Араб давлатлари лигаси Ҳизбуллоҳни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди
Араб давлатлари лигаси Ҳизбуллоҳ шиалар гуруҳини энди террорчи ташкилот деб ҳисобламайди. Бу ҳақда Al-Akhbar газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, Байрутда Араб лигаси бош котиби ёрдамчиси Ҳусам Заки қаршилик ҳаракати сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Раад билан учрашган.
"Лига Ҳизбуллоҳдан террорчи гуруҳ мақомини олиб ташлашга қарор қилди, чунки бу партия Ливаннинг ҳозирги сиёсати ва келажагида муҳим роль ўйнайди", – деган мисрлик дипломат.
Закининг Раад билан учрашуви 2016 йилдан бери – Саудия ташаббуси билан шиа гуруҳининг лига ташқи ишлар вазирлари қўмитаси томонидан террорчилик ташкилоти деб тан олинганидан сўнг биринчи марта ташкиллаштирилган. Ўшанда Ҳизбуллоҳ Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсирини кучайтиришда ҳамда Ироқ, Яман, Ливан, Сурия ва Форс кўрфазидаги араб давлатларининг ички ишларига аралашишда айбланган.
Байрутда журналистлар билан суҳбатда мисрлик дипломат ўз ташрифидан мақсад Араб Лигаси Бош котиби Аҳмад Абу ал-Ғайт номидан минтақа ҳамжамиятининг Ливан ва унинг халқи билан бирдамлигини ифода этиш эканини таъкидлаган.
“Жанубдаги ҳарбий кучайиш нафақат Ливанда, балки бутун Яқин Шарқда хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдиддир. Шу боис Ҳизбуллоҳнинг Исроил билан можароси кенгайишига йўл қўйиб бўлмайди”, – деган Заки.
У минтақада тинчликни таъминлаш учун барча томонлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюциясига риоя қилиши зарурлигини айтиб ўтган. Дипломатнинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият “Ғазо секторидаги шиддатли урушни тўхтатишга эришиши керак, бу эса Ливан жанубидаги қарама-қаршиликка ҳам тааллуқлидир”.
Араб Лигаси бош котиби ёрдамчиси, шунингдек, ливанлик сиёсатчиларни миллий манфаатларни шахсий амбициялардан устун қўйишга ва 19 ойдан бери лавозими бўшаб қолаётган республиканинг янги президентини сайлашга чақирган.