Друзлар Исроил вазирларини Голан тепаликларида ўлдирилган болаларнинг дафн маросимидан ҳайдаб юборди
Исроил томонидан босиб олинган Голан тепаликларида жойлашган Мажд ал Шамс шаҳридаги друзлар жамоаси 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган ракета ҳужуми қурбонлари дафн маросимида исроиллик вазирларнинг иштирок этишига норозилик билдирди, деб хабар берди Sabah нашри.
Исроил ҳужумни
Ливан Ҳизбуллоҳи билан боғлади, бироқ Ҳизбуллоҳ фожиага алоқадорлигини рад
этди. Молия вазири Безалел Смотрич дафн маросимига келганида, қурбонларнинг
қариндошлари уни маросимдан қувиб чиқара бошлашди.
“Бу ердан кет, жиноятчи. Биз сизни Голанда кўришни
хоҳламаймиз, - дея
қичқирди мотам тутувчилардан бири. Ҳукуматнинг бошқа аъзолари - атроф-муҳит вазири Идит
Силман, иқтисодиёт
вазири Нир Баркат ва энергетика
вазири Эли Коэн ҳам худди шундай
қарши олинди.
“Келманг. Ушбу масаланинг нозиклигини инобатга олиб, ушбу
фожиани сиёсий воқеага айлантирмасликни сўраймиз. Биз друзларнинг урф-одатлари
бўйича тинчгина дафн маросимини ўтказиш имкониятини беришни талаб қиламиз”, —
деб ёзади жамоа етакчилари Исроил ҳукуматига мурожаатида.
Друзлар –
аввал шиа мазҳабининг исмоилийлар тармоғига эътиқол қилган, аммо XI асрда улардан ажралиб чиқиб, алоҳида друзизм йўналишига
асос солган араблар бўлиб, улар сони дунё бўйича 1,5 миллион, Исроилда 150 минг
нафарга яқинни ташкил этади. 1957 йилда Исроил томонидан друзлар алоҳида диний
конфессия деб эълон қилинганидан сўнг жамоат етакчиларининг илтимоси билан друзлар
Исроил армиясида хизмат қилиш, Ксеннетга овоз бериш каби ҳуқуқларни қўлга
киритган.