600 дан зиёд чилилик юристлар Исроил бош вазири устидан даъво очди
Чилилик адвокатлар делегацияси 12 март куни Халқаро жиноий судга Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва бошқа Исроил расмийларига қарши Фаластин ҳудудида содир этилган жиноятлар учун даъво аризаси берди, дея хабар қилмоқда Anadolu.
Даъвони 620 нафар чилилик ҳуқуқ экспертлари, жумладан, сенатор
Франсиско Чажуан ва Испаниянинг Валенция университетидан Родольфо Марконе-Ло
Прести имзолаган. Бу ҳақда баёнотни имзолаганлардан бири, Чилининг
Иорданиядаги собиқ элчиси, асли фаластинлик Чили фуқароси Нельсон Ҳадад маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, даъвога Исроил расмийлари, жумладан, мудофаа вазири Йоав Галлант томонидан Ғазо
сектори ва Ғарбий Соҳилда, жумладан, Шарқий Қуддусда фаластинликларга нисбатан
геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятлари содир этилгани ҳақида
далиллар келтирилган.
Агентлик суҳбатдошининг таъкидлашича, делегация очиқ
манбалар ва оммавий ахборот воситаларидан суратлар ва далиллар, жумладан
“Исроилнинг бомбардимонлари натижасида ҳалок бўлган минтақада яшовчи
фаластинликларнинг қариндошларининг баёнотлари”ни тўплаган.
Ҳадад тақдим этилган фактлар орасида Исроилнинг тинч аҳолини
ўққа тутиши, Фаластин уйларини вайрон этиш, мулкларини мусодара қилиш ва исроиллик кўчманчиларнинг
фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари, шунингдек, БМТ ва бошқа
халқаро ташкилотлар ҳисоботлари ва хулосаларидан парчалар борлигини айтди.
Собиқ элчи Исроилнинг Фаластин аҳолисига қарши ҳаракатлари
этник тозалаш ва геноцидга тенг эканлигини таъкидлади.
“Ғазо - очиқ
осмон остидаги улкан қамоқхона. Унинг аҳолиси қашшоқлик, асосий эҳтиёжларга эга
бўлишдаги чекловлар
ва ишлаш ҳуқуқидан фойдаланиш учун Исроил расмийларидан рухсат олиш каби
муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммолар 7 октябрь воқеаларидан олдин ҳам бор
эди”, - деди у.
“Биз тинч аҳолига қарши жиноят содир этган сиёсий ва ҳарбий
арбобларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз. Биз тинч аҳолига қарши
содир этилган бу шафқатсиз жиноятлар учун адолатни истаймиз. Бу ерда иккита
урушаётган қўшин йўқ – мана битта армия Ғазони вайрон қилмоқда, Фаластин ҳудудларини аннекция
қилиш учун мустамлакачиларни жойлаштирган”, — деди собиқ дипломат.
У Исроил мудофаа вазири Галантнинг Ғазо секторида
фаластинликларнинг электр, сув, озиқ-овқат ва дори-дармонларга киришига атайлаб
тўсқинлик қилганини тан олган баёнотини эслади. "Бу очарчилик орқали
Фаластин халқини қисман ёки тўлиқ йўқ қилиш ниятини тан олишдир", - деди чилилик ҳуқуқшунос.
Унинг таъкидлашича, Чилида Фаластин ҳудудидан ташқаридаги
энг йирик Фаластин диаспораси жойлашган бўлиб, у 600 минг кишини ташкил қилади.
“Биз илдизларимизни эслаймиз. Биз Ғазо секторидаги ҳозирги драматик вазиятдан
хавотирдамиз ва шунинг учун 620 ҳуқуқшунос бу судга мурожаат қилиш учун
бирлашди. Биз адолат излаяпмиз”, - дейди у.
Ҳадад Исроилнинг Фаластинга нисбатан қилмишлари юзасидан Халқаро суд томонидан
тергов ўтказилишига умид билдирди. “Жазосизлик учун ўрин бўлмаслиги керак. Жиноятчилар
жазоланиши лозим.
Интерпол Нетаняху, Галлант ва бошқа (Исроил) мансабдор шахсларни ҳибсга олиш
учун ордер бериши ва улар Халқаро
суд ҳузурига чиқиши керак”, — деди собиқ элчи.
Родолфо Марконе-Ло Престининг сўзларига кўра, Чили
делегацияси Исроил томонидан Ғазо сектори ва босиб олинган Фаластин ҳудудларида
содир этилган геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятларига эътибор
қаратишга ҳаракат қилмоқда. “Ғазодаги вазият даҳшатли. Миллионлаб одамлар ўз
уйларини тарк этишга мажбур бўлдилар. Ғазо секторида содир бўлаётган бундай
вайронагарчиликлар бу асрда содир бўлаётганига ишона олмайман”, - деди у.
“Чилилик ҳуқуқшунослар инсон ҳуқуқлари учун курашга чуқур
ишонадилар. Фаластинликлар адолатга лойиқ. Бу глобал тинчлик учун жуда муҳим”,
- деди сенатор.
У, шунингдек, Халқаро суд далилларни таснифлаш ва қайта ишлашда дуч келадиган
қийинчиликларни таъкидлади. Украина бўйича тергов пайтида Россия расмийларига
нисбатан Халқаро суднинг
самарадорлигини эслатиб, у мавжуд вазиятни "камситиш ва икки томонлама
стандартлар" кўриниши деб атади.
Шу билан бирга, у келажакда Исроил бош вазири Нетаняху
фаластинликларга қарши жиноятлар учун жавоб беришига ишонч билдирди. “Бу қачон
содир бўлишини билмайман, лекин бир кун келиб Нетаняху жавобгарликка
тортилишига ишонаман. Мен ишонаманки, Фаластиндаги бу ақлбовар қилмас жиноятлар ва босқинчилик
тугайди Халқаро судда
адолат қарор топади”, — деди Прести.