07.11.2024 16:30

Трампнинг қайтиши Яқин Шарқда нимани ўзгартиради?

Дональд Трамп иккинчи бор АҚШдаги президент сайловларида ғолиб бўлди. У Флоридадаги қароргоҳида тарафдорлари қаршисида нутқ сўзлаб, ўзини АҚШнинг 47-президенти деб атади. 

«Америка бизга бемисл ва кучли мандат берди. Биз тарих яратяпмиз. Энди бу мамлакатни даволаймиз», деган у.

Шунга қарамай, кўпчилик сиёсий таҳлилчилар Трампни дунё учун катта хавф деб ҳисоблайди. Бунга унинг глобал миқёсда ўсиб бораётган популистик ўнг кучлар билан очиқ ҳамкорлиги; кўплаб четлаштирилган жамоаларни бадном қилиши; ташқи сиёсатда шахсий манфаатларини кўзлаб иш тутиши ҳамда АҚШни автократик раҳбар сифатида бошқаришга интилиши сабабдир.

Ҳатто муҳокамани фақат Яқин Шарқ сиёсати билан чекласак ҳам, Трамп борасида жиддий хавотирлар мавжуд.

Баъзилар соддадиллик билан Трамп урушга қарши деб ўйлайди. Бу қарашлар унинг Оқ уйдалигида янги урушлар бошламаганини бот-бот таъкидлаши билан боғлиқ. Аммо бу Трампнинг «ўзини тийиши» туфайлими ёки бошқалар шуни хоҳлагани учунми, айтиш қийин.

Энг аниқ далил – Трамп даврида Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги «Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши бўлиб, Эрон ўшанда урушнинг олдини олиш учун қасос олмасликка қарор қилганди.

Трамп, аввалроқ, 7 октябрь воқеалари ва Исроилнинг шундан кейинги барча қирғинлари учун замин ҳозирлади.

У буни «Иброҳим битими» орқали амалга оширди. Бу битим фаластинликларни яккалаб қўйиш ва уларни қўлидаги ягона дипломатик воситадан – Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш имкониятидан маҳрум қилиш эди.

Бундан олдин Трамп кўп йиллик анъанани бузиб, АҚШ элчихонасини Тель-Авивда эмас, балки Қуддусда сақлаб қолган ва Вашингтондаги Фаластин озодлик ташкилоти(ФОТ) ваколатхоналарига рухсат берувчи фармонни имзоламаган эди.

Бу фаластинликлар ва АҚШ ўртасидаги дипломатик алоқаларни узди ва фаластинликлар учун озодликка эришишнинг дипломатик йўли йўқлигини тасдиқлади.

Қуддусда Америка элчихонаси расман очилганида, Трамп ва Исроил раҳбарияти буни нишонлади. Айни пайтда Исроил қўшинлари «Буюк қайтиш» юриши вақтида Ғазо чегарасида тўпланган фаластинлик тинч аҳолини ўққа тутди.

Элчихонани кўчиришнинг бир қисми сифатида Трамп бирлашган Қуддусни Исроил пойтахти деб атади ва амалда Исроилнинг бутун Қуддусга бўлган даъвосини қўллаб-қувватлади. Трамп, шунингдек, Исроилнинг Голан тепалигини босиб олганини тан олди.

Бундан ташқари, у шошилинч қарорлари билан катта тартибсизликка сабаб бўлди. Давлат раҳбари сифатида Эрон билан тузилган ядро келишувини бир томонлама бекор қилди. Ҳатто унинг ўз кабинети аъзолари ҳам самарали эканлигини айтган бу келишув ядро дастурининг кенгайишини тўхтатган ва минтақавий кескинликни пасайтирган эди. Трамп буни ўзгартирди.

Минтақани яхши билмаслиги ва хушомадга мойиллиги туфайли у Саудия Арабистонининг Қатарни қамал қилишига очиқчасига рухсат берди, бу эса бутун минтақада кескинликни кучайтирди.

Афсуски, баъзи мусулмонлар бу ишлар энди ўтмишда қолди, унутилди, деб ўйлашади. Худди Мичиган штатида бўлиб ўтган Трампни қўллаб-қувватловчи митингда маҳаллий имом Билол ал-Зуҳайрий айтганидек: у «Мен бугунги кун ва келажак ҳақида гапиришни хоҳлайман. Ўтмиш ҳақида гапиришни истамайман», деган эди.

Бундан ташқари, Трамп Ғазодаги «геноцидни тўхтатиш эмас, балки яна-да кучайтириш» ҳақида сўзламоқда. Унинг Фластинни бутунлай йўқ қилиши учун Исроилни яна-да кучлироқ дастаклаш ғояси шундан дарак беради. Ҳатто Дональд Исроилга тонналаб бомбалар жўнатишига қарамай, Байденни «[Исроил бош вазири Биньнямин] Нетаньяхуни тўхтатишга уриниш»да айблаганди.

Жорий йилнинг бошида Трамп Исроилни Ғазода «тезроқ ишни тугатиш»га чақирган.

Яқинда Исроил бош вазири билан бўлган телефон суҳбатида Трамп Нетаньяхуга «зарур бўлган барча ишни қилиши кераклиги»ни таъкидлаганди.

АҚШдаги намойишлар, айниқса университет талабаларига қарши ҳукумат аллақачон зўравонлик сиёсатини юритаётган бўлса-да, Трамп бундан ҳам ёмонроқ йўл тутиши мумкин. У намойишчиларга қарши Миллий гвардия ёки ҳатто ҳарбий кучлардан фойдаланиш ҳақида сўз очган. Оқибатда адолат учун курашаётган фаолларнинг овози буткул ўчирилиши мумкин.

Шунингдек, у ҲАМАС тарафдори бўлган барча чет элликларни мамлакатдан қувишни режалаштиряпти. Айтиш жоизки, Исроил тарафдорлари, бутун сиёсий спектр бўйлаб, Ғазодаги геноцидга қарши норозилик билдирган ҳар қандай одамни ҲАМАС тарафдори деб ҳисоблайди.

Шу боис, Трампнинг қайтиши Яқин Шарқдаги вазиятни яна-да оловлантириши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса Фаластиндаги геноциднинг тўхташи янги АҚШ ҳукуматига эмас, балки дунё мусулмонларининг мустаҳкам эътиқоди ва фаоллигига боғлиқлигини англатади. Бугун бу қирғинни тўхтатиш учун дунёдаги ҳар бир мусулмон масъулдир.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.