Япония мусулмон сайёҳлар учун эшикларини очмоқда
Япония ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда ҳалол саноатни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб, мусулмон туризмини ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам бермоқда. Япония сайёҳлик агентлиги хорижлик сайёҳларнинг диний эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда турли менюлар ишлаб чиқиш ва намоз ўқиш жойларини ташкил этиш борасида ҳудудларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширди, деб ёзади The Sun нашри.
Ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун маҳаллий ҳокимият органлари, туризмни бошқариш ташкилотлари, ресторан ва меҳмонхоналар Япония ҳукумати билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Жумладан, Осакада сумо мавзусига бағишланган янги кўнгилочар зал мавжуд бўлиб, у ерда ташриф буюрувчилар собиқ профессионал сумо курашчиларининг чиқишларидан баҳраманд бўлишлари мумкин, шунингдек, бу ерда жойлашган ресторанда ҳалол ва вегетариан таомлар ўрин олган таомнома мавжуд.
Машҳур манеки-неко ҳайкалчаларига бағишланган Окаяма музейи ҳудудида эса ҳалол сертификатига эга озиқ-овқат корхоналари билан биргаликда, намозхона ҳам очилди.
Кумамото префектураси табиий иссиқ булоқлар ва курортлари билан машҳур бўлиб, бу ерда биринчи ҳалол сертификатига эга рёкан (японча меҳмонхона) очилди.