28.03.2024 12:29

Ҳиндистон роҳинжа қочқинларини депортация қилишни режалаштирмоқда

Ҳиндистонда мьянмалик роҳинжа қочқинлари депортация хавфига дуч келишмоқда, деб ёзмоқда TRT. 8 март куни Ҳиндистон шимоли-шарқидаги Манипур штати ҳукумати роҳинжа қочқинларини депортация қилиш ҳақида буйруқ берди. Штат губернатори Бирен Сингх ижтимоий тармоқларда унинг ҳукумати “Ҳиндистонга ноқонуний кирган” қочқинларнинг саккиз кишилик биринчи гуруҳи депортация қилинишини билдирди.

Мьянма ҳукумати бу борада Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгач, депортация жараёни тўхтатилди. Бироқ роҳинжалар бу вақтинчалик муаммо, деб қўрқишмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Манипур ҳукумати роҳинжаларга қарши кураш бошлаганидан уч кун ўтиб, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳукумати қўшни давлатлардан таъқибга учраган озчиликларга Ҳиндистон фуқаролигини беришни кўзда тутган фуқаролик тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бироқ ҳужжат фақатгина 2015 йилгача Покистон, Бангладеш ва Афғонистондан Ҳиндистонга келган ва диний таъқибларга учраган олти диний озчилик - ҳиндулар, сикхлар, буддистлар, жайнлар, парсислар ва насронийларга фуқаролик беради.

Ҳужжат имкониятларидан фойдаланувчилар рўйхатига ўз ватанларида зўравонликка учраган мусулмон жамоалар, жумладан, Покистондаги Аҳмадия жамоати аъзолари, Афғонистондаги шиа ҳазоралари ёки Мьянмадаги роҳинжалар киритилмаган.

“Биз ҳам, фуқаролик бериладиган яна уч давлат фуқаролари каби диний таъқиблар қурбонимиз. Буддистлар ҳукмрон бўлган Мьянмада ҳам биз озчиликмиз. Аммо Ҳиндистон ҳукумати биздан фақат мусулмон бўлганимиз учун ташвишланаётгани йўқ”, — дея роҳинжалик фаоллардан иқтибос келтирди !Ал-Жазира!.

Роҳинжалар Мьянмадаги асосий мусулмон этник озчиликдир. Мамлакат ҳукумати уларни фуқароликдан ва асосий ҳуқуқлардан маҳрум қилган.

2017 йилда мамлакат ҳукумати “геноцид нияти” билан ҳарбий кампания бошлаганидан кейин 750 мингдан ортиқ роҳинжа Мьянмани тарк этишга мажбур бўлган. Роҳинжалар асосан Бангладеш жанубидаги қирғоқларга кўчиб ўтди ва бу минтақани дунёдаги энг катта қочқинлар лагерига айлантирди. Кўпчилик қўшни Ҳиндистонга ҳам қочиб кетди.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги маълумотларига кўра, Ҳиндистонда Мьянмадан келган қарийб 79 минг қочқин, жумладан, роҳинжалар яшайди, уларнинг 22 мингга яқини БМТ қочқинлар агентлигида рўйхатдан ўтган.

Ҳиндистон қочқинларнинг ҳуқуқлари ва давлатнинг уларга нисбатан мажбуриятларини белгилаб берувчи 1951 йилги БМТнинг Қочқинлар бўйича конвенциясини имзолаган эмас. Мамлакатда қочқинларни ҳимоя қилувчи қонун ҳам мавжуд эмас. Танқидчилар Моди ҳукуматидан таъқибга учраган мусулмон озчиликларни фуқаролик тўғрисидаги қонундан чиқариб ташлагани учун ғазабланиб, бу қонунни мусулмонларга қарши стереотипларни тарғиб қилишга қаратилган икки томонлама стандарт деб атади.

Танқидчилар буни Ҳиндистонда келаси ойда бошланадиган умумий сайловлар билан боғлиқ, дейди. Ўтган ҳафта ҳукумат Олий судга роҳинжаларнинг Ҳиндистонда яшашга асосий ҳуқуқи йўқлигини маълум қилди. Судья Колин Гонсалвес ҳукуматнинг позициясини қоралади ва депортацияларни тўхтатишни чақирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.