07.02.2025 09:23

Испания қироли президент Трампнинг қарорини танқид қилди

Испания қироли Фелипе VI АҚШ президенти Доналд Трампнинг Оқ уй расмий веб-сайтидан испан тилини олиб ташлаш ҳақидаги қарорини танқид қилди.

Қирол бу ҳақда Мадридда тил таълими, маданият ва санъатга бағишланган глобал испан институти – Институто Сервантес томонидан ташкил этилган тадбирда нутқ сўзлар экан, бу “вақтинчалик ечим” эканлигига умид билдирди.

Фелипе VI АҚШда испан тилида сўзлашувчилар сони 2050 йилга бориб 100 миллионга етиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, у Институто Сервантеснинг АҚШда бешта маркази фаолият юритишини эслатиб, испан тили мамлакатдаги таълим соҳасида етакчи тиллардан бирига айланганини қайд этди.

Институто Сервантес бош директори Луис Гарсия Монтеро эса Трампнинг қарорини танқид қилиб, уни 60 миллионга яқин испан тилида сўзлашувчиларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолади. У АҚШда испан тили фақат муҳожирлар тили эмас, балки маданият, фан ва технология соҳаларида ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Трамп президентлиги давомида бундан аввал ҳам шундай қарор қабул қилган эди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.