12.03.2024 14:09

Ҳиндистонда мусулмонларга қарши ишлатилиши мумкин бўлган қонун қабул қилинди

Моди ҳукумати фуқароликка тегишли ҳужжатларга Ҳиндистон шимоли-шарқий штатлардаги мусулмонларни фуқароликдан маҳрум қилиш учун ишлатилиши мумкин бўлган тузатишлар киритилишини маъқуллади.

Фуқароликни ўзгартириш тўғрисидаги қонун асосан мусулмонлар яшайдиган Афғонистон, Бангладеш ва Покистонда диний таъқиблар туфайли Ҳиндистонга қочиб кетган ҳиндулар, парсилар, сикхлар, буддистлар, жайнлар ва насронийларга Ҳиндистон фуқаролигини беради.

Моди ҳукумати қонун 2019 йил декабрь ойида қабул қилинганидан кейин Нью-Деҳли ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари бўлиб ўтгани сабабли уни татбиқ эта олмаган эди. Бир неча кун давом этган тўқнашувларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, юзлаб кишилар яраланди.

Инсон ҳуқуқлари ва мусулмон гуруҳларининг фикрича, қонун Ҳиндистонда истиқомат қилувчи 200 млн мусулмонга нисбатан дискриминацияга олиб келиши мумкин. Баъзилар ҳукумат баъзи чегара штатларида ҳужжатсиз мусулмонларни фуқароликдан маҳрум қилиши мумкинлигидан қўрқишмоқда.

Ҳукумат баёнотида "қонун ҳақида кўплаб нотўғри тушунчалар" борлиги ва уни татбиқ этиш COVID-19 пандемияси туфайли кечиктирилгани таъкидланди.

Шунингдек, ҳукумат мусулмонларга қарши кайфият ёйилаётганини рад этиб, бу қонун мусулмонлар яшовчи мамлакатларда таъқибга учраган озчиликларга ёрдам бериш учун зарурлигини қайд этди.

Моди 2014 йилда ҳокимият тепасига келганидан буён иқтисодий ўсиш, инфратузилмани ривожлантириш ва тажовузкор ҳинд миллатчилигини таъминлаб, ўз позициясини мустаҳкамлади. Ижтимоий сўровлар май ойида бўлиб ўтадиган умумий сайловларда кўпчилик ўринни эгаллаши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.