30.10.2024 17:31

Туркияда оила инқирози кучайиб бормоқда, бунга сабаб нима?

Туркияда оила инқирози тарихи бевосита Мустафо Камол Отатурк бошқаруви даври билан боғлиқ бўлиб, давлатни секулярлаштириш жараёни Исломнинг жамият ҳаётидаги ролини заифлаштирди. Бу эса мавжуд оилавий қадриятларнинг ҳам аста-секин дарз кетишига сабаб бўлди.

Айниқса, турклар орасида аёллар ҳуқуқи ва гендер тенглиги учун кураш баҳонасида оилада эркаклар мавқеига зарба берилиши янги муаммолар ва низоларни юзага келтирди.

Мусулмонлар давлатида ғарбона ҳаёт жорий этилишидан манфаатдор кучлар турк халқининг урф-одатлари, тарихи ва динидан келиб чиққан оилавий қадриятларни гендер тенглиги учун асосий таҳдид деб баҳолади. Улар "аёллар фақат "она" ва "уй бекаси" сифатида кўриладиган диний урф-одатларни йўқотмасдан, хотин-қизларнинг камситилишига чек қўйиб бўлмаслигини" таъкидлай бошлади.

Ушбу сиёсатни амалга оширишда таълим ва иқтисодиёт ҳал қилувчи роль ўйнади. Таълим тизими келажак авлоднинг тафаккурини ўзгартиришга қаратилди. Бундан ташқари, мультфилмларда эркаклар таглик алмаштириши, дераза тозалаши ва овқат пишириши каби ишлар билан шуғулланаётгани, қизлар эса қурилиш ишчилари ёки юк машинаси ҳайдовчиси сифатида тасвирланиши ҳам ушбу тарғиботнинг бир қисмидир. Ўз ўрнида савол туғилади: ёш қизлар эркаклар сартароши ёки қурилиш ишчиси бўлса, йигитлар таглик алмаштирса ёки бошқа аёлларга хос ишлар билан шуғулланса тенгликка эришиладими?..

Европа Иттифоқининг асосий сиёсати бўлмиш "тенглик" тарғиботининг Туркиядаги муваффақиятлари орасида CEDAW (Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция) ва Истанбул конвенцияси (Аёлларга нисбатан зўравонлик ва уйдаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича Европа Кенгаши конвенцияси)ни киритиш мумкин. Иккала келишув ҳам LGBT гуруҳлари ва феминистик ҳаракатлар таъсирида ишлаб чиқилган эди.

Ачинарлиси "тенглик" тарафдорлари оилани хавфли институт сифатида талқин қилишади: ҳисоботларда эркаклар устунлик қиладиган оила гўёки, "зўравонлик жойи" сифатида талқин этилади.  Бундай пайтда манипуляция ва бузилишларни ўз ичига олган тадқиқотлар феминистларнинг даъволарини тасдиқлаш учун ишлаб чиқилгани кўпчиликнинг хаёлига келмайди. Оила душманлари шараф тушунчасини патриархаллик сифатида танқид қилиб, уни камситиш ва зўравонликни давом эттирувчи назорат воситаси сифатида кўрадилар. Оқибатда, аёллар ҳаракатининг талаблари туфайли ҳаё, ор-номус, фазилат каби атамалар Туркия Жиноят кодексидан олиб ташланди.

Бундан ташқари, 2011 йил май ойида "Истанбул конвенцияси" имзоланди. Оила ва ижтимоий сиёсат вазирлиги беш йиллик (2008-2013) Гендер тенглиги Миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқди ва амалга оширди. Ушбу режа асосида халқаро шарномаларга мувофиқ қатор қонунлар қабул қилинди. Жумладан, 2012 йилда аёлнинг сўзини қўшимча ҳужжатларсиз бирламчи далил сифатида қабул қилишга имкон берувчи “Оилани ҳимоя қилиш ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди.

Чуқур ўрганилмасдан мусулмонлар ҳаётига татбиқ этилган сиёсат мавжуд муаммоларни ҳал этмади, аксинча, оилавий инқирозни чуқурлаштирди. Ҳолбуки, аввалроқ гендер тенглиги фаол тарғиб қилинган Европанинг бошқа давлатлари –Исландия, Финляндия, Швеция, Норвегияда аёлларга нисбатан зўравонлик, ажралиш, ўз жонига қасд қилиш ва гиёҳвандлик даражаси ортиб кетган эди.

Ушбу мамлакатларда 1960 йилдан бошлаб никоҳлар сони камайди ва ажралишлар кўпайди. Ўтган 50 йил ичида ўз жонига қасд қилиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва никоҳдан ташқари туғилиш кўпайди. Аслида, бу мамлакатларда ҳар икки фарзанддан бири никоҳдан ташқари муносабатлар мевасидир. Бундан ташқари, аёлларга нисбатан зўравонлик юқорилигича қолмоқда. Кўриниб турибдики, гендер тенглиги сиёсати 50 йил давомида амалга оширилган мамлакатларда ушбу муаммоларни ҳал қила олмади.

Шунингдек, бундай амалиётларда онага нисбатан боланинг ҳуқуқлари эътиборга олинмаслигини ҳам билишимиз керак. Аёлнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи фойдасига боланинг ҳуқуқлари бузилиши феминистларни қизиқтирмайди.

Гендер сиёсати аёлларнинг ҳуқуқларини аёллар табиати ёки шароитларидан келиб чиқиб эмас, балки "эркаклик" объективи орқали муҳокама қилади. Эркакларга йўналтирилган бу ёндашув парадоксалдир ва аёлларнинг табиатига мос келадиган ҳуқуқларга эга бўлишига тўсқинлик қилади. Ушбу нуқтаи назарга асосланган аргументлар аёллар ва эркаклар ўртасидаги зиддиятни пайдо қилиб, оилавий хавфсизликка путур етказади. Ушбу контекстдан келиб чиқадиган қонунлар ҳатто аёлларни эрлари ҳақида хабар беришга ва уларни уйдан чиқариб юборишга ундайди.

Бундай ҳаракатлар нуқтаи-назарига кўра, оналар жаннат калити экани ҳақидаги азалий тушунчалар рад этилиб, оналикни тарғиб қилиш аёлларга босим ўтказиш ҳисобланади. Аёлларнинг она, фарзандларнинг тарбиячиси ва умр йўлдош бўлишидан кўра кўпроқ "ишчи" бўлиши "адолатли" экани уқтирилади.

"Ҳуқуқ ҳимоячилари" аёлларни аввало она деб таърифлашни камситиш санайди, аммо уларнинг қора ишчиларга айлантирилишига қарши эмас. Улар аёлларнинг меҳнатдаги иштирокини тенгликнинг асосий кўрсаткичи деб биладилар. Бу эса ушбу сиёсат ва глобал капиталистик тизим ўртасидаги муносабатларни очиб беради. Уларнинг адвокатлари оиладаги зўравонлик ва хотинларнинг зулмини муҳокама қилар экан, кўпинча аёлларнинг иш жойида дуч келадиган эксплуатациясига эътибор беришмайди.

Хўш, натижа нима бўлди? Охири ўйланмасдан қабул қилинган қарорлар, саъй-ҳаракатлар туфайли Туркияда никоҳланганлар сони кескин тушиб кетмоқда, ажримлар сони эса ортиб боряпти. 

Айниқса, 2008 йилдан кейин Туркияда йигит ва қизларнинг никоҳдан ўтиш кўрсаткичи ақл бовар қилмайдиган даражада пасайган. Ўзаро таққосланганда – 2004 йилдан бугунги кунгача, айниқса, 2016 йилдан кейин ажралишлар сони сезиларли юқорилаган. Бу эса турмуш қурганлар ҳам тезда ажралиш йўлларини қидираётганини англатади.

Бу – оила институти барбод бўлди, дегани. Аёллар ҳуқуқи номи билан амалга оширилган ташвиқотлар ортидан адолатсизликнинг очиқ кўриниши бўлса-да, аёл эрининг устидан тегишли жойларга шикоят қилса, ҳеч бир мулоҳазасиз иш аёл фойдасига ҳал қилинади. Эридан ажрашган аёл агар бошқа расмий оила қурмаса, собиқ турмуш ўртоғи унга умрининг охиригача алимент тўлайди. Ҳатто аёл бу вақтда бошқа эрга расмий қайдсиз тегиб, яшаб юравериши ҳам мумкин.

Ижтимоий тармоқларда туркиялик аёл эрини кўпчиликнинг олдида калтаклаётгани, эркак эса ундан қочишга уриниб, бошқаларнинг орқасига яширинаётгани акс этган видео ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлгани бежиз эмас. Бир томондан ушбу видео турк жамиятидаги ҳозирги вазиятни ўзида акс эттиргани билан аҳамиятли. Жабрдийда эркак IHA телеканали журналистига интервью бериб, мазкур ҳолатни қуйидагича изоҳлаган:

"Мен хотинимнинг хиёнатидан сўнг у билан ажрашдим. Ажралиш жараёнида хотинимнинг зўравонлик ҳақидаги даъвоси сабаб, қамоққа тушдим. Олти ой қамоқда ётиб чиқдим. Бироқ шундан кейин ҳам у менга таҳдид қилишдан тўхтамаяпти: “Мен билан бирга яшайсан ёки сени яна қамоққа тиқаман”, дея пўписа қилмоқда. Хотиним ва унинг оиласи ҳатто иш жойимда, мижозларим олдида ҳам мени камситишяпти. Улар менга деярли ҳар куни турли хабарлар юборишади ва қўнғироқ қилишади. Аслида бундай ҳолатларда зўравонлик бўйича қонунлар қарши томонга ҳам қўлланилиши керак", деган у.

Бугунги кунда бундай ҳолатларга гувоҳ бўлган ёш йигитларнинг оила қуришга шошилмаслиги табиий ҳолат. Мавжуд вазият эса жамиятда турли бузуқчиликларнинг урчишига олиб келиши эса яна бир жиддий муаммо.

2023 йилги статистик маълумотларига кўра, Туркияда туғилишнинг умумий даражаси рекорд даражадаги энг паст нуқтасига етган: 2001 йилда 2,38 бўлган туғилиш коэффициенти (аёлнинг умри давомида туғуруқ кўрсаткичи) 2023 йилда 1,51 га тушган. Бу кўрсаткич иммиграциясиз барқарор аҳолини сақлаш учун зарур бўлган 2,1 дан анча паст.

2023 йилги маълумотлар 2022 йил билан солиштирилганда туғилишнинг умумий сони қарийб 8 фоизга камайган. ОАВда бундан ташвишланаётган Туркия ҳукумати янги демографик сиёсат режасини тайёрлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Жумладан, вице-президент Жевдет Йилмаз туғилиш даражасининг пасайиши сабабларини ва уни ошириш чораларини ҳар томонлама ўрганиш учун "Юқори демографик кенгаш" ташкил этилишини маълум қилган. Йилмаз ўзи бошқарадиган кенгаш президент фармони билан яқин кунларда иш бошлашини айтган.

Шу билан бирга, Туркия парламенти томонидан ажрашиш жараёнидаги кутиш муддатига оид ўзгаришлар қабул қилинди. 

Янги қонунга кўра, ажрашиш рад этилганидан кейин эр-хотинлар биргаликда ҳаётларини тиклай олмасалар, олдинги 3 йил ўрнига 1 йилдан кейин янги даъво аризаси беришлари мумкин бўлади.

Шундай қилиб, ажрашиш рад этилган бўлса ва ундан кейин 1 йил ичида турмуш ўртоқлар биргаликда ҳаётларини давом эттира олмасалар, уларнинг никоҳи бузилган деб ҳисобланади ва эр-хотинлардан бирининг илтимосига биноан суд ажрашиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Туркиядаги оила инқирозига назар солар эканмиз жамиятнинг исломий қадриятларидан узоқлаштирилиши кўплаб фожиаларга сабаб бўлишини тушуниб етамиз. Илоҳий каломда  эркаклар ва аёлларнинг оиладаги ўзгармас вазифалари белгилаб берилган. Ушбу вазифалар бир-биридан фарқ қилиши мумкин, лекин бир-бирини тўлдиришини ҳам унутмаслик зарур.

Хўш, Исломда бу муаммонинг ечими қандай?

Асосий мезонимиз бўлмиш Ислом масаланинг келиб чиқиш ўрнини, муаммонинг илдизини муолажа қилишни илгари суради.

Биламизки, оила жамиятнинг кичик бир бўлагидир. Шу боис ҳам жамиятнинг салоҳияти уни оёқда тутиб турган оила муассасасининг соғлом ва салоҳиятли бўлишига боғлиқ. Унинг мустаҳкамлиги оила аъзоларининг ҳамжиҳатлиги ва ахлоқ борасида тутган тутумларига бориб тақалади.

Ислом масалага айнан мана шу ракурсдан қарайди. Унга кўра, жамият нафарларининг эътиқоди ва ижтимоий муносабатлар борасидаги тушунчалари муолажа қилиниши керак. Бу орқали оила ва жамият муассасаларининг муаммолари бартараф этилади. Яъни, ҳақиқатдан инқирозга барҳам беришни истаётган бўлсак, қонунчилигимизни жазо таклифлари билан тўлдиришдан аввал муаммонинг ижтимоий заминини ислоҳ қилишимиз керак бўлади.

Муолажа ҳам уч томонли бўлиб, биринчиси – эзгу мафкура сифатида кенг миқёсда исломий таълимга йўл очиш; иккинчи томони – огоҳлик; учинчи, энг муҳим жиҳати эса – оила нафарларининг, айниқса болаларнинг соғлом оила ҳақидаги тушунчаларига путур етказувчи ботил ғоя ва ташвиқотларнинг йўлига тўғаноқ бўлишдир. Мана шу уч нарса – таълим, огоҳлик ва онгли равишда, ўзимиз ёқлаган қадритиямизга суянган ҳолда ёт ғоялардан эҳтиёт бўлиш аҳамиятлидир.

Бир ҳадисда келтирилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирига шундай дейдилар: “Аёл кишига уч нарса сабабли уйланилади: бойлиги учун, насаби учун, чиройи учун ва дини учун. Шундай экан, диндорини танлагин, қўлинг тупроққа қорилгур”.

Яна бир ҳолат: бир киши Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларида хотини билан ажрашмоқчи эканини айтади. Ҳазрати Умар ундан сабабини сўраганларида, у киши “хотинини севмаслиги”ни айтади. Шунда Умарул Форуқ у одамга қарата “ҳар бир оила севги устига бино қилинадими? Унда олийҳимматлик ва масъулият қаерда қолади?”, деб, хотинидан кўнглининг қолиши ажрашишга асос бўла олмаслигини билдирадилар. Яна бир шунга ўхшаш ҳолатда Ҳазрати Умарнинг ўзлари бир аёлга “оилаларнинг ҳаммаси ҳам севги устига қурилавермайди. Бинобарин, инсонлар Ислом билан, яхшилик билан умргузаронлик қиладилар”, деб айтганлар.

Тарихимизга назар соладиган бўлсак, Ислом динимизнинг таълимотлари бизга ичида виждон деб аталган маҳкамага бўйсунган, диёнатли жамиятни тақдим қилиш кафолатини бермоқда. Шубҳасиз, Ислом аёлни суянчиқсиз қолдирмайдиган, эркакнинг зулмини ёқламайдиган таълимот!

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.