Америкалик сайловчиларнинг боши қотган: Трампми ёки Харрис?
Айни пайтда америкаликлар қийин танлов қаршисида туришибди. Сайлов жараёнида кўпчилик мусулмонлар “икки ёмондан бири”ни танлашга мажбур бўлишяпти. Баъзи фаоллар сайловчиларни Ғазодаги геноцидни қўллаётгани учун икки номзод – республикачилардан Дональд Трамп ва унинг рақиби демократлардан Камала Харрисга овоз бермаслик, аксинча “Яшиллар” партияси номзодини қўллаб-қувватлашга чақиришяпти. Бугунги кунда инглиззабон мусулмон фаолларининг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида ушбу фикрни илгари сураётганларини кузатишимиз мумкин. Хўш, нима учун АҚШ аҳолисининг катта қисми республикачилар ва демократлар номзодга овоз беришни истамаяпти ва бошқаларни ҳам шунга ундамоқда?
АҚШдаги
сайловларда бундай воқеаларнинг
юз бериши янгилик эмас. Тарихга назар ташласак ҳам америкаликларнинг
бу борада маълум қийинчиликларга дуч келганини тушунамиз. Дональд Трамп билан Камала Харрис ўртасидаги ҳозирги
рақобат бунинг давоми десак муболаға бўлмайди.
Кўпчиликнинг фикрича, АҚШ ташқи сиёсати, айниқса уруш ва тинчлик масалалари
президентни танлашда энг муҳим мезон бўлиши керак. Фуқаролик эркинликларига
ҳурмат эса иккинчи ўринда туриши лозим. Ушбу мезонлар инобатга олинса, Трамп ҳам, Харрис ҳам
юқори кўрсаткичларга эга
эмас.
Кўплаб реализм ва муроса тарафдорлари эса ҳанузгача Трамп келгусида оқилона ва эҳтиёткор ташқи
сиёсат юритади, деган
хомхаёлларига
эргашади. Трамп 2016
йилги сайловларда Жорж Буш ва Барак Обаманинг учинчи дунё мамлакатларини тўлақонли бошқариш
ҳаракатларини танқид қилгани учун
ҳам ўзи ҳақида бу каби тасаввурларни шакллантирган бўлса ажаб эмас.
Президентлик даврида эса Трампнинг ташқи сиёсати ҳамкасблариникидан деярли фарқ қилмаслиги маълум бўлди. Балки Эрон ва Хитойга
нисбатан унинг позицияси
янада кескинроқ бўлди, десак
тўғрироқ бўлади. Масалан, Трамп ўз маъмурияти томонидан Эрон генерали
Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишини катта ғурур билан таъкидлади.
Бундан ташқари, Демократик партия ва унинг оммавий ахборот
воситаларидаги иттифоқчилари собиқ
президентни Россия
етакчиси Владимир Путиннинг қўғирчоғи сифатида тасвирлашига қарамай,
АҚШнинг Россияга нисбатан сиёсати Трамп Оқ уйдалигида янада кескинлашди.
Бироқ Харриснинг мулойимроқ ташқи сиёсат юритишига умид қилаётганлар Трампни
қўллаб-қувватловчи реализм ва вазминлик тарафдорларидан ҳам кўпроқ “содда”лик қилаётган бўлишлари
мумкин. Ахир, у Фаластин
ва Украинадаги
қонли урушни дастаклаётган
маъмуриятнинг иккинчи шахси
эмасми!? Бу жараёнда Вашингтон Европа Иттифоқи иқтисодиётини
заифлаштирди ва НАТОнинг Россияга қарши кампаниясига қўшилишни рад этган
кучларга қарши чиқди. Айниқса,
Байден маъмуриятининг Исроилнинг фаластинликларга нисбатан геноцид урушида тўлиқ шериклик қилиши
АҚШнинг дунёдаги обрўсига
жиддий путур етказди.
Шунингдек,
Харрис аввалроқ Трампни
ҳатто Путин, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ёки бошқа автократлар билан
суҳбатлашишга тайёрлиги учун қоралаганди. Ваҳоланки, ҳатто Совуқ урушнинг энг оғир нуқтасида ҳам АҚШ
раҳбарлари Совет расмийлари билан музокаралар олиб боришган. Бугунги кунда бир
қатор катта
инқирозлар (жумладан, Корея ярим оролидаги кескинлик) АҚШнинг музокаралардан бош тортиши сабаб
кескин тус олиши мумкин.
Бундан ҳам ташвишланарлиси шундаки, Харрис сиёсий танқидчиларни, айниқса ташқи
сиёсат танқидчиларини таъқиб қилиш ва овозини ўчиришга кўп куч сарфлаган
маъмурият вакили саналади. Баъзида бу ҳаракатлар очиқчасига ва қўпол равишда
амалга оширилган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Байден-Харрис маъмурияти даврида
мунозаралар ва қарши фикрлар устидан 1950 йилларда сенатор Жо Маккарти давридан
бери кузатилмаган даражада совуқ
муносабат ўрнатилди.
Трамп эса ўзининг авторитар майлларини очиқдан очиқ намоён этяпти. У ўзига қарши бир
қатор суд ишларини уюштирган сиёсий рақибларидан ўч олишини яширмаяпти. Бир сафар Трамп ҳатто сиёсий кун
тартибининг муҳим қисмларини
амалга ошириш учун “бир
кунлик диктатор”
бўлишга ҳам тайёрлигини айтганди.
Шундай қилиб, жорий йилда сайловчиларни қийин танлов кутмоқда. Айниқса, Трамп ёки Харриснинг қай бири ташқи сиёсатда тинчликни ва ички сиёсатда
фуқаролар эркинлигини таъминлашини прогноз қилиш оғир масала.