07.10.2024 11:50

Бир йил ичида Исроил Ғазодаги нафақат фаластинликларни, балки атроф-муҳитни ҳам йўқ қилди

Ғазо секторига бир йилдан ҳужумлар уюштириб келаётган Исроил турли усуллар, жумладан, оқ фосфорли бомбалардан фойдаланган ҳолда инсонпарварлик инқирозини келтириб чиқариши билан бир қаторда, атроф-муҳитнинг кенг кўламда вайрон бўлишига ҳам сабаб бўлмоқда, деб ёзади Anadolu.

Исроилнинг 2023 йил 7 октябрь куни Ғазога уюштирган ҳужумлари натижасида 40 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, 100 мингга яқин киши жароҳатланди, минглаб одамлар гуманитар ташкилотлар томонидан қурилган чодирларда ёки бошпанага айлантирилган мактаб ва шифохоналарда яшашга мажбур бўлмоқда. Тинимсиз давом этаётган портлашлар гуманитар инқирозга қўшимча равишда, атроф-муҳитга зарар етказмоқда.

Ҳужумларнинг 200-кунида Исроил Ғазога 75 минг тонна бомба ташлагани эълон қилинди. Бу Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Хиросимага ташланган бомбалар ҳажмидан тахминан 6 баравар кўпдир.

Лондондаги Қиролича Мэри университети тадқиқотига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида Ғазодаги биноларнинг 54-66 фоизи шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган. Дастлабки 120 кун ичида, шу жумладан 2024 йил февралини ҳам ҳисобга олган ҳолда, Исроил ҳужумлари натижасида атмосферага 420 000 дан 652 000 тоннагача карбонат ангидрид эквиваленти чиқарилди, бу 26 мамлакатнинг йиллик карбонат ангидрид эмиссиясидан кўпроқ.

Ҳужумлар натижасида атроф-муҳитга зарар етказувчи энг муҳим омиллардан бири халқаро ҳуқуқ томонидан тақиқланган оқ фосфорли бомбалардан фойдаланишдир.

Amnesty International ташкилоти Исроил армияси Ғазонинг тинч аҳоли зич жойлашган ҳудудларида оқ фосфорли артиллерия снарядларини қўллаганини ҳужжатлаштирди ва кўплаб далилларни тақдим этди.

Тупроқ ва сувда узоқ йиллар қолиши мумкин бўлган оқ фосфор қисқа муддатда ўзи билан алоқага киришган ўсимликларни нобуд қилади, узоқ муддатда эса ўғит вазифасини бажариб, ўсимликлар, сув ўтлари ва йўсинларнинг ҳаддан ташқари ўсишига сабаб бўлади.

Сув инқирози тобора чуқурлашиб бормоқда

Исроил нафақат ҳарбий нишонларни, балки Ғазонинг муҳим инфратузилмасини ҳам нишонга олмоқда. Электр тармоқлари, сув қувурларига уюштирилган ҳужумлар натижасида Ғазода катта сув инқирози вужудга келди. БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (ЮНРВА) дастлабки 8 ойда ҳужумлардан сув ва санитария иншоотларининг тахминан 67 фоизи вайрон бўлгани ёки зарар кўрганини эълон қилди.

Oxfam халқаро ёрдам агентлиги томонидан июль ойида эълон қилинган "Сув ​​жиноятлари" ҳисоботига кўра, бир киши фавқулодда вазиятларда омон қолиш учун кунига 15 литр сув истеъмол қилиши керак бўлса, ғазоликлар еб-ичиш, тозалаш ва чўмилиш каби эҳтиёжларини қондириш учун 4,74 литр сувга эга. Исроил ҳужумидан олдинги давр билан солиштирганда, бу рақам ғазоликлар учун мавжуд бўлган сув миқдори 94 фоизга камайганини кўрсатади.

Исроилнинг Ғазо секторига сув етказиб беришни тўхтатгани сабабли оғирлашган сув муаммоси аҳолини ифлосланган қудуқ сувига таянишга мажбур қилмоқда. Ғазоликлар сув олиш учун соатлаб турган навбатларга қайта-қайта ҳужум қилган Исроил, жумладан, 2023 йил 17 октябрь куни сув идишлари билан уйига қайтаётган икки болани ўлдирди.

Чиқиндиларни йиғиб бўлмайди

Голландиянинг PAX for Peace нодавлат ташкилоти июнь ойида эълон қилган "Ғазода уруш ва чиқинди" ҳисоботига кўра, Ғазо сектори атрофидаги кўчалар ва далаларда камида 225 минг тонна қаттиқ чиқинди тўпланган. Чиқинди йиғиш воситалари ҳужумларда шикастланган ва Исроил Мудофаа Кучлари (ЦАХАЛ) чиқиндиларни йиғиш жойларига киришни тўсиб қўйган. Можаро бошлангандан бери аҳолининг 85% дан ортиғи кўчирилган Ғазода ҳужумлардан кейин биноларнинг 62% вайронага айланган ва биргина шаҳарнинг ўзида камида 100 минг тонна қаттиқ чиқинди тўпланган.

Эпидемик касалликлар хавфи

Тиббий чиқиндиларни утилизация қила олмаслик, кимёвий моддалар ва радиоактив моддаларнинг тупроққа ва ер ости сувларига чиқиши гепатит B ва C каби касалликларнинг тарқалишига олиб келмоқда. Кимёвий моддалар биринчи навбатда чиқиндихоналардан сув ва тупроққа тушади, кейин эса бу ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги фаолияти натижасида озиқ-овқат занжири орқали одамлар ва ҳайвонларнинг танасига киради. 2024 йил 4 март куни Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган баёнотга кўра, тахминан 2,3 миллион фаластинлик истиқомат қилувчи Ғазо секторида 1 миллионга яқин юқумли касаллик қайд этилган, даволаниш учун эса етарли тиббий муассасалар мавжуд эмас.

Вайронагарчиликнинг углерод юки

БМТ Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳужуми натижасида вайронагарчиликлар натижасида қолган 23 миллион тонна вайроналарни тозалаш йиллар талаб қилиши мумкинлигини маълум қилди. БМТга кўра, Исроилнинг Ғазога ҳужумлари пайтида 156,000 дан 200,000 гача иншоот, жумладан, фуқаролик уйлари, касалхоналар ва мактаблар шикастлангани ёки бутунлай вайрон бўлганини ҳисобга олсак, уларни қайта қуришда 46,8 миллиондан 60 миллион тоннагача карбонат ангидрид гази чиқарилишига сабаб бўлади. Бу 135 дан ортиқ мамлакатларнинг йиллик карбонат ангидрид эмиссиясидан ошади ҳамда Швеция ва Португалия эмиссиясига тенг.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.