27.07.2024 09:59
ЕИ Россиянинг 1,5 млрд евросини Украинага ажратди
Жума куни Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан олинган даромад ҳисобидан биринчи 1,5 млрд евро ажратилишини эълон қилди.
Май ойида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россия Марказий банкининг музлатилган активлари ҳисобидан миллиардлаб еврони Украинани қуроллантириш ва урушдан кейинги реконструкция ишларини молиялаштириш учун ишлатишга келишиб олган эди.
ЕИ 2022 йилда Украинага бостириб кириши сабабли Москвага киритилган санкциялар доирасида Россия марказий банкининг музлатилган 200 миллиард еврога яқин активларини музлатиб қўйган эди.
Европа Иттифоқида музлатилган маблағларнинг қарийб 90 фоизи Белгиянинг Euroclear халқаро депозит ташкилотига тегишли.
“ЕИ Украинани қўллаб-қувватлайди. Бугун биз Россиянинг иммобилизация қилинган активларидан олинган 1,5 миллиард еврони Украинани мудофаа ва реконструкция қилишга ўтказмоқдамиз”, — деди Европа Иттифоқи президенти Урсула фон дер Ляйен.
"Украинани ва бутун Европани яшаш учун хавфсизроқ жойга айлантиришда Кремл пулидан яхшироқ рамз ва яхшироқ фойдаланиш имконияти йўқ", – дея қўшимча қилди у.
Пул музлатилган Россия маблағларидан олинган фоизлардан келади, музлатилган маблағларнинг ўзидан эмас.
Брюссел пулнинг 90 фоизи Европа тинчлик жамғармаси деб номланувчи Украина учун қурол-яроғ тўлаш учун фойдаланиладиган марказий фондга йўналтирилишини айтди.
Қолган 10 фоизи эса, мамлакатни тиклаш эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Украина учун алоҳида ЕИ жамғармасига йўналтирилади.
Украина бош вазири Денис Шмихал Европа Иттифоқига кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
“Фон дер Ляйен ва Европа Иттифоқига доимий қўллаб-қувватлаганингиз ҳамда Украинани мудофаа ва қайта қуришга қўшган муҳим ҳиссангиз учун ташаккур”, – деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.
Ўз навбатида, Россия бу ҳаракатни қоралаб, уни "ноқонуний" деб таърифлади.
“Бу, албатта, Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган бундай ноқонуний қарорларга жавобан ўйланган ҳаракатлар учун сабабдир”, – деди Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга.