07.12.2023 14:41

ЮНИСEФ: дунёнинг энг бой мамлакатларидаги ҳар бешинчи бола қашшоқлик чегарасидан пастда яшамоқда

ЮНИСEФнинг чоршанба куни эълон қилган ҳисоботига кўра, 40 та энг бой давлатда 69 миллиондан ортиқ бола қашшоқлик чегарасидан пастда яшамоқда.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Франция ва Буюк Британиядаги болалар энг оғир аҳволда, деб ёзмоқда Arab News. 2012 йилдан 2014 йилгача ва 2019 йилдан 2021 йилгача қашшоқликда яшовчи оилалар сони тахминан 6 миллионга камайган бўлса-да, бу рақамлар хавотирлилигича қолмоқда.

“Кўпчилик болалар учун бу уларнинг етарли даражада тўйимли озиқ-овқат, мавсумий кийим-кечак, ўқув қуролларисиз улғайишини ёки иситилмайдиган уй-жойларда яшашини билдиради”, дейди ЮНИСEФ вакили Виктор Ниланд. У мазкур ҳолат ёшларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига путур етказишини қўшимча қилди.

Муаллифлар давлат раҳбарларини қашшоқликка қарши курашда сиёсий ирода кўрсатишга чақириб, мамлакатнинг бойлиги ва ривожланиш даражаси ўз-ўзидан барча фуқаролар тўкин-сочинликда яшашини англатмаслигини таъкидлайди. Масалан, Буюк Британияда 19,6 фоиз, Францияда эса 10,4 фоиз аҳоли камбағаллик чегарасида яшайди.

Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг оқ танли фуқаролари ҳамда бошқа ирққа мансуб инсонлар ва муҳожирлар ўртасида кучли тафовут борлигини таъкидлади. Мисол учун, АҚШда тубжой америкаликларнинг 29 фоизи ва афро-америкаликларнинг 30 фоизи, оқ танлиларнинг эса атиги 10 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди. Европа Иттифоқида эса муҳожирларнинг фарзандлари, ҳатто фуқароликни олган бўлсалар ҳам, ушбу мамлакатларнинг маҳаллий фуқароларига қараганда қашшоқлик чегарасидан 2,4 баравар кўпроқ қолишади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.