13.03.2025 07:47
Ғазога кўз тикканлар: уни қайта тикламоқчи бўлаётганлар ўзи нимани исташяпти?
Куни кеча Доҳада АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Бретт Уиткофф Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Иордания ва Миср ташқи ишлар вазирлари билан учрашди.
Музокараларда Ғазо секторини тиклаш бўйича араб режасини амалга ошириш, уни бошқариш учун маъмурий қўмита тузиш ва тикланиш жараёнини тезлаштириш механизмлари муҳокама қилинди.
Мазкур учрашувда Фаластин Озодлик Ташкилоти Ижроия қўмитаси бош котиби Ҳусайн аш-Шайх ҳамда Қатар ва Миср вакиллари ҳам иштирок этди.
Расмийларнинг таъкидлашича, тиклаш режалари Ғазода вайрон бўлган уйлар, мактаблар, касалхоналар ва бошқа муҳим инфратузилмани қайта қуришга қаратилган. Иқтисодий шароитларнинг яхшиланиши ижтимоий барқарорликка ижобий таъсир кўрсатиши айтиб ўтилган.
Бевосита АҚШнинг кўмаги ва ҳарбий қўллови эвазига вайронага айланган Ғазони қайта тиклаш ортидан қандай манфаатлар кўзланганлиги тушунарли. Бироқ, фожеалар марказига айлантирилган Фаластин ерлари ҳануз таҳдид остида.
Уларни аввал харобага айлантириб, сўнгра ўз шартлари билан тиклашга уринаётганларнинг асл ниятлари тобора шубҳали кўринмоқда. Ғазо халқи ўз мустақил келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга ва бу ҳуқуқни ҳеч бир сиёсий манфаат поймол қилмаслиги керак.