09.08.2024 14:35

Суданда ёғингарчилик ва сув тошқинлари қурбонлари сони 77 кишига етди

Сўнгги уч кун ичида Суданнинг Нил дарёси вилоятида содир бўлган сув тошқинлари оқибатида 34 киши ҳалок бўлди, яна 588 киши жароҳатланди, дея хабар беради Судан Қизил Ярим Ой жамияти.

24 104 та уй тўлиқ, 8016 уй қисман вайрон бўлган, дейилади хабарда.

Шимолий вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси сўнгги уч кун ичида кучли ёмғир ва сув тошқини туфайли 11 киши ҳалок бўлган ва 86 киши жароҳатланганини қайд этди.

Салбий оқибатлар вилоятдаги 2385 та уйга таъсир кўрсатди, уларнинг 2488 таси қисман, 346 таси тўлиқ вайрон бўлди.

Мамлакатда июнь ойидан бери кучли ёмғир ва сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 77 нафарга етди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Судандаги гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси мамлакатни қамраб олган кучли ёғингарчиликлар сабаб бўлган сув тошқини оқибатларидан 73 минг киши зарар кўргани, 14 минг уй қисман ёки тўлиқ вайрон бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда Суданнинг 18 вилоятидан 11 тасида сув тошқинлари кузатилмоқда, 21 370 киши уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Судан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 5 август куни маълум қилишича, июнь ойидан буён мамлакатнинг етти вилоятида кучли ёмғир ва тошқинлар оқибатида 32 киши ҳалок бўлган, яна 107 киши жароҳатланган.

Суданда июлдан октябргача кучли ёғингарчилик, сел ва тошқинлар ҳар йили 100 дан ортиқ одамнинг ўлимига, ўн минглаб уйлар, иш жойлари ва экин майдонларининг зарарланишига сабаб бўлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.