05.10.2024 09:48

Туркий давлатларда оила, никоҳ ва ажрим масалаларида жамоавий фатво ишлаб чиқишга келишиб олинди

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг V йиғилиши доирасида мазкур тузилма ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг “Туркий дунё: фатво беришнинг методологияси ва ўзига хос хусусиятлари” мавзусида I-халқаро давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.

“Мулоқот якунида Ўзбекистон томонининг таклифига биноан ушбу ҳайъат туркий давлатларда оила, никоҳ ва ажрим борасидаги муаммоли масалаларни ўрганиб, жамоавий фатво ишлаб чиқишга келишиб олинди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, давра суҳбати давомида Туркий давлатлар ташкилоти муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъати йўриқномаси ва Ислом дини шаръий далилларга зид бўлмаган урф-одатларни эътиборга олиши тўғрисидаги ҳужжатлар кўриб чиқилди.

Йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази фаолияти ҳақида маълумот берилиб, марказ томонидан нашр этилган “Фатволар тўплами” китоби тақдимот қилинди.

Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари томонидан “Фатволар тўплами” китобини туркий тилларга таржима қилиш таклифи билдирилгани маълум қилинди.

Мазкур Фатво ҳайъати 2023 йил 25 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг IV йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар таклифига биноан тузилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.