Яқинда Қозоғистон “Толибон”ни террористик ташкилотлар рўйхатидан ўчиргани ҳақида хабарберган эдик. Мазкур чора тобора илиб бораётган Қозоғистон-Афғонистон муносабатларида янги босқични бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Озарбайжоннинг Haqqin.az сайти ушбу қарор юзасидан муносабат билдирар экан, Қозоғистоннинг “Толибон” билан яқинлашувида қайсидир маънода Ўзбекистоннинг бу борадаги “тажрибаси”га асосланганига урғу қаратиб ўтди. Қуйида муносабатни тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.

АҚШ Афғонистонни тарк этгач, унинг атрофида вакуум пайдо бўлди. Халқаро ҳамжамият бутун дунё учун кутилмаганда ҳокимият тепасига келган толиблар ушбу ҳокимиятни тарк этиши ёки ағдарилишини кутишни афзал кўрди. Кўринишидан, улар кутганидек бўлиб чиқмади.

Толибон ташқи ёрдам қарийб тўхтаб қолган шароитида гуманитар фалокат хавфини енгиб ўтишга муваффақ бўлди. Улар ўзларига душман бўлган ички мухолифат фаолиятини қисман зарарсизлантиришга муваффақ бўлишди. Энг муҳими, толиблар афғонларга ўзлари учун энг азиз ва орзу қилинган нарсани – тинчликни беришга муваффақ бўлишди. Чегарадан чиқишлар, ғарб назарида қинғир-қийшиқ, хунук бўлса ҳам тинч-хотиржам ҳаёт ўрнатилди.

Толибларнинг Марказий Осиёдаги қўшнилари мураккаб қарор қабул қилишларига тўғри келди: ё “прогрессив халқаро ҳамжамият”нинг 2021 йил августидан сўнг Кобул қўлга олиниши билан Афғонистон дунё кун тартибидан йўқолди ва ижтимоий ва иқтисодий муаммолари билан ёлғиз ўз ҳолича қолиб кетди, деган нуқтаи назарни қўллаб-қувватлаш. Ёки қандайдир тарзда толиблар билан муносабатларни ўрнатиш, бу ҳақда ким ва нима деб ўйлаётганига эътибор қилмаслик.

Бу борада Афғонистон билан 144 километрлик чегарага эга Ўзбекистон кашшоф бўлди. Унинг толиблар билан муносабатларни йўлга қўйишдаги муваффақиятли тажрибаси минтақада тўсатдан пайдо бўлган бозор ҳажмини юқори баҳолаган Қозоғистон учун намуна бўлди. Остона ва Тошкент бу имкониятни ҳам тўлақонли баҳолашди, ҳам қўлдан бой беришмади.

Афғонистон-Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажми 2023 йил якунлари бўйича 2 млрд долларга яқинлашмоқда. Остона ва Кобул ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми эса 1 млрд долларга етди.

Ўзбекистон экспорт салоҳиятини ошириш учун Термиз шаҳрида йиллик савдо айланмаси 500 млн долларни ташкил этадиган халқаро савдо марказини қуришни режалаштирмоқда. Қозоғистон эса Афғонистонда савдо уйини очиб, афғон тадбиркорлари билан 200 млн долларлик шартномалар тузди. Ушбу келишувлар, жумладан, минтақавий савдо-иқтисодий, телекоммуникация, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантиришни назарда тутади. Шунингдек, Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлини қуриш бўйича имзоланган йўл харитасини ҳисобга олган ҳолда Афғонистоннинг транзит салоҳиятидан фойдаланишни ҳам.

Остонанинг толиблар билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бу ҳаракатлари, қанчалик парадоксал кўринмасин, Марказий Осиёнинг Покистон ва Ҳиндистон билан имкон қадар фаол савдо қилишини, Россия билан эса камроқ савдо қилишини истайдиган Ғарб томонидан ҳам, Пекин томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Албатта, Остона-Тошкент-Кобул учбурчагида барча муносабатлар ҳам порлоқ ривожланаётгани йўқ. Аммо асосийси, улар динамик ривожланмоқда. Толиблар ҳукуматини якуний тан олиш ҳақида ҳозирча гап йўқ, Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Пекин ва қайсидир маънода Москванинг бу борадаги позициясини диққат билан кузатиб бормоқда, аммо бу борадаги барча тўсиқларни босқичма-босқич олиб ташлашмоқда. Нимадир содир бўлса ҳам, биринчилардан бўлишади.

Зуҳра Наврўзова

Мавзуга алоқадор