12.10.2024 16:48

Геосиёсий кескинликдан Миср иқтисодиёти қандай зарар кўрмоқда?

Ҳозирги кунда Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинликдан бевосита жиддий зарар кўраётган давлатлардан бири Мисрдир. Ливанда “Ҳизбуллоҳ” бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилиши, Теҳронда эса ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳанияга нисбатан суиқасд уюштирилиши ортидан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) яҳудий давлатига қарата 200 га яқин баллистик ракета отди. Оқибатда бутун Яқин Шарқ кенг кўламли уруш ёқасига келиб қолди.

Мисрнинг эҳтиёткорлиги ва мувозанатли сиёсатига қарамай, Қоҳира турли йўналишларда бир қатор хавф-хатарлар ва йўқотишларга дуч келмоқда. Миср етказилган умумий зарарнинг асосий қисмини ўзининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб қоплаши мумкин, бироқ эҳтимолий оқибатлар бундан ҳам каттароқ бўлиши мумкин. Зеро, можаро томонлари аллақачон белгиланган “қизил чизиқ”ларни кесиб ўтган. Айни пайтда Исроилнинг Эронга жиддий жавоб зарбаларини бериши кутиляпти.

Минтақада содир бўлаётган воқеалар Миср манфаатларига бевосита зиддир. Мамлакат шимолий-шарқда Ғазо, жанубда Судан, ғарбда Ливия ва шарқда Қизил денгиз сингари беқарорлик ҳудудлари ўртасида қолиб кетган. Қизил денгизда Яман Ҳусийларининг Исроил портлари сари йўл олган ёки қайсидир маънода ишғолчи давлатга алоқадор юк кемаларига ҳужумлари халқаро юк ташиш ҳажмига салбий таъсир қилиб, Сувайш канали даромадлари камайишига олиб келди.

Яқинда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Қизил денгиздаги танглик сабаб унинг мамлакати 6 млрд доллардан кўпроқ зарар кўрганини маълум қилди. Блоомберғга кўра, Қизил денгиз ва Ўрта ер денгизини боғловчи канал орқали бутун дунё савдосининг 12 фоизи юритилиб, дунёдаги юк контейнерларининг қарийб 30 фоизи ташилади.

2022-2023 йилда Миср Сувайш каналидаги юк транзитидан 9,4 млрд доллар фойда кўрган. Мутахассислар мамлакатга чет эл валютаси кириб келишининг камайиши Миср иқтисодига жиддий зарба бўлишини айтишмоқда. Қайд этилишича, канал тушумлари сўнгги 19 йилги энг паст даражага тушиб кетиб, қарийб 65 фоизга қисқарган.

Миср Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида даромад тахминан 870 млн долларни ташкил этди: ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даври (2,5 млрд доллардан кўпроқ)га нисбатан сезиларли пасайишдир.

Можаро қанча узоқ давом этса, йирик компаниялар кемаларининг Қизил денгиздан Яхши Умид бурнигача бўлган йўналишни ўзгартириш эҳтимоли шунча юқори бўлади. Бу, шунингдек, Сувайш каналида кемаларга хавф туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай муаммоларни бартараф этиш мақсадида янги денгиз йўлларини очиш бўйича глобал тенденсияни кучайтириши мумкин.

Ўтган йили декабр ойида Россия президенти Владимир Путин ҳам “[Атлантика ва Тинч океанларини боғловчи] шимолий денгиз йўли орқали юк ташиш Сувайш каналига қараганда анча самаралироқ бўлиб бораётгани”ни айтган эди.
Жорий зиддият нафақат савдони издан чиқармоқда, балки туризмнинг пасайишига ҳам олиб келяпти. Шунингдек, товарлар, хизматлар ва ёқилғи нархларининг ошиши ҳар ой импорт қийматининг кўтарилишига сабаб бўлди. Миср кўплаб стратегик товарларни, жумладан, нефт, газ, темир, буғдой, маккажўхори ва дори-дармонларни хориждан импорт қилади.

Теҳрон ва Тел-Авив ўртасидаги кескинлик Қоҳирани Исроил газидан маҳрум қилиши мумкин. Бундай ҳолат мамлакатда электр таъминотидаги узилишларга олиб келади ва туризм, меҳмонхона ва кўнгилочар хизматлар сифатига жиддий таъсир қилади. 

Авиакомпанияларнинг Миср ҳаво ҳудудларини четлаб ўтиши вазиятни яна-да оғирлаштиради.
Минтақадаги геосиёсий кескинликнинг яна бир оқибати нефт нархининг ошишидир.

Бу Эроннинг Исроилга ҳужумидан сўнг Брент хомашёси бўйича фючерс шартномалари нархининг тахминан беш фоизга қимматлашишида намоён бўлди. Агар можаро кенгайиб, Эрон нефт иншоотлари нишонга олинса, нархлар яна-да кўтарилиши мумкин.

Бундан ташқари, Ғазодаги уруш иккинчи йилга ўтаркан хавфсиз сармояга бўлган талабнинг ошиши туфайли олтин нархлари ҳам кўтарилмоқда. Бу омиллар, умуман олганда, Мисрда инфляция даражасини оширади ва бозорлардаги юқори нархлар тўлқинини юзага келтиради.

Воқеалар ривожи мамлакатдан хорижий капиталнинг чиқиб кетиши, инвесторларнинг Миср бозорига инвестиция киритишдан бош тортиши ва ливанлик қочқинлар оқими ортишидан дарак бермоқда.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Яқин Шарқда кучайиб бораётган инқироз Миср ва Иордания каби давлатларни қамраб олишидан огоҳлантирди.

Уруш минтақавий миқёсда кенгайса, БМТ Тараққиёт Дастури башоратларига кўра, Мисрнинг эҳтимолий йўқотишлари Сувайш канали ва туризм секторидан олинадиган даромадларнинг камайиши ҳисобига 13,7 млрд долларга етиши мумкин.

Июль ойида Халқаро валюта жамғармаси Ғазодаги уруш ва Қизил денгиздаги вазиятнинг кескинлашуви сабабли жорий молия йилида Миср иқтисодиётининг ўсиш прогнозини апрел ойидаги 4,4 фоиздан 4,1 фоизгача пасайтирди.

Бошқа томондан, Ливанда 3 минг кишининг жароҳатланиши ёки ўлимига сабаб бўлган пейжерларнинг портлаши Миср хавфсизлиги учун кўплаб саволлар ва муаммоларни пайдо қилмоқда.

Гап шундаки, Миср армияси учун алоқа воситалари ва киберхавфсизлик тизимларини яҳудий давлати томонидан молиялаштириладиган АҚШ ва Европадаги компаниялардан сотиб олишга мажбур. Arab Defence сайтининг хабар беришича, бу компаниялар орасида ҳарбий-саноат мажмуасида етакчи бўлган, Исроил армиясини махсус ускуналар ва алоқа тизимлари билан таъминлайдиган Франсиянинг Thales компанияси ҳам бор. Айнан шу компания Миср армиясига ҳам алоқа тизимлари ва кузатув радарларини етказиб беради. Шу нуқтаи назардан, Мисрда мобил телефон фойдаланувчиларига таъсир қилувчи шунга ўхшаш хавфсизлик бузилишлари ҳақидаги хавотирлар мантиқан асослидир.

Миср бош вазири Мустафо Мадбулий ҳам бу ҳақда сўз очиб, “ҳукумат Ливандаги воқеаларни синчиклаб ўрганиб, муайян сабоқлар олгани”га ишора қилди.

Аноним манбаларга кўра, пейжер портлашлари минтақадаги мамлакатларни, хусусан Мисрни ўз киберхавфсизлик стратегияларини қайта кўриб чиқишга ундаган. Айниқса, келажакда электромобиллар ёки электрон қурилмаларни нишонга олиши мумкин бўлган бу турдаги ҳужумларнинг такрорланиш эҳтимоли долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Валид Ҳажжож Қоҳира ва “Халқ” каналида эфирга узатилаётган “Ҳадис ал-Қоҳира” дастурига телефон орқали боғланиб, электромобилларни масофадан туриб бошқариш мумкинлиги сабабли уларни тузоққа айлантириш хавфи ҳақида огоҳлантирди.

Шундай қилиб, Миср минтақадаги хавфсизлик ва ҳарбий вазиятнинг ёмонлашуви туфайли барча соҳаларда катта йўқотишларга учрамоқда. Бу улкан йўқотишлар унинг молиявий ва иқтисодий имкониятларини чеклайди, миллий хавфсизлиги ва стратегик манфаатларига таҳдид солади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.