10.10.2025 12:13
85

Туркий Давлатлар Ташкилоти 12-саммити: кун тартибида қандай масалалар бор эди?

Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) бир томондан ўз ичидаги ҳамкорлик ва бирлашиш жараёнини давом эттираётган бўлса, иккинчи томондан ташқи дунё билан очиқ мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиб, глобал майдонда таъсирли иштирокчига айланиш йўлида илдам бормоқда.

2025 йил 6–7 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида бўлиб ўтган ТДТ давлат раҳбарларининг 12-саммити ана шу мақсаднинг яққол ифодаси бўлди. Саммит доирасида ташкилотга раислик Қирғизистондан Озарбайжонга ўтди. Барча аъзо ва кузатувчи давлатлар юқори даражада иштирок этгани туфайли бу йиғилиш ТДТ тарихидаги энг нуфузли саммитлардан бири сифатида баҳоланди.

Саммит якунида етакчилар 121 моддадан иборат Габала баёнотини қабул қилдилар. Шунингдек, “ТДТ+” формати ташкил этилиши, ТУРКСОЙнинг фаолиятини кучайтириш ва Турк академиясида қатор ислоҳотлар амалга ошириш ҳақида келишувлар имзоланди. Бундан ташқари, Туркманистон Турк академияси ҳамда Турк маданияти ва мероси жамғармасига кузатувчи давлат сифатида қўшилди, Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) эса Турк академиясида кузатувчи мақомини олди.

Озарбайжонда ўтказилиши — рамзий аҳамиятга эга

Туркий Давлатлар Ташкилоти учта асосий геосиёсий ҳудуд — Анадолу, Жанубий Кавказ ва Туркистон қисмларидан иборат. Уларнинг ичида Жанубий Кавказнинг етакчи мамлакати бўлган Озарбайжон, туркий дунё учун бирлаштирувчи кўприк вазифасини бажаради. Туркистон минтақаси билан Туркия ўртасидаги энг хавфсиз ва ишончли боғловчи йўл айнан Озарбайжон орқали ўтмоқда. Бу йўл “Ўрта коридор” лойиҳаси орқали ТДТнинг стратегик мақсадига айланган.

Озарбайжон ташқи сиёсатида ТДТ билан ҳамкорликни устувор йўналиш сифатида белгилаган. Шу билан бирга, ташкилотнинг жаҳон миқёсида кучли ва таъсирли тузилмага айланиши учун ҳам фаол ҳаракат қилмоқда. Минтақада фаолият юритаётган бошқа халқаро ва минтақавий иттифоқларни назарга олганда, бу сиёсатнинг аҳамияти янада яққол намоён бўлади. Президент Илҳом Алиевнинг “Бизнинг оиламиз — туркий дунё, бошқа оиламиз йўқ” деган сўзлари Озарбайжон учун ТДТнинг нақадар муҳим эканини кўрсатади.

Шу боис Озарбайжон сўнгги йилларда нафақат ТДТ доирасида, балки икки томонлама муносабатларда ҳам туркий давлатлар билан яқин ҳамкорликни кучайтирмоқда. Ҳозирда Озарбайжон Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби уч давлат билан иттифоқчилик келишувлари ёки ҳамкорлик декларацияларига эга. Туркий дунёга устувор сиёсий йўналиш сифатида қараш фақат давлат арбобларининг эмас, балки бутун озарбайжон жамиятининг умумий позициясига айланган.

Ташқи сиёсатда ҳамжиҳатлик ва мувофиқлик

Габала баёнотида ТДТ давлатлари ташқи сиёсатда қатор йўналишларда бирдамликни намоён этдилар. Жумладан:

Зангезур коридори ва Озарбайжон билан Нахичевон ўртасида эркин алоқаларни йўлга қўйиш,
Озарбайжон, Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган темир йўл лойиҳаси орқали озод этилган ҳудудларни тиклаш жараёнини қўллаб-қувватлаш,
Туркистон минтақасининг барқарорлиги нуқтаи назаридан Афғонистон хавфсизлигига эътибор қаратиш,
Кипр турк халқини қўллаб-қувватлаш ва уни туркий дунё таркибий қисми сифатида эътироф этиш,
Сурияда тинчлик ва барқарорликни тиклаш жараёнларини қўллаб-қувватлаш — булар Туркия учун ҳам муҳим ташқи сиёсий йўналишлар ҳисобланади.

Баёнотнинг яна бир муҳим банди — Консуллик ҳамкорлик платформасини ташкил этиш тўғрисидаги қарордир. Унинг мақсади — консуллик хизматларини енгиллаштириш, хориждаги фуқароларни муҳофаза қилиш ва аъзо давлатлар ўртасида мувофиқликни кучайтиришдир. Бу ташаббус орқали ТДТга аъзо давлатларнинг консуллик муассасалари барча аъзо мамлакат фуқароларига ўзаро хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.

Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик

Саммитда қатнашчи давлатлар хавфсизлик масалалари бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Президент Илҳом Алиев аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш ва 2026 йилда қўшма ҳарбий машқлар ўтказишни таклиф қилди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сибир хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса Туркий давлатлар ўртасида Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва биродарлик тўғрисидаги битимни имзолашни таклиф қилди. Етакчилар мазкур битимнинг лойиҳасини тайёрлаш ҳақида келишиб олдилар. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса:

“Бизнинг хавфсизлигимизга дахлдор ҳар бир соҳада барча керакли ҳиссани оилавий доирамизда қўшишга тайёрмиз”, деб, барча таклифларни қўллаб-қувватлади.

Сўнгги йилларда жаҳонда ва минтақада хавфсизликка бўлган ишонч сусайгани сабабли, ТДТ мамлакатлари ўртасида ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда. Аъзо ва кузатувчи давлатларнинг мудофаа саноати вазирлари ва раҳбарлари 2025 йил июль ойида Туркияда йиғилиш ўтказган эди. Габала саммитида мазкур йиғилишнинг 2026 йилда Озарбайжонда ўтказилишига қарор қилинди.

Бундан ташқари, 2025 йил 11–12 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг Хавфсизлик кенгаши котиблари тўртинчи марта учрашди. Бу йиғилишда туркий давлатларга таҳдид солаётган мавжуд хавфлар, минтақавий ва глобал тенденциялар ҳамда уларнинг Туркий дунёга таъсири муҳокама қилинди. Шу билан бирга, 1992 йилдан бери ТДТга аъзо мамлакатлар миллий махсус хизмат раҳбарлари доимий равишда учрашувлар ўтказиб келмоқда.

Ҳозирги геосиёсий ўзгаришлар туфайли дунё ва минтақада юзага келган таҳдид ҳамда имкониятлар, туркий давлатлардан ҳарбий-хавфсизлик соҳасида яқин ҳамкорлик қилишни тақозо этмоқда. Туркий дунё геосиёсатининг стратегик аҳамияти, айниқса энергия ташувчи йўллар нуқтаи назаридан ортиб бораётгани сабабли, бу ҳудуд глобал рақобат марказига айланмоқда. Шунинг учун ҳам бу минтақани муҳофаза қилиш учун ТДТ доирасида ҳарбий-хавфсизлик ҳамкорлигини шакллантириш муҳимдир.

Агар туркий давлатлар бу соҳада етарли ҳамжиҳатликка эришмаса, минтақанинг тақдири бошқалар томонидан белгиланиши эҳтимоли бор. Шу билан бирга, ҳарбий ҳамкорлик масаласида аъзо давлатлар ўртасида айрим ёндашув фарқлари ҳам мавжудлиги кузатилмоқда.

“ТДТ+” формати нимани англатади?

Туркий Давлатлар Ташкилоти — ягона маданият, тил, цивилизация ва тарихий илдизларга таянган тузилма сифатида ташкил этилган. Лекин ташкилот вужудга келганидан буён минтақадаги ва дунёдаги янги геосиёсий шароитларга мос равишда ривожланиб бормоқда. У кучайган сари унга бўлган қизиқиш ҳам ортаётир.

Бироқ ТДТга тўлиқ ёки кузатувчи аъзо бўлиш фақат умумий маданият, тил ва миллат тамойиллари асосида белгиланган. Шу боис 2021 йилдаги Истанбул саммитида Нахичевон келишувига қўшимча протокол киритилиб, ташкилотга аъзо бўлиш учун давлатнинг расмий тили турк тили бўлиши кераклиги белгиланди. Аммо бу қоида ташкилотнинг халқаро майдонда таъсир доирасини чеклаб, уни ёпиқ тузилмага айлантириши мумкин эди.

Шу сабабли, ўша саммитда “мулоқот шериги” ва “стратегик шерик” каби янги мақомлар жорий қилинди. Бу давлатларга ТДТга аъзо бўлмасдан туриб ҳам ташкилот билан яқин ҳамкорлик қилиш имконини берди.

Туркия президенти Эрдўғон сўнгги саммитда ҳам ТДТ ёпиқ тузилмага айланмаслиги ва учинчи давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши зарурлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, агар ТДТ глобал муаммолар ечимини топишда фаол рол ўйнамоқчи бўлса, дунё билан очиқ ҳамкорлик қилиши лозим. Шу маънода, “ТДТ+” формати минтақавий ташкилотлар ва бошқа давлатлар билан янги ҳамкорлик эшикларини очмоқда.

Хулоса

Кучли Туркий Давлатлар Ташкилоти нафақат хорижий кучларнинг минтақадаги таъсирини чеклайди, балки жаҳон миқёсида энергия, озиқ-овқат ва товар хавфсизлигини таъминлашда ҳам катта ўрин тутади. Бу ҳамкорлик иқтисодий фаолликни кучайтиради, савдо-сотиқни ривожлантиради ва минтақадаги можаролар ҳамда хатарларни камайтиради.
Шу жиҳатдан ТДТ ташкил этилган илк кунлариданоқ рационал ва истиқболли қадамлар орқали ушбу мақсадларга хизмат қилиб келаётганини кўрсатди. У ўз ичидаги бирдамлик ва кучни мустаҳкамлар экан, ташқи дунё билан очиқ ҳамкорликни давом эттириб, глобал даражада таъсирли иштирокчига айланиш йўлида изчил равишда илгариламоқда.

Жовид Валиев, сиёсатшунос

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.