18.06.2025 11:50
29
Ҳиндистон Покистонга оқаётган сувни ўз ҳудудига йўналтирмоқчи
Ҳиндистон Покистонга оқиб ўтадиган учта дарёнинг “ортиқча суви”ни ўзининг Панжоб, Харяна ва Ражастхан штатларига йўналтирмоқчи. Бунинг учун 113 километр узунликдаги канал қуриш ишлари олиб борилмоқда.
NDTV'нинг хабар беришича, лойиҳа 1960 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида имзоланган Ҳинд дарёси сувлари тўғрисидаги келишув доирасида амалга оширилади. У Желум, Ченаб ва Ҳинд дарёлари сувидан “самарали фойдаланишга” қаратилган. Айни пайтда Ҳиндистон бу дарёлар сувининг катта қисмидан фойдаланмайди. Чунки уларнинг табиий йўналиши мамлакат учун “кам фойдали” бўлган траектория бўйлаб ўтади.
Лойиҳада “ортиқча сув”ни чиқариб юбориш учун янги каналлар қуриш кўзда тутилган. Ички ишлар вазири Амит Шоҳ энди Покистон “бир томчи сувга зор бўлишини” таъкидлади.
У Ҳинд дарёси сувлари уч йил давомида Ганганагар шаҳрига йўналтирилишини маълум қилган.