Афғонистон: Покистон барча ноқонуний афғон муҳожирларини депортация қилишни режалаштирмоқда
Покистон ҳукумати мамлакатда жойлашган барча ноқонуний афғон муҳожирларини депортация қилмоқчи. Бу ҳақда Афғонистоннинг Исломободдаги элчихонаси баёнотида айтилган.
Ҳисоботга кўра, сўнгги пайтларда Покистон пойтахти Исломобод
ва Равалпинди шаҳрида Афғонистон фуқаролари ҳибсга олиниб, тинтувлар ўтказилмоқда, уларга ушбу икки шаҳарни тарк этиш
ҳақида буйруқ берилган.
“Афғонистон фуқароларини ҳибсга олиш жараёни ҳеч қандай
расмий хабарномасиз амалга оширилмоқда. Афғонистоннинг Исломободдаги
элчихонасига ёзишмалар орқали ҳеч қандай расмий билдиришнома келмади”, —
дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Афғонистон элчихонаси ходимлари Покистон
расмийлари билан бу ҳаракатлар “якка ҳодисалар”ми ёки “оммага эълон қилиниши
керак бўлган расмий сиёсатнинг бир қисми”ми, аниқлик киритиш учун бир неча
учрашув ўтказган. Дипломатик миссия, шунингдек, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий
Комиссарлиги бошқармаси (UNHCR)
бу жараёндан хабардор эмаслигини таъкидлади.
“Охир-оқибат, Покистон ТИВ расмийлари барча афғон
қочқинларини нафақат Исломобод ва Равалпиндидан, балки яқин келажакда мамлакат
бўйлаб депортация қилиш бўйича аниқ ва якуний режа борлигини тасдиқлади”, —
дейилади баёнотда.
Айни пайтда Покистон расмийлари бу ташаббуслар ҳукуматнинг
расмий қарори эканини айтди. Расмийларга кўра, амалдаги визага эга афғонларга
Исломобод ва Равалпиндида яшашга рухсат берилади.
Хабар қилинишича, элчихона афғон фуқароларини мамлакатга
муносиб тарзда қайтариш масаласи устида ишламоқда ва вазият ҳақида ўз
ҳукуматини ҳам хабардор қилган.
UNHCR маълумотларига кўра, Покистонда тахминан 1 миллион 340 минг
афғон қочқин ва 468 минг 800 нафар ноқонуний афғон муҳожири бор. 2023 йилдан
буён 820 мингдан ортиқ афғон қочқинлари ўз юртларига қайтган.