23.03.2024 10:24

Британияда турмуш даражаси тушиб кетгани маълум қилинди

Muslim Aid халқаро мусулмонлар хайрия жамғармаси директори Халид Жавид Британияда қашшоқлик мисли кўрилмаган суръатда ўсаётганидан хавотирда, деб ёзди BBC. Унинг ташкилоти муҳтожларга бепул озиқ-овқат тарқатишга ихтисослашган.

Жавиднинг сўзларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки уч ойида жамғарма 60 мингдан ортиқ овқат ва озиқ-овқат посилкаларини тарқатган. Гарчи Muslim Aid ёрдамларни масжидлар орқали тарқатса-да, уларни олишга фақат мусулмонлар келмайди.

“Озиқ-овқат жамланмалари барча диндорлар ва динсизлар учун мўлжалланган”, - дейди Халид Жавид. Унинг фикрича, турмуш даражасининг рекорд даражада пасайишига инфляциянинг ўсиши ва пандемия оқибатлари сабаб бўлган.

Аҳоли даромади бўйича энг ноқулай ҳудуд Лондон шарқидаги Тауэр Ҳамлетс ҳисобланади. Бу ерда камбағаллик чегарасидан пастда яшайдиган болалар сони 47,5 фоиздан ошади, мамлакатда эса ўртача 33 фоизни ташкил этади.

ЮНИСEФ маълумотларига кўра, дунёнинг энг бой 40 мамлакати орасида болалар учун энг ёмон шароитлар Франция ва Британияда кузатилмоқда.

“Кўплаб одамлар ўзларига керакли ёрдамни ололмайдилар, шунинг учун улар бу ерга келишади. Уларнинг кўпчилиги ҳукуматдан кўра хайриячилардан кўпроқ ёрдам олишларини айтишади”, — дея хулоса қилади Жавид.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.