Сўнгги пайтларда Россия компаниялари МДҲдан ташқари мамлакатлардан ишчиларни қидириш бўйича фаоллигини сезиларли даражада оширди. Деярли барчани ҳайратда қолдирган нарса – меҳнат захираларининг ҳатто Африкадан ҳам жалб қилингани! Бундан ташқари, ушбу жараён бир неча йил олдин бошланган ва фақат жадал ривожланмоқда.

РБК сўровига кўра тақдим этилган НeadHunter йирик рекрутинг компанияси таҳлилига кўра, Кения Қора қитъадан меҳнат муҳожирларини жўнатиш бўйича етакчи мамлакат ҳисобланади. У ерда узоқ шимолий давлатга боришга тайёр номзодлар учун бўш иш ўринлари жорий йилнинг январь-июнь ойларида 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3842 фоизга (39(!) марта) ошган. Ундан кейин Зимбабве (+1400%/15 марта) ва Камерун (+829%/9 марта) турибди. Бўш иш ўринлари сонининг кескин ўсиши Замбия (+700%/8 марта) ва Жазоирда (+575%/7 марта) ҳам қайд этилган.

Мутахассисларнинг фикрича, африкаликлар асосан қурилиш ва паст малакали ишчи кучи талаб қилинадиган бошқа соҳаларга жалб этилмоқда.

"Африкалик меҳнат муҳожирлари меҳнат бозорида мутлақо бошқа ўринларни эгаллашади: баъзилари аслида жуда паст малакали касбларда, масалан, қурилишда, омборларда, қишлоқ хўжалигида ишлайди", - дейди Россия Олий иқтисодиёт мактаби Миллий тадқиқот университетининг Африка тадқиқотлари маркази эксперти Всеволод Свиридов. Аммо "йирик Россия компанияларида юқори бошқарув лавозимларида" ишлаётганлар ҳам бор. Бундан ташқари, 2024 йилда Россия компаниялари биринчи марта Непал, Барбадос, Малави, Сьерра-Леоне, Габон ва Марказий Африка Республикасида ҳам бўш иш ўринларини жойлаштирди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, биринчи ярим йилликда санаб ўтилган мамлакатларда бўш иш ўринларининг умумий сони қарийб 300 тага етган.

Россияга миграция географияси Африка давлатларини ҳам қамраб олиши мумкинлигини аввалроқ Россия Фанлар академияси Демографик тадқиқотлар институти директори Марина Храмова башорат қилган эди. Шунингдек, у келажакда Таиланд ёки Филиппин каби Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан мигрантлар Россия меҳнат бозорига жалб этилиши мумкинлигини тан олди.

Фото: РИА «Новости»

Шри-Ланкадан келган муҳожирлар ҳақида аллақачон маълум. Москва Ҳинд океанидаги олис орол аҳолисини тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, шунингдек, мамлакат жанубидаги қишлоқ хўжалиги саноатига жалб қилмоқчи. Уюшган тарзда ишга қабул қилиш  таклифи хизматлар тўплами - рус тилини ўргатиш, тиббий ёрдам, суғурта, лингвистик ва ҳуқуқий қўллаб-қувватловни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, Украинадаги уруш, ксенофобик кайфиятнинг кучайиши ва Крокусдаги терактдан кейин хавфсизлик кучларининг алоҳида эътибори туфайли юзага келган барча муаммоларга қарамай, Марказий Осиё давлатларидан оқим тўхтаётгани йўқ. Масалан, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирийнинг айтишича, ҳатто тожиклар учун “ўз ватанларидан” кўра “санкциялар остидаги Россия, урушдаги Россия” афзалроқ.

У Россиянинг Душанбедаги бош консуллиги маълумотларига ишора қилар экан, Украинадаги қарама-қаршилик бошланишидан олдин ҳар куни 400 дан ортиқ тожикистонлик Россия фуқаролигини олгани, ҳозир эса бу кўрсаткич 600 га етганини таъкидлади. Сиёсатчининг сўзларига кўра, “меҳнатга лаёқатли мамлакат аҳолисининг ярмини мигрантлар ташкил этади”. Россиядан ташқари дунёнинг ҳеч бир давлатида меҳнат бозори бунчалик кўп талабгорни қабул қила олмайди.

Россияни муҳожирлардан «оқлаш»!

Шу фонда кузатувчилар Россия хавфсизлик кучларининг мигрантларга қарши кескин тарафкашлигини ғалати ҳолат сифатида қайд этишмоқда. Гап, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатларидан ташриф буюрувчиларга қаратилган алоҳида эътибор ҳақида кетмоқда.

Хусусан, Москва яқинидаги полиция ходимларига минтақани мигрантлардан «тозалаш» вазифаси юклатилди. Долгопрудний шаҳар ҳокими иштирокида ўтказилган ҳайъат йиғилишида Ички ишлар вазирлигининг вилоят бўйича ходими айнан шундай деди. Подполковникнинг (исм-шарифи айтилмаган) нутқи акс этган видео унинг, юмшоқ қилиб айтганда, ғалати луғатдан фойдалангани туфайли ижтимоий тармоқларда ҳиссиётлар бўронига сабаб бўлди.

“Бизнинг бевосита бошлиғимиз Виктор Кузмич Пауков бу ҳудуд президент, ички ишлар вазирининг алоҳида назоратида эканини таъкидлади. Асосий вазифа, у [Ички ишлар вазирлигининг вилоят бўйича Бош бошқармаси бошлиғи] айтганидек, Москва вилоятининг чет элликлар ҳисобига «қораймаслиги»(!) учун «оқлаш»(!)дир”, - деди полициячи. Қизиғи шундаки, йиғилганларнинг ҳеч бири бу сўзларга эътироз билдирмади.

«Оқартириш» чақириғи Россиянинг бошқа чеккасида аллақачон тилга олинган. Владивостокда "келгиндиларнинг ўринларини бир оз кўрсатиб қўйиш" учун Украинадаги урушнинг собиқ қатнашчиларидан иборат 300 кишилик отряд тузилган. Губернатор Олег Кожемяко келгусида Приморьенинг бошқа шаҳарларида ҳам полиция ёрдамчилари патрулларини ташкил этиш режалаштирилаётганини яшириб ўтирмади. «Йўлбарслар» деб аталган ва махсус кучлар каби оғир ўқ-дорилар билан таъминлашга ваъда қилинган «дружинниклар» 70 минг рубль миқдорида маош олишади.

Фото: «Спутник»

«Русские общины» бир неча йиллардан бери ушбу форматда ярим расмий равишда ишлаб келмоқда. Матбуот уларнинг саъй-ҳаракатлари ва ноқонуний деб эълон қилинган мусулмон ибодатхоналарини ёпишда хавфсизлик кучларига ёрдами ҳақида кўп ёзган.

Мусулмонларнинг ибодатхоналари масаласи РФ Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келаётган миграция контекстида шахсан жиддий ташвишга солмоқда. Яқинда у очиқчасига мусулмонларнинг "ибодат уйлари" очилишини Россияда "ҳудудни жисмоний эгаллаб олиш", "нафақат мафкура, балки аниқ объектлар" деб атади. Шу билан бирга, у ўзга «маданият» деб ҳисобланган нарсага қарши курашишга бошқа бўлимларнинг тўсқинлик қилаётганидан шикоят қилди. “Улар бекор қилади ва мен ишларни қайта бошлашни буюраман. Баъзан 3-4 мартагача давом этади... Қанчалик шиддатли эканини биласиз, - деди у «прокурорлар» билан "кураш тактикаси" ҳақида.

Набиуллина бонг уради

РФ Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллинанинг жорий йил июль ойи охирида регулятор директорлар кенгаши йиғилишидан сўнг ўтказган матбуот анжуманида Россия миграция сиёсатининг ғалати ва ноаниқлигига ойдинлик киритди. Мамлакат иқтисодиётидаги оғир вазият ҳақида гапирар экан, меҳнат захиралари ва ишлаб чиқариш қувватлари “деярли тамом бўлгани”ни яна бир бор таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодиёт ҳозир "ҳаддан ташқари қизиб кетиш" ҳолатида, унинг кўлами камида сўнгги 16 йил ичида рекорд даражага етган.

Набиуллина ўтган йили Давлат Думасида сўзлаган нутқида ҳам Россия иқтисодиёти учун асосий муаммо кадрлар етишмаслиги эканлигини таъкидлаганди. Мамлакат меҳнат ресурслари деярли тўлиқ ишга туширилди, деганди у. Россия корхоналарининг қарийб 70 фоизи, Марказий банк сўровларига кўра, кадрлар етишмаслигини қайд этганди.

“Асосий муаммо пул етишмаслигида эмас, балки ишчи кучи етишмаслигида. Айтганча, биз буни корхоналарнинг сўровларида кўрамиз. Бу ҳақда айтиш мумкин бўлган асосий шахс - корхоналарнинг ўзлари. Корхоналар эса, биринчи навбатда, кредит етишмаслиги ҳақида эмас, талабнинг етишмаслиги ҳақида эмас, балки ишчи кучи етишмаслиги ҳақида гапиришади", - деган Набиуллина 13 мингта компания ўрганилганига аниқлик киритганди.

Бошқа томондан, Кремль спикери Дмитрий Песков ҳам Набиуллинанинг фикрларини такрорлайди. Унинг сўзларига кўра, Россияда туғилиш даражаси 1,4 ёки мамлакат келажаги учун «ҳалокатли» даражада. Бу 17 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлиб, ёш аёллар сонининг камайгани ва меҳнат бозоридаги ноаниқлик билан изоҳланган.

Фото: FairySoft

Бу ерда мантиқ борми?

Кимдир Марказий Осиёдан келган кадрларни Африка ва Осиёдан келганлар ҳисобига «суюлтириш»ни ўйлаётган бўлса ҳам, қўшимча ишчиларга бўлган эҳтиёж ҳал қилувчи омил бўлиб қолаверади. Шубҳасиз, РФ миграция сиёсатига таъсир қилувчи асосий омил, бу – одамларга бўлган кучли эҳтиёж.

Бу ҳолат Украинадаги уруш ва Ғарб санкциялари шароитида янада кучаймоқда. Зеро маҳаллий мутахассислар нафақат уруш жабҳаларига жўнатилмоқда, балки улар сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг оммавий равишда мамлакатни тарк этишни ҳам бошлади.

Аммо мигрантлар меҳнат фронтидан ташқари ҳақиқий фронтга ҳам жалб қилинмоқда. Нафақат Марказий Осиё фуқаролари, балки узоқ хорижий мамлакатлардан келганлар ҳам. Хусусан Ҳиндистон ва Шри-Ланка расмийлари Москвадаги олий даражадаги учрашувлар чоғида Украинадаги урушдан ўз фуқароларини қайтариш масаласини кўтариб чиқишган.

Бошқа томондан, амалдорлар жамиятдаги жиддий аксилмуҳожир кайфияти, Украина ва унинг атрофидаги вазият ҳамда Ғарб билан қарама-қаршилик туфайли кучайиб бораётган ўта ўнг гуруҳлар босимини эътиборсиз қолдира олмайди. Қўшни давлат билан уруш бошланганидан кейин кўп йиллар давомида милитаристик ва очиқ шовинистик туйғулар сублимацияси (ҳимоялаш – тарж.) давом этди, вазият кескин ёмонлашди. Аммо омма Ғарб ва "украин нацистлари" билан бир қаторда, ўзига яқинроқ, тушунарлироқ ва узоқ вақтдан бери салбий қарашлари шаклланганларга - Марказий Осиёдан келган муҳожирларга, кавказликларга, мусулмонларга ғазабларини сочмоқда.

Миграция соҳасидаги бу ҳолат арғимчоқ билан қиёсланади. Кўп жиҳатдан, у ўз-ўзидан ривожланади ва бутунлай қарама-қарши характердаги қарорлар билан тавсифланади. Афтидан, ҳозирги шароитда Россияда қарор қабул қиладиганлар буни ягона эҳтимолий стратегия деб билишади. Бундан ташқари, ҳеч йўқса қисқа ва ўрта истиқболда унинг самарадорлигини инкор ҳам этиб бўлмайди.

Манба: Yeni Şafak

Мавзуга алоқадор