15.03.2024 11:29

Яманда кучли ёғингарчилик туфайли 6,5 мингдан зиёд оила бошпанасиз қолди

Яманнинг марказий қисмидаги кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари туфайли 6 мингдан ортиқ оила Мариб шаҳрини тарк этди. Бу ҳақда Яман ҳукуматининг Кўчирилганлар лагерлари департаменти ҳисоботида айтилади, дея хабар бермоқда Anadolu.

Ҳисоботга кўра, табиий офат 204 та қочқинлар лагери ва кўчирилган ҳудудлардаги 6495 оилага зарар етказган.

Департамент одамларга озиқ-овқат, бошпана, кийим-кечак, гигиена воситалари ва чидамли чодирларга муҳтожлигини таъкидлади.

Ямандаги 4,5 миллион ички қочқиннинг 2 миллиондан ортиғи Марибда бошпана топган.

Ямандаги фуқаролар уруши ва гуманитар инқироз

Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар 2014 йил сентябридан буён пойтахт Сана ва минтақанинг бир қисмини назорат қилмоқда.

Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучлари эса 2015 йилнинг март ойидан бери ҳусийларга қарши курашда Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келади.

Тўқнашувлар натижасида 377 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Фуқаролар уруши дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бирида ўткир гуманитар инқирозни келтириб чиқарди ва кундан-кунга кучайиб бормоқда.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси маълумотларига кўра, 23,4 млн яманлик инсонпарварлик ёрдамига муҳтож – бу Яман аҳолисининг 73 фоизини ташкил қилади. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли 4,3 млн киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.