01.01.2024 12:11

Японияда 7,4 ва 5,2 баллик зилзилалар цунами келтириб чиқарди

Япониянинг Хонсю оролида жойлашган Ишикава префектурасида зилзила содир бўлди, дея хабар бермоқда Kyodo news мамлакат метеорология агентлигига таяниб.

Дастлабки маълумотларга кўра, зилзила кучи 7,4 баллни ташкил қилган. Япония миллий шкаласига кўра, зилзила максимал 7 баллга баҳоланган. Ерости силкинишлари Токиода ҳам сезилди, дея қайд этди Japan Times. АҚШ Геология хизмати сейсмик ҳодиса магнитудаси 7,5 деб баҳолади. Зилзила эпицентри Анамитсу шаҳридан (Ишикава префектураси) 43 км узоқликда, 10 км чуқурликда жойлашган.

Яна бир зилзила Ниигата префектураси қирғоқларида содир бўлди, унинг магнитудаси, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 5,2 ни ташкил этди.

Шу муносабат билан Хонсюнинг ғарбий қирғоғида цунами хавфи эълон қилинди, Ишикава учун башорат қилинган тўлқин баландлиги 5 метргачани ташкил этмоқда. Ишикава, Ниигата, Тояма ва Ямагата префектуралари аҳолисига қирғоқбўйи ҳудудларини имкон қадар тезроқ тарк этиш тавсия этилди.

Ижтимоий тармоқларда маҳаллий аҳоли биринчи кучли тўлқинлар қирғоқларга етиб келганини хабар қилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.