Ўтган ҳафта бўлиб ўтган АҚШ президентлик сайловолди мунозаралари мусулмонларга яхшигина сабоқ берди. Бу бизга Вашингтоннинг Фаластин масаласида ҳар қандай инсоний қадриятларга тўғри келувчи, адолатли танлов қилиш имкони йўқигини фош этди. 2020 йилнинг январь ойида Жо Байден АҚШ президентлигини қўлга киритгач, Дональд Трампнинг сионистлар билан ош-қатиқлиги барҳам топаётгандек туюлганди. Ўшанда келгусида Тель-Авив демократлар раҳнамолигида фаластинликларни қирғин қилишига ҳеч ким ишонмасди. Бу эса ҳар қандай шиор остидаги босқинчилар қудратга келмасин мусулмонлар ўзининг асл тарихини унутмаслиги кераклигига яна бир ишорадир.


Яқинда Республикачилар номзоди ва собиқ президент Дональд Трампга қарши баҳсда вице-президент ва Демократлар номзоди Камала Харрис Байденни Трампдан яхшироқ кўрсатган ўша риторикани такрорлади.

“Исроил ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, аммо бу ерда энг муҳими – у ўзини қандай ҳимоя қилишидадир,” деди у. Харрис 7 октябрни сионистлар ҳужумининг бошланғич нуқтаси сифатида тилга олиб, ҳаммани чалғитишга уринди. У кўплаб бегуноҳ фаластинликлар ҳалок бўлганидан “қайғурди”, бироқ ўт очишни тўхтатиш масаласида барча АҚШ расмийларидек талмовсиради. Ушбу жараённи исроиллик гаровга олинганларнинг озод қилиниши билан боғлади. Президентликка номзод Исроил фаластинликларни ўлдиришга нуқта қўйиши, акс ҳолда инсон ҳуқуқлари ҳақида оғиз кўпиртирадиган Вашингтон Тель-Авивнинг “қулоғидан чўзиб қўйиши” ҳақида лом-мим дея олмади. 


Аслида, ҳар қандай геноцидни оқлаб бўлмайди. Шунга қарамай, сионистларнинг мусулмонларни қириғин қилиши 7 октябрь воқеалари сабаб эмас, балки Исроил Ғазони этник жиҳатдан тозаламоқчи бўлаётгани учун содир этилмоқда. Бу ўнлаб йиллардан буён давом этаётган мустамлакачилик зулмларига қарамай, фаластинликларнинг ўз эрки учун кураши ва матонати ортидан юз бермоқда. Ғазо – мусулмонларнинг босқинчиларга қарши кураши тимсолига айланди. Фаластинликлар ўлимга тик боқиб,  Исроил ва унинг кучли ҳамкорлари қўли билан қанчалик эзғиланмасин синмаган, сўнгги томчи қони тўкилгунича қаршилик кўрсатаётган ҳақиқий мусулмонлардир. Харриснинг бегуноҳ аёллар ва болаларнинг шафқатсизларча ўлдирилишига муносабати ҳам Исроилга ҳомийлик қилиш бўлиб, америкаликларнинг ҳақиқатни англашига тўсқинлик қилади. 


Шундай экан қайси жиҳатларда Харрис президент сифатида Трампдан яхшироқ вариант бўлиши мумкин? Агар иккаласи ҳам Исроилнинг Ғазодаги геноцидига чек қўйишни истамаса, иккаласи ҳам Исроилнинг "ўзини ўзи ҳимоя қилиши кераклиги" ҳақидаги чўпчакларини такрорлайверса, уларнинг бир-биридан қандай фарқи бўлиши мумкин?


Келгусида Оқ уй сиёсатида ҳар қандай ўзгариш юз берганда ҳам энди Исроил томонидан АҚШнинг тенг шериклиги билан ўлдирилган фаластинликларни ҳаётга қайтариб бўлмайди. 

Тарихга назар солсак, нафақат 7 октябрдан кейин тинч аҳолининг бомбардимон қилиниши, балки Исроил ташкил этилганидан кейинги бутун давр ишғолчиларнинг кечириб бўлмас қонли жиноятларига тўлиб-тошиб ётибди. Жумладан, бу жиноятларда АҚШнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Жумладан, АҚШ президентлари 1948 йил май ойида – ишғол давлати илк бор тан олинганидан буён Исроилга бемисл имтиёзлар бериб келмоқда.


Байден маъмурияти шу вақтгача Трампнинг Исроилга бир томонлама имтиёзларидан фойдаланиб, мустамлакачилик зўравонлиги ва АҚШ ҳамкорлигининг ўсиб бораётганини исботлади. Хўш, ушбу вазиятда Харрис фақатгина унинг асосий рақиби Трамп бўлгани учун яхшироқ вариант сифатида кўриладими? Агар Харрис ноябрь ойидаги сайловларда ғалаба қозонса, Трампдан юз ўгириб, Байденни қўллаб-қувватлашга шошилган мусулмонлар бунга қандай муносабат билдиради? Шунда улар геноцидни қўллаб-қувватловчи кучни маъқуллаган бўлиб қолмайдими? Харрис ҳам худди Трамп каби йўл тутиши кўпчиликка маълум-ку.


Харрис тарихнинг калтабин ва ноаниқ талқинини тарғиб қилмоқда. Тарихий алоқаларни рад этиш ва 7 октябрга боғланиб қолиш ҳар қандай президентликка номзоднинг Исроил манфаатларига хизмат қилишини билдиради. Бу Ғазодаги геноцидга бирдек хизмат қилишдир. Харрис яхшироқ муқобил эмас, у шунчаки Байден маъмуриятининг давомчиси десак тўғрироқ бўлади. Худди Трамп каби... Улар империалистик кайфиятдаги давлат мақсадларини амалга оширувчи сиёсий актёрлар холос.

Мавзуга алоқадор