06.08.2024 08:17

Бангладешда норозилик намойишлари: бош вазир мамлакатни тарк этди, оломон унинг қароргоҳини эгаллаб олди

Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина истеъфога чиқди ва қўшни Ҳиндистонга қочиб кетди, дея хабар қилди BBC. Мамлакат юзлаб одамларнинг ўлимига олиб келган оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Армия штаб бошлиғи генерал Вақер-Уз-Замон муваққат ҳукумат тузилишини маълум қилди.

Армия штаб бошлиғи генерал Вақер-Уз-Замон мамлакат аҳолисига қилган мурожаатида бош вазирнинг истеъфога чиққанини тасдиқлади.

Ҳасинанинг вертолётда хавфсизлиги таъминланиши ваъда қилинган қўшни Ҳиндистонга учиб кетгани айтилмоқда.

Вақер-уз-Замон муваққат ҳукумат тузилишини маълум қилди.

У президент Муҳаммад Шаҳобиддин билан учрашишини билдириб, мухолифатдаги сиёсий партиялар билан гаплашганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, ҳозирча ҳукуматни ким бошқариши номаълум.

Генерал, шунингдек, бутун Бангладеш халқи учун сўнгги бир неча ҳафтадан буён намойишчилар талаб қилиб келаётган адолат таъминланишига ваъда берди.

Душанба куни минглаб оломон бош вазирнинг Ганобхабанқароргоҳи, шунингдек, ички ишлар вазири Асадуззаман Хоннинг пойтахтнинг Дҳанмонди туманидаги қароргоҳига бостириб кириб, талон-торож уюштирган. Намойишчилар мамлакат парламенти биносини ҳам эгаллаб олди.

Якшанба куни полиция ва Шайх Ҳасинанинг истеъфосини талаб қилган намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда камида 90 киши ҳалок бўлди.

Ҳалок бўлганлар орасида 13 нафар полициячи ҳам бор. Улар Даккадан 100 км шимолда жойлашган Сиражганж шаҳридаги полиция бўлимига уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида мустақиллик уруши қатнашчилари оилаларига давлат хизматига ишга киришда 30 фоизлик квота ажратиш ҳақидаги ҳукумат қароридан сўнг мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишлари бошланиб кетди. Намойишлар 15 йилдан бери ҳукмронлик қилган ва охирги марта шу йилнинг январь ойида тўртинчи муддатга қайта сайланган Ҳасинани ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келди.

Оммавий намойишлар бошланганидан бери 280 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлардан сўнг, мамлакат Олий суди иш ўринлари квоталарини бекор қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.