоизга ошди.

Ҳароратнинг кўтарилиши 512 миллион потенциал ишчи кучининг йўқолишига олиб келди, айни пайтда бутун дунё бўйлаб одамлар пиёда ёки велосипедда юриш каби очиқ ҳавода енгил жисмоний машқлар пайтида рекорд даражадаги иссиқлик стрессига дучор бўлишди. Бу йўқотиш 1990-1999 йиллардаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 49 фоизга юқори ва 835 миллиард долларлик иқтисодий ҳажмга тўғри келади.

Сўнгги 10 йил ичида 1961-1990 йиллардаги ўртача кўрсаткич билан солиштирганда, ер юзининг 61 фоизида экстремал ёғингарчилик ҳодисалари кўпайди. Бу сув тошқини, юқумли касалликлар ва сувнинг ифлосланиши хавфини оширди. Бунга параллель равишда тез-тез учрайдиган иссиқлик тўлқинлари ва қурғоқчилик 2022 йилда 124 мамлакатда 151 миллиондан ортиқ кишининг озиқ-овқат таъминотида жиддий муаммоларга дуч келишига олиб келди.

Шундай қилиб, 2019-2023 йилларда экстремал об-ҳаво ҳодисалари натижасида юзага келган иқтисодий йўқотишларнинг умумий йиллик қиймати 227 миллиард долларга етгани тахмин қилинган.

Тез ўзгариб турадиган иқлим туфайли чивинлар билан юқадиган ўлимга олиб келадиган юқумли касалликларнинг тарқалиши эҳтимоли ҳам ошди. Ўтган йили 80 дан ортиқ мамлакатларда 5 миллиондан ортиқ денге касаллиги қайд этилган ва бу тарихдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Ҳисоботда ҳукуматлар ва компанияларнинг қазиб олинадиган ёқилғиларга доимий сармоялари тарихдаги энг юқори даражага етгани, бу эса эмиссиянинг ҳам мос равишда ортиши ҳамда йўқотишларни келтириб чиқараётганини кўрсатмоқда. Ўтган йили энергетика секторидан карбонат ангидрид чиқиндилари ҳажми 2022 йилга нисбатан 1,1 фоизга ошиб, тарихдаги энг юқори даражага етди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.