17.01.2024 16:29

Покистон Эрондаги элчисини чақириб олди

Эрон томонидан ўз ҳудудига ракета зарбалари берилгани ортидан Исломобод Теҳрондаги элчисини чақириб олди, дея хабар бермоқда Yeni Safak нашри Покистон ТИВ хабарига таянган ҳолда.

“Кеча тунда Эроннинг Покистон суверенитетини асоссиз ва қўпол равишда бузиши халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг мақсад ва тамойилларини бузиш ҳисобланади. Ушбу ноқонуний ҳаракат мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас ва ҳеч қандай асосга эга эмас. Покистон ушбу ноқонуний ҳаракатга жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Натижалар учун жавобгарлик тўлиқ Эрон зиммасига тушади”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ушбу хабар Эрон ҳукуматига етказилган. Шунингдек, айни дамда Эронда бўлиб турган Эроннинг Покистондаги элчиси ҳали қайтмаслиги айтилган.

Бундан ташқари, Покистон ва Эрон ўртасида давом этаётган ёки режалаштирилаётган барча олий даражадаги ташрифларни тўхтатиб туришга қарор қилинди.

Anadolu агентлигининг Покистон разведкасидаги манбаси Балужистон вилоятига уюштирган ҳужумига жавоб беришнинг барча имкониятлари кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Манбалар Покистоннинг Эрон ҳужумига шошқалоқлик билан муносабат билдирмаганини, бироқ 2019 йил февралида Балакот ҳужумига жавобан Ҳиндистонга берилган жавобга ишора қилиб, Исломободнинг “жавоб бериш” борасида яхши эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Покистоннинг Эрон билан чегарадош Балужистон вилоятида жойлашган “Жайш ал-Адл” (“Адолат армияси”) террорчилик гуруҳининг асосий базасига баллистик ракета ва учувчисиз самолётлар ёрдамида ҳужум уюштирган эди. Покистон томони ушбу ҳужумда 2 бола ҳалок бўлгани, 3 бола жароҳатланганини маълум қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.