14.11.2024 07:50

300 минг бола Ливандан Сурияга қочиб ўтди

Сўнгги етти ҳафта ичида 300 минг бола кучайиб бораётган кескин вазиятдан қочиб, Ливандан Сурияга кўчиб ўтди, дея хабар бермоқда Save the Children ташкилоти.

Аксарият болалар ёлғиз, ота-оналари ёки оилаларидан ажралган ҳолда йўлга чиққан бўлиб, яқинлашиб келаётган қиш, зўравонлик, озиқ-овқат танқислиги ва касаллик хавфи остида қолмоқдалар.  

Ҳисоб-китобларга кўра, Ливандан Сурияга кўчиб ўтаётганларнинг 70 фоизи сурияликлар, қолганлари ливанликлар ёки бошқа миллат фуқароларидир. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, тахминан 60 фоиз болалар ва ўсмирлар тиббий ёрдам, бошпана, озиқ-овқат ва сувга жуда муҳтож. 

Исроил Ливан жануби ва Байрутни бомбардимон қила бошлаганидан бери Ливанда камида 1,2 миллион киши, яъни умумий аҳолининг бешдан бир қисми бошқа жойга кўчирилди, шунингдек, 13 йил муқаддам ўз мамлакатларида содир бўлган можаролардан қочиб, Ливанда бошпана топган 1,5 миллион суриялик қочқинлар ҳам.

Ливанда турмуш ўртоғи ва икки ёш боласи билан яшаган 28 ёшли суриялик қочқин Майса яна зўравонликлардан қочишга мажбур бўлди ва Сурияга кўчиб ўтди. 

"Ливанда бошланган можаро бу даҳшатни ҳам олиб келди. Ҳар қандай ўқ кириб ўтиши мумкин бўлган чодирда яшар эканмиз, бомба ва ўқ отиш овозларидан даҳшатга тушдик. Бинолар вайрон бўлаётганини кўрдик, ҳайқириқларни эшитдик, бомбардимондан қочаётган одамлар, ҳеч қачон унутмайдиган даҳшатли воқеалар ва вазиятларга гувоҳ бўлдик", - деди у.

Энг ёмони, кўчирилган болалар ва уларнинг оилалари 13 йил давом этган можаролар, ундан кейинги гуманитар ва иқтисодий инқирозлар, шунингдек, бир йил аввал содир бўлган даҳшатли зилзиладан зарар кўрган, аҳолининг 38 фоизи жабрланган мамлакатга келишмоқда. Айни пайтда Суриянинг ўзида қарийб 16,7 миллион киши ёрдамга муҳтож. Бу аҳолининг 72 фоиздан ортиғи ва 2011 йилда инқироз бошланганидан бери энг юқори даража дегани. Ёрдамга муҳтожларнинг тахминан 45 фоизи болалардир.

"Кечаси жуда совуқ, болаларимни иситадиган ҳеч нарса йўқ. Ўғлим совуқдан касал, бутун вужудида грипп ва шамоллаш бор. Егулигимиз оз қолди", - дея тушунтирди Майса.

Save the Children Сурия ташкилоти директори Раша Муҳрезнинг таъкидлашича, Ливандан Сурияга келган бу болалар ва оилаларнинг кўпчилиги бир неча йил олдин қарама-қарши йўналишда худди шундай сафарни амалга оширган. Сурияда эса аксига олиб гуманитар вазият оғир, озиқ-овқат нархи ўтган йилга нисбатан қарийб икки баравар ошди ва энг кам иш ҳақи асосий озиқ-овқат саватининг атиги 16 фоизини қоплайди.  

“Айни пайтда Сурияда ўткир тўйиб овқатланмасликдан қийналаётган ярим миллион бола ҳаётини сақлаб қолиш учун егулик ва даволанишга муҳтож”, - деди у.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.