15.07.2025 14:01
59

Халқ иродаси синовдан ўтган тун: Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш воқеаларига 9 йил тўлди

2016 йил 15 июль куни Туркия тарихидаги энг оғир синовлардан бири – халқ иродасига қарши қилинган тўнтариш уриниши юз берди. Аммо бу уриниш фақат ҳарбийлар билан давлат ўртасидаги тўқнашув эмас, балки миллатнинг ўзи демократияни қўли, тани ва жони билан ҳимоя қилган, буюк жасорат намоён этилган кеча бўлди.

Бу кунда миллионлаб одамлар қўлларида юрт байроғи билан кўчаларга чиқиб, сайланган ҳукумат, давлат конституцияси ва халқ иродаси учун танкларнинг тагига ётиб, ўз жонларини фидо қилишга тайёр эканликларини намоён этдилар. Улар ўша тун ҳақиқатга, адолатга ва миллий қадриятларга суяндилар.

Президент халқ билан елкадош бўлди

Президент Ражап Тоййиб Эрдўғон туннинг дастлабки соатларидаёқ халққа мурожаат қилиб, барчани кўчаларга чиқиб, демократияни ҳимоя қилишга чорлади. Бу одатий сиёсий чақириқ эмас, балки бутун бир миллатнинг мустақил келажаги учун курашни бошлаб берувчи даъват эди. Мамлакат бўйлаб бутун жоме масжидлар минораларидан салавотлар янграй бошлади. Бу фавқулодда вазият содир бўлганининг ўзига хос эълони эди. 

Бу воқеа шуни исботлади: Туркияда халқ иродасини куч билан ағдариш даври ортда қолди. Миллат энди ўз танловини фақат сайлов орқали, қонун асосида ифода этади ва бу йўлдан қайтмайди.

Давлат ичида тозалаш ва ислоҳотлар бошланди

Тўнтариш уриниши фақат ташқи хавф эмас, балки давлат ичидаги яширин хавфларни ҳам очиб ташлади. Ушбу уринишнинг ортида тураркан, ўзини диний ҳаракат деб танитиб келган "ФЕТО" деб аталган ташкилотнинг давлат идоралари, таълим муассасалари, адлия ва хавфсизлик тизимларига чуқур илдиз отгани маълум бўлди.

Шундан сўнг Туркия бутун давлат тизимини қайта кўриб чиқди. Хавфсизлик, адлия ва таълим соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилди. “ФЕТО”га алоқадор барча муассасалар ёпилди, уларга қарашли мактаб ва университетлар Миллий таълим вазирлигига ўтказилди.

Туркиянинг ташқи сиёсатдаги янги юзи

15 июль воқеасидан сўнг Туркия халқаро муносабатларда ҳам янги йўл тутди. Энди у ўз хавфсизлиги ва миллий манфаатларини биринчи ўринга қўядиган, бироқ дунё билан ҳамкорликка очиқ, принципиал ташқи сиёсат юритмоқда.

Фаластин масаласида Туркия ўз қатъий позициясини сақлаб қолмоқда, Ғарбнинг иккиюзламачилигига қарши турмоқда, бир вақтнинг ўзида Россия, АҚШ ва Европа билан мулоқот эшикларини очиқ сақламоқда.

Украина уруши давомида Туркия Россия ва Украина ўртасидаги асирларни алмашишга воситачи бўлди. 2022 йилда украин дон маҳсулотларини экспорт қилишга доир келишув ҳам Туркия воситачилигида амалга оширилди.

Иқтисодий ютуқлар: барқарор ўсиш давом этмоқда

2023 йилда Туркиянинг ялпи ички маҳсулоти 5.1% ўсди. 2024 йилда бу ўсиш 3.2% ни ташкил этди. Экспорт 2023 йилдаги 255.8 миллиард доллардан 2024 йилда 262 миллиард долларга етди.

Мудофаа саноатида экспорт 7.1 миллиард долларга чиқди. Қайта тикланувчи энергия соҳасида 2023 йилда электр энергиясининг 42% шу манбалардан олинди. Туркия 2053 йилга қадар углерод нейтрал мақсадига етишишни ният қилган.

Хотима: 15 июль – миллатнинг уйғониш куни

15 июль Туркия учун фақат бир тарихий сана эмас, балки миллий хотира, сабоқ ва келажакка қадам ташлаш кунидир. Бу сана ҳар йили халқни ўз келажагини ҳимоя қилишга ундайди, демократик қадриятларни қадрлашга чорлайди.

Туркия бу воқеадан сўнг қайта туғилди: ўзини англаган, ички тозаликка эришган, ташқи дунёда ўз овозига эга давлатга айланди. Энди бу йўлдан қайтиш мумкин эмас.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.