26.03.2024 08:40

БМТ ХК Рамазонда Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзоси доимий бўлмаган аъзолар - Жазоир, Эквадор, Гаяна, Япония, Мальта, Мозамбик, Жанубий Корея, Сьерра-Леоне, Словения ва Швейцария томонидан ишлаб чиқилган Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасига овоз берди.

Қарор лойиҳаси 14 та “ҳа”, 1 та “бетараф” овоз билан қабул қилинди. АҚШ овоз беришда бетараф қолди.

Узоқ давом этган музокаралардан сўнг резолюция лойиҳасида “доимий ўт очишни тўхтатиш” ибораси бўйича келишиб олинди. Охирги дақиқада АҚШ делегацияси резолюция лойиҳаси матнига «доимий» сўзини «ноаниқ» сўзи билан алмаштириб, ўзгартириш киритишни сўради. Тахминларга кўра, АҚШ шу йўл билан ўт очишни тўхтатиш жараёнига мослашувчанликни қўшган.

Россия томонидан таклиф қилинган, овоз беришдан олдин матнни асл шаклига ўзгартирган тузатишга Қўшма Штатлар вето қўйди.

7 октябрдан кейин БМТ Хавфсизлик Кенгаши илк бор Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди.

Рамазондаги сулҳ доимий сулҳга айланиши керак

Резолюцияда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластин масаласида шу пайтгача қабул қилинган резолюциялари эслатилиб, барча томонлар халқаро ҳуқуқ, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро инсон ҳуқуқлари қонунларига риоя қилишга мажбур экани таъкидланади.

Резолюцияда тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужумлар ҳамда барча террорчилик ҳаракатлари қораланган ва асирларни олиш халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилиши эканлиги қайд этилган.

Ҳужжатда Ғазо секторидаги оғир гуманитар вазиятдан чуқур хавотир билдирилган ҳамда Миср, Қатар ва Қўшма Штатлар томонидан олиб борилаётган дипломатик саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланган.

Резолюцияда “Рамазон ойида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, бу барча томонлар томонидан ҳурмат қилинадиган ҳамда доимий ва барқарор ўт очишни тўхтатишга, шунингдек, барча гаровга олинганларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга” чақирилиб, улар учун инсонпарварлик ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини яратишни талаб қилган.

Қарор томонларни асирга олинганларга нисбатан халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини бажаришга чақиради.

Резолюцияда Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш ҳажмини зудлик билан ошириш муҳимлиги таъкидланади ҳамда тинч аҳоли ҳимояси йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ва зарур инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш талаб этилади.

Қарорда вазият яқиндан кузатилиши таъкидланган.

АҚШ резолюцияси лойиҳаси

22 март куни овозга киритилган ҳамда Хитой ва Россия томонидан вето қўйилган АҚШ резолюция лойиҳаси 20 февраль куни музокаралар учун очилган эди. Резолюция лойиҳасида Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш гаровга олинганларни озод қилиш билан боғланган ва дипломатияни қўллаб-қувватлашга чақирилган.

АҚШ ўз лойиҳасида Фаластиннинг қаршилик кучлари ҳисобланган “ҲАМАС ва бошқа гуруҳларни  “террористик ва экстремистик” деб таърифлаган ва улар “Фаластин халқини ифодаламаслиги”ни таъкидлаган. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.