22.10.2024 16:30

Учинчи Қана қирғини: Исроил жиноятларини қандай хаспўшламоқда?

1996 йилда Исроил артиллерияси 800 га яқин ливанликлар бошпана топган Қана қишлоғидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти объектини тўғридан-тўғри нишонга олди. Ҳужум натижасида камида 106 нафар фуқаро, шунингдек, БМТнинг тўрт нафар тинчликпарвар аскари ҳалок бўлди ва 120 га яқин киши жароҳатланди

Ўтган ҳафта Исроил ҳарбий кучлари Ливан жанубидаги Қана қишлоғига қатор ҳаво ҳужумларини уюштирди. Экспертлар ушбу воқеани “Учинчи Қана қирғини” деб аташди.

Камида 10 киши ҳалок бўлиб, 15 киши жароҳатланишига сабаб бўлган Исроил бомбардимонлари охирги пайтда ливанликлар бошидан кечирган энг оғир ҳолат бўлмаса-да, сионистлар томонидан содир этилган қатлиомнинг давоми десак тўғрироқ бўлади. Энг ваҳшиёна жиноятлар 1982 йилда ва ундан кейин содир этилган. Ўшанда Исроил Ливанда 20 мингга яқин тинч аҳоли вакилларини ўлдирган эди.

Бироқ бутун араб дунёсининг хотирасидан ўчмайдиган энг даҳшатли жиноят Сабра ва Шатила қочқинлар лагерларида юз берди.

Исроил Фаластин Озодлик ташкилоти (ФОТ) жангчиларини Ливандан Тунисга қочишга мажбур қилганидан сўнг, мамлакат бўйлаб қочқинлар лагерлари ҳимоясиз қолди ва улар асосан аёллар ва болалардан иборат эди.

Айни шу пайтда, босқинчи сионистлар назорати остида уларнинг иттифоқчиси бўлган Фаланга милицияси Сабра ва Шатила лагерларига бостириб кирди ва 3500 га яқин бегуноҳ одамни ваҳшийларча ўлдирди.

Исроил ўз аскарларининг бу воқеани кузатиб тургани ва ҳатто лагерга қарата ўт очгани ҳақидаги далиллар пайдо бўлишидан олдин, бу ҳодисадан хабардорлигини инкор этиб, қирғиндаги иштироки ҳақидаги айбловларни "ашаддий туҳмат" ва "антисемитизм" деб атади.

Бироқ ливанликлар яқин ўтмишда содир этилган яна бир қирғинни ҳам унутолмайди – бу Қана қирғинлари меросидир.

1996 йилда Исроил артиллерияси 800 га яқин ливанликлар бошпана топган Қана қишлоғидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти объектини тўғридан-тўғри нишонга олди. Ҳужум натижасида камида 106 нафар фуқаро, шунингдек, БМТнинг тўрт нафар тинчликпарвар аскари ҳалок бўлди ва 120 га яқин киши жароҳатланди.

Бу ҳужум Исроил ва Жанубий Ливан армияси (SLA) деб номланувчи сионистларнинг “қўғирчоқ” кучлари ҳамкорлигида амалга оширилган. Исроил БМТ объектида “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг мавжудлиги ҳақида ёлғон маълумот тарқатган, бу айблов кейинчалик асоссизлиги аниқланди.

2006 йилда Исроил Иккинчи Қана қирғини деб аталган қонли қирғинни содир этди. Ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 31 нафар тинч аҳоли – уларнинг деярли ярми болалар эди – ҳалок бўлди. Ўша пайтда ҳам Исроил бомбардимонларидан жабрланган болаларнинг аянчли тасвирлари халқаро жамоатчиликнинг ғазабини уйғотганди.

Ўшанда ҳам яҳудий давлати раҳбарлари нишонга олинган жойда "Ҳизбуллоҳ" жангчилари бўлганини айтиб, халқаро жамоатчиликни алдашга урингани етмаганидек, ОАВ жонли эфирларида кўрсатилган гўдакларнинг жасадлари “Исроилни ёмонотлиқ қилиш учун қабристондан қазиб олинган”ини тахмин қилди. Шубҳасиз, бу мазлум Қана аҳолисига нисбатан ҳам ҳақорат эди.

Айтиш жоизки, 2006 йилда ҳам “сувдан қуруқ чиқиб”, жазоланмай қолган Исроил айни пайтда олдингига нисбатан икки баравар кўпроқ бегуноҳ ливанликларни ўлдирди.

АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари нашрлари Ливанда ўлдирилган бутун бошли тинч аҳолига нисбатан ҳарбий базага дрон зарбаси берилиши оқибатида ҳалок бўлган тўртта исроиллик аскарга кўпроқ қайғурди.

Уларнинг ҳақиқий босқинчилар томонида туриб, мотамсаро хабарлар бериши, сионист аскарларининг суратларини намойиш этиши ва исмларини эфирда ўқиб эшиттириши бундай ахборот манбалари аслида Исроил армиясининг корпоратив жамоатчилик алоқалари бўлими вазифасини бажаришини тасдиқлайди.

Sky News ва Канаданинг National Post каби нашрлари аскарларни "ўсмирлар" деб таърифлаганди. Ваҳоланки уларнинг барчаси 19 ёшда бўлган ва Исроилнинг элита ҳарбий бригадаси аъзолари эканлиги сабабли қонун бўйича катта ёшли ҳисобланган.

Исроил Ливандаги аҳоли зич яшайдиган ҳудудларга “Ҳизбуллоҳ”нинг мавжудлигини исботламасдан тонналаб портловчи моддалар ташлаяпти. Ғарбнинг “кўзлари” асл манзарани кўрмаяпти, “қулоқлари” ҳақиқатни эшитмаяпти.  Фашистлар томонидан ўлдирилаётган мусулмонлар уларнинг назарида инсон ҳуқуқларидан айро тасвирланмоқда.

Ажабланарлиси, ушбу қатлиом бошқа бир можаро пайтида содир бўлганида, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг бош сарлавҳасидан жой оларди.

Хуллас, Ғарб корпоратив оммавий ахборот воситалари Ғазода 17 мингга яқин ўлдирилган гўдаклар учун белгиланган "Араб меъёри" деб аташимиз мумкин бўлган ҳолатга мувофиқ иш кўрмоқда. "Исроил меъёри" эса ҳарбий базалардаги босқинчилар ўлими хусусида қайғули ахборот беришдан иборат.

Бу эса ирқчи Ғарб медиаси учун сионистларнинг ҳаёти қимматлилиги, араблар эса фақат ўлим кўрсаткичлари янги рекордларни ўрнатгандагина ёритилиши керак бўлган ғайриинсоний мавжудотлар сифатида кўрилишини англатади.

Роберт Инлакеш, журналист ва ёзувчи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.