12.08.2024 08:34

Ямандаги сув тошқинлари қурбонлари сони 61 кишига етди

Яманнинг марказий Мариб вилоятида якшанба куни кучли ёмғир ва кучли шамол чодирларини уриб юбориши оқибатида тўрт нафар ички кўчирилган одам ҳалок бўлди ва кўплари яраланди.

БМТ маълумотларига кўра, июль ойи охиридан бери Яманда кузатилаётган кучли ёғингарчиликлар ва сув тошқинлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 61 кишига етган. Жумладан, якшанба куни кучли ёмғир ва шамол туфайли ички кўчирилганлар яшаб турган чодирлар қулаши оқибатида 4 киши ҳаётдан кўз юмган, кўплари яраланган.

Аҳоли Мариб шаҳридаги “Жав ан-Насим” лагеридаги вайрон бўлган уйлар, вақтинчалик бошпана ва электр узатиш линиялари миноралари тасвирларини ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Уларда лагернинг бир қисми кучли шамол туфайли қарийб бутунлай вайрон бўлганини кўриш мумкин.

Унга қадар, якшанба куни БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Яманда кучли ёмғир ва сув тошқинлари 34260 та уйга катта зарар етказгани, 57 киши ҳалок бўлгани ва 16 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берган эди.

Хусусан, 28 июлдан 9 августгача Яманнинг ғарбий Ҳудейда вилоятида 31 киши ҳалок бўлган ва 6042 та оила, шимолий Ҳажжа вилоятида 2 753 оила жабрланган ва иккита ўлим ҳолати қайд этилган, шимолий Саада вилоятида эса иккита ўлим ҳолати рўйхатга олинган, 3451 та оила жабрланган. Жанубдаги Таиз вилоятида эса 15 киши ҳалок бўлди, 6494 хонадон жабрланди.

Яман миллий метеорология маркази якшанба куни Яманнинг тоғли ҳудудлари ҳамда ғарбий ва жанубий ҳудудларида кучли ёғингарчилик, сув тошқини ва кучли шамоллар бўлишини башорат қилиб, бутун мамлакат бўйлаб яманликларни сув оқимларига киришдан огоҳлантирди.

Шу билан бирга, Яман ҳукумати якшанба куни халқаро ҳамжамиятга мамлакатдаги минглаб тошқин қурбонларига ёрдам бериш, автомобиль йўллари ва Яманнинг тўрт вилоятида хизматларни тиклашга кўмаклашиш сўралган мурожаатини янгилади.

Яман президентлик раҳбарияти кенгаши раиси Рашад Ал-Алимий АҚШнинг Ямандаги элчиси Стивен Х. Фейгин билан учрашувда мамлакат Ҳажжа, Ходейда, Таиз ва Мариб вилоятларида сув тошқинлари оқибатида етказилган зарарларни бартараф этиш учун зудлик билан инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлигини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.