Туркияда кириш визаси эвазига Франция ташқи разведкаси фойдасига жосуслик қилган уч нафар суриялик қўлга олинди. Улар Туркияга қарши сохта ҳужжатлар тайёрлаш ва Туркиянинг миграция сиёсати ҳақида хорижий разведка идораларига маълумотлар тақдим этиш билан шуғулланган.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди. Суҳбат чоғида, жумладан, сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик ва Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Россия-Украина можароси пайтида 23 минг киши бедарак йўқолган, охирги икки йил давомида қўмитага бедарак йўқолган қариндошларини қидириш бўйича оилалардан 115 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушганини маълум қилди.
Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва Ғазо секторида содир бўлаётган воқеалар “уруш эмас, геноцид” эканини айтганидан сўнг Исроил томонидан “персона нон грата” деб эълон қилинди. Бразилия Тел-Авивдаги элчисини “маслаҳатлашувлар” учун пойтахтга чақирди.