Ғазодаги ҳужумларда ҳалок бўлганлар сони 18 минг, яраланганлар 50 мингга яқинлашди
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Ашраф ал-Қудра матбуот анжуманида Исроилнинг давом этаётган ҳужумлари ҳақида маълумот берди.
Кудра 7 октябрдан бери ҳаётдан кўз юмганлар сонининг 17 997
нафарга, ҳужумларда яраланганлар сонининг эса 49 229 нафарга кўтарилганини
билдирди.
Жумладан,
Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги Исроил ҳарбий самолётлари Рафаҳ шаҳрининг
Тел эс-Султон маҳалласидаги уйни бомбардимон қилганини билдирди. Ҳужумда 6 нафар
фаластинлик, уларнинг аксарияти болалар, оламдан ўтди, кўп сонли одам тан
жароҳати олди.
Нусейрат қочқинлар лагеридаги уйга уюштирилган ҳужумда эса 3 нафар бола, жами 5 киши ҳалок бўлди. Дейр эл-Белаҳнинг Эл-Басса минтақасига уюштирилган ҳужумда яраланганлар бор.
Шу билан бирга, ишғол остидаги Ғарбий Соҳил ва Қуддусда 7 октябрдан бери Исроил кучлари ва яҳудий кўчманчилар томонидан уюштирилган ҳужумларда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 274 нафарга етди.