02.02.2024 01:25
1503

ЕИ давлатлари Украинага қўшимча 50 миллиард евролик ёрдам бўйича келишиб олди

Европа Иттифоқи Украинага ўз бюджетидан 50 миллиард евро миқдорида қўшимча ёрдам пакетини келишиб олди. Бу ҳақда Европа кенгаши президенти Шарль Мишель Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“Биз келишувга эришдик. Барча 27 етакчи Украинага Европа Иттифоқи бюджети доирасида 50 миллиард евро миқдорида қўшимча ёрдам пакети бўйича келишиб олди. Бу Украина учун барқарор, узоқ муддатли ва башорат қилинадиган молиялаштиришни таъминлайди”, — деди у.

Мишель Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашда етакчилик ва масъулиятни ўз зиммасига олишини таъкидлади. "Биз нима хавф остида эканлигини биламиз", деб қўшимча қилди у.

Украина президенти Владимир Зеленский, ўз навбатида, Шарль Мишель ва ЕИ раҳбарларига “Украина учун 2024–2027 йилларга мўлжалланган 50 миллиард еврогача бўлган молиявий восита – Ukraine Facility учун” миннатдорчилик билдирди.

“Бу қарор барча 27 етакчи томонидан қабул қилингани жуда муҳим. Бу Европа Иттифоқининг қудратли бирлигини яна бир бор исботлайди. ЕИнинг Украинага молиявий ёрдамини давом эттириш бизнинг узоқ муддатли иқтисодий ва молиявий барқарорлигимизни мустаҳкамлайди, бу эса Россияга ҳарбий ёрдам ва санкция босимидан кам эмас”, — деб ёзди давлат раҳбари ижтимоий тармоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.