28.02.2024 07:50

Рамазонгача Ғазода сулҳ тузиладими?

АҚШ президенти Жо Байден душанба куни Ғазода сулҳ келаси ҳафтагача бошланишига умид билдирди. Ушбу баёнот Қатардаги музокаралар вақтига тўғри келди. Исроил эса ҲАМАС йўқ қилинмагунча урушни тўхтатмаслигини очиқ айтишда давом этмоқда. Рамазонгача Ғазода сулҳ тузиладими? 

Таъкидлаш жоизки, АҚШ президенти Жо Байден душанба куни Ғазода сулҳ келаси ҳафтагача бошланишига умид билдирган эди.

“Биз [сулҳга] аллақачон яқинмиз. Ҳали [музокараларни] тугатмадик. Умид қиламанки, келаси душанбагача сулҳга эришамиз”, - деди Байден журналистларга.

Аввалроқ Америка томони 10 март куни - Рамазон бошланишигача уруш ҳаракатларини тўхтатиб туриш бўйича келишувга эришиш учун қаттиқ интилаётгани, АҚШнинг юқори даражадаги расмийлари сўнгги ҳафта давомида бунинг устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди. АҚШ расмийларига кўра, оптимизм Қатар ва Исроил вакиллари ўртасидаги учрашувлардан сўнг пайдо бўлган.

Ўз навбатида, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ал Тани билан учрашган ҲАМАС раҳбари Исмоил Ҳания ўз гуруҳи урушни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини айтди ва Исроилни ғазоликлар қамалда ҳалок бўлаётган бир пайтда вақтни чўзаётганликда айблади.

Исроил ҲАМАС тўлиқ йўқ қилинмагунча урушни тўхтатмаслигини очиқ айтишда давом этаётган бўлса, ҲАМАС урушни тугатиш тўғрисида келишувсиз асирларни озод қилмаслигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамаси таклиф этилган келишув параметрларини муҳокама қилиш учун йиғилиб, келишувнинг техник жиҳатларини аниқлаштириш мақсадида кейинги маслаҳатлашувлар учун Қатарга чекланган ваколатли делегация юборишга келишиб олди. “Биз гаровга олинганларни озод қилиш бўйича яна бир доиравий келишувини тузиш, шунингдек, Рафаҳдаги ҲАМАС батальонларини йўқ қилишни якунлаш устида ишлаяпмиз”, деди Нетаняху шанба куни.

Исроил ва Америка матбуоти хабарларига кўра, янги келишув лойиҳаси, аввалги таҳрири каби, олти ҳафталик муддатга ўт очишни тўхтатишни кўзда тутади. Бу вақт ичида 35–40 нафар гаровга олинганлар - биринчи навбатда аёллар, болалар, қариялар ва ярадорлар озод қилинади. Бунинг эвазига Исроил 300 нафар фаластинлик маҳбусни, шу жумладан, асосан аёллар, вояга етмаганлар ва қарияларни озод қилади.

Бундан ташқари, Ғазо секторига тинч аҳоли учун инсонпарварлик ёрдами юкланган юзлаб юк машиналари киритилиши, низолашаётган томонлар узоқроқ сулҳ бўйича музокараларни давом эттиришлари режалаштирилмоқда, деди музокараларда иштирок этган ҳамда исми сир қолишни истаган мисрлик расмий Associated Press агентлигига. Хабар қилинишича, халқаро музокарачилар 10 мартда бошланадиган мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойигача сулҳга эришишга умид қилишмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.