Тақиқланишга ким лойиқ? (видео)
Ислом ҳуқуқ тизимининг бошқа тизимлардан фарқи усулда унинг Мутлақ Олим бўлган Зотнинг илмига асосланганидир. Яъни, барча илмларнинг эгаси, ўта ҳикматли бўлган Аллоҳнинг чиқарган йўриғи шубҳасиз бехатодир, шубҳасиз манфаатлидир.
Бошқа ҳуқуқ тизимлар эса усулда турли нарсаларни, масалан урф-одат, монархнинг амри, депутатларнинг овози, давлат раҳбарининг иродасини асос қилиб олиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг муқаддимасида мамлакат қонунчилигида қандай принципларга асосланиши кўрсатилган. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунда эса, илмийлик асосий тамойиллар қаторида санаб ўтилган.
Яъни, Ўзбекистонда қабул қилинадиган ҳар қандай қонун ва қоидалар илмий асосланган бўлиши талаб этилади. Дарҳақиқат, илмий изланишлар натижасига таянадиган қонун-қоидаларгина жамиятга ҳақиқий манфаатни келтириши, “ура-ура”чилик, ёки қайсидир мутасаддининг “босавер, ўзим жавоб бераман!” деган талаби билан амалга оширилган ишлар реал ҳаётда ҳалокатли оқибатларни олиб келиши мумкин.
Яқин ўтмишимизда илмий асосланмаган ҳолда тақдим этилган ана шундай қонун лойиҳаларидан бири қандай муаммоларни келтириб чиқарганининг гувоҳи бўлгандик. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги моддалар юзасидан Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликлар ортидан депутатларга қарата: “Эътирозим, ўзларинг бош бўлиб, ўзларинг ташаббус билан чиқиб, ўзларинг қўл‑қўйиб, ўзларинг сўзга чиқиб, ўзларинг тасдиқлагансизлар. Мен ҳар сафар очиқманку! Нима сабабдан менга телефон қилмадинг, одамлар норизо ва ҳоказо", деб... Шунча қилган меҳнатимизни шарманда қилиш кимга керак!” деб муносабат билдирган эди.
Дарҳақиқат, қайсидир қонун ташаббускорларининг ўйламай, вазиятни илмий ўрганмай, оқибатларини ҳисобламай қилган ташаббуслари юртимизда қандай катта хавфни келтириб чиқарди.
Агар, ўшанда депутатлар ва қонун ташаббускорлари аҳолининг хоҳиш иродасини ҳақиқий илмий услубда, жамиятшунослик, сиёсатшунослик, психология каби фанларнинг мос илмий-тадқиқот усулларига таянган ҳолда таклиф киритганида, бундай катта муаммонинг олди олинган бўлар эди.
Бугун ҳам ижро органлари томонидан депутатлар эътиборига Конституциямиз билан кафолатланган миллий қадриятларимизнинг асоси бўлмиш диний тушунчаларимизни ўрганишни тақиқлаш ва жазолаш бўйича таклиф илгари сурилди.
Бу таклиф норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий принципи бўлган илмийликка қанчалик таянган. Бу таклиф “босвор онасини эмсин” деган принцип билан қилинмаётганига, балким халқимизнинг хоҳиш иродаси ва манфаатларини не чоғлик кўзлаганига, ким кафолат беради?
Фарзандларимиздан илмларнинг асоси, инсонийликнинг негизи, фитратимизнинг асли бўлган диний тушунчаларимизни бундай чеклашнинг оқибатлари ўрганилдими? Ушбу таклиф келажакда жамиятда қандай норозилик, ноқулайлик, худо кўрсатмасин, ундан катта муаммоларни келтириб чиқармаслиги таҳлил қилиндими?
Шундоқ ҳам, чуқур ўйланмаган ҳолда қабул қилинган, диний мазмундаги материалларни экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги қарорнинг нотўғри ижроси туфайли қанчадан-қанча бегуноҳ, ватанпарвар ва келажакка умидли ёшларимиз жарима тўлаб, Ватанидан кўнгли совиб улгурди? Қанчадан-қанча одамлар “биламиз, сизнинг материалларингизда ҳеч қандай муаммо йўқ, лекин қонун ишлаши керак” деган жавоб билан айбсиз айбдорларга айланди?
Мамлакатда нафақат болалар, балки катталарга ҳам бемалол диний таълим олишга бўлган тақиқлар эмасми, аслида ватанимизнинг минглаб болаларини Миср ва Туркия каби давлатларда сарсон саргардон бўлишига сабаб бўлган. Ўз юртида билим олган қайси бола чет элга кетади?
Бизнинг қудратли давлатимиз нари борса ўн, йигирма минг фуқарога сифатли, назоратли ва турли бузғунчи ғоялардан омонда бўлган диний таълимни таъминлаб беролмайдими? Ёки назоратчи ташкилотларнинг бунга салоҳияти етмайдими?
Бугунги кунимизда жамиятимизда энг катта ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётган, юз минглаб оилаларни ёстиғини қуритган, минглаб ёшларнинг бўйнини арқонга остирган, ўзи қонунан тақиқда бўлган қиморбозлик соҳасини тартибга солиш учун унга рухсат берилмаяптими? Бериляптику.
Нима сабабдан энди бетартиб диний таълимни тартибга солиш учун унга рухсат бермаймиз?
Умуман, мендан нимани тақиқлаш керак, кимни жазолаш керак ўзи, дейилганда илмий асосланмаган ҳолда қонунчиликка таклиф киритишни деган бўлардим. Шундай таклиф берган мутасаддиларни ва унга овоз берган депутатларни деб айтган бўлардим. Ахир, буни уларнинг ўзлари бош бўлиб, ўзлари ташаббус билан чиқиб, ўзлари қўл‑қўйиб, ўзлари сўзга чиқиб, ўзлари тасдиқлаяпти-ку! Уларнинг ўзлари жамиятда парокандалик, сансалорлик, тартибсизлик ва норозиликка сабаб бўляпти-ку! Масъулият ана шулар зиммасида бўлиши керак эмасми? Тақиқланишга уларнинг бу хатти-ҳаракатлари лойиқ эмасми?
© Тарих ва сиёсат