Дунёнинг тақдири ўзгарадими: Трамп инаугурация маросимида нималар деди?
20 январь куни Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти сифатида расман фаолиятини бошлади. У инаугурация маросида нутқ сўзлаб, президентлик даврида нималар қилишни режалаштираётганини қисқача таъкидлаб ўтди.
Трамп нутқидан иқтибослар
Токи
фарзандларимиз ва сиз муносиб бўлган кучли, хавфсиз ва фаровон Америка
қурмагунимизча тинчланмайман. Бу ҳақиқатан ҳам Американинг олтин асри бўлади.
Адлия
вазирлиги ва ҳукуматимиздан бузуқлик, шафқатсизлик ва адолатсизлик йўлида қурол
сифатида фойдаланиш тўхтатилади.
Ҳукуматимиз
ишонч инқирозига дуч келди. Кўп йиллар давомида радикал ва коррупциялашган
тузум фуқароларимиздан ҳокимият ва бойликни тортиб олди, шу билан бирга,
жамиятимиз устунлари қулатилиб, афтидан, бутунлай таназзулга юз тутди.
Энди эса ҳукуматимиз чет элларда узлуксиз давом этаётган
фалокатлар кетма-кетлиги қаршисида қолиб, бир вақтнинг ўзида ўз уйидаги оддий
инқирозни ҳам ҳал қила олмаяпти. Ҳукуматимиз улуғвор, қонунга итоаткор Америка
фуқароларини ҳимоя қила олгани йўқ, лекин мамлакатимизга бутун дунёдан
ноқонуний равишда кириб келган, қамоқхона ва руҳий касалликлар муассасаларига
тааллуқли, хавфли жиноятчиларга бошпана ва ҳимоя бермоқда.
Ёки Лос Анжелесни олайлик, бир неча ҳафта давомида фожиали
тарзда ёнаётган ёнғинларни кузатиб турибмиз, ҳеч қандай ҳимояга ишоралар йўқ. Ҳеч
ким бунга қарши ҳеч нарса қилолмаяпти. Ва бу ҳолат ўзгаради.
Соғлиқни сақлаш тизимимиз табиий офатларга бардош бера
олмаяпти, шу билан бирга, унга дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда кўпроқ
пул сарфланмоқда. Таълим тизимимиз эса фарзандларимизга ўзларидан уялишни, кўп
ҳолларда, биз жон-жаҳдимиз билан уларга беришга ҳаракат қилаётган
муҳаббатимизга қарамай, ўз мамлакатидан нафратланишни ўргатяпти. Буларнинг
барчаси бугундан бошлаб ва жуда тез ўзгаради.
Биз ватанимизни унутмаймиз. Конституциямизни ҳам, Худони ҳам
унутмаймиз. Бундай қилиш мумкин эмас.
Жанубий
чегарамизда фавқулодда ҳолат эълон қиламан. Барча ноқонуний киришлар зудлик
билан тўхтатилади ва миллион-миллион жиноятчи чет элликларни келган жойларига
қайтариш жараёнини бошлаймиз.
«Мексикада қолиш» сиёсатимни тиклаймиз. «Тутдик ва қўйиб юбордик»
амалиётига чек қўяман. Мен мамлакатимиз томон ҳалокатли бостириб киришни
тўхтатиш учун жанубий чегарага қўшин юбораман.
Картелларни
хорижий террористик ташкилотлар деб тан оламиз.
АҚШ
ҳудудига, жумладан, шаҳарларимиз ва ички шаҳарларимизда ҳалокатли жиноятчиликни
келтириб чиқарувчи барча хорижий тўдалар ва жиноий тармоқларни йўқ қилиш учун
буйруқ бераман.
Ер
юзидаги барча мамлакатлар орасида энг кўп нефть ва газ мавжуд ва биз бундан
фойдаланамиз. Нархларни пасайтирамиз, стратегик захираларимизни яна энг юқори
даражагача тўлдирамиз ва Америка энергиясини бутун дунёга экспорт қиламиз.
Бошқа
мамлакатларни бойитиш учун фуқароларимизга солиқ солиш ўрнига, фуқароларимизни
бойитиш учун хорижий давлатларга солиқ ва божлар соламиз. Хорижий
манбалардан ғазначилигимизга тушадиган жуда катта маблағлар бўлади.
Бугундан
бошлаб Қўшма Штатлар ҳукуматининг расмий сиёсати фақат икки жинс мавжудлигига
таянади: эркак ва аёл.
2017 йилдаги каби, биз яна дунё кўрган энг кучли армияни
қурамиз. Ўз
муваффақиятимизни нафақат жанглардаги ғалабаларимиз билан, балки тугаллаган
урушларимиз ва, эҳтимол, энг муҳими, ҳеч қачон қатнашмайдиган урушларимиз билан
ҳам ўлчаймиз.
Тез орада биз Мексика кўрфазининг номини Америка кўрфазига
ўзгартирамиз ва буюк президент Уильям Мак-Кинли номини Мак-Кинли тоғига
қайтариб берамиз.
Панама каналини Хитой бошқармоқда, биз эса уни Хитойга
бермагандик, Панамага бергандик ва энди уни қайтариб оламиз.
Биз биргаликда сурункали касалликлар эпидемиясига чек қўямиз
ва фарзандларимизни хавфсиз, соғлом ва касалликлардан холи тарзда сақлаймиз.
Қўшма
Штатлар яна ўзини бойлигимизни оширадиган, ҳудудларимизни кенгайтирадиган,
шаҳарлар қурадиган, умидларимизни оширадиган ва байроғимизни янги ва гўзал
уфқларга олиб чиқадиган мамлакат деб билади.
Америкалик
астронавтларни Марс сайёрасига юлдузли ва йўл-йўл байроқни ўрнатиш учун юбориб,
юлдузлар томон йўлни давом эттирамиз.