07.01.2025 17:30

Таҳлил: Трамп ўзининг иккинчи муддатида Яқин Шарқдан чекинадими?

АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трамп 20 январь куни иккинчи муддатини бошлайди. Трампнинг беқарорлиги ва келгуси йилларда минтақавий вазиятни шакллантирадиган кўплаб номаълум омиллар туфайли янги маъмуриятнинг Яқин Шарққа қандай ёндашишини башорат қилиш жуда мушкул. Агар Трампнинг биринчи муддатидан хулоса қиладиган бўлсак, унинг иккинчи муддатдаги ташқи сиёсати чалкаш ва бетартиб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. 


Трампнинг зиддиятлари


Трамп биринчи муддати давомида АҚШ қўшинларини Суриядан олиб чиқишни уч марта эълон қилди, аммо бу ваъдаларини ҳеч қачон бажармади. Бундан ташқари, у "тугамас урушлар"ни тугатиш ҳақида кўп гапирган ҳамда бу урушларда собиқ президент Жорж Буш, 2016 йилги рақибаси Хиллари Клинтон ва бошқаларни айблаган бўлса-да, Оқ уйда ўтказган дастлабки тўрт йили давомида АҚШнинг Афғонистон ёки Ироқдаги ҳарбий иштирокини тугатмади. Ўтган йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг у ўзининг иккинчи маъмуриятига хизмат қилиш учун неоконсерваторлар, қаттиқ қанотли шахслар ва Марко Рубио, Элиз Стефаник ва Пит Хегсез каби Исроил тарафдори бўлган одамларни танлади. Шу билан бирга, вице-президентликка сайланган ЖД Венс "неоконсерватив ташқи сиёсат стратегик ва ахлоқий жиҳатдан аҳмоқонадир", деб айтди. Трамп 2018 йилда Қўшма кенг қамровли ҳаракат режасини (JCPOA) барбод қилганига қарамай, ўтган йили Теҳрон билан янги келишув бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди. У, шунингдек, Нью-Йорк иқтисодий клубида сўзлаган нутқида долларсизлаштиришни АҚШнинг санкциялари, жумладан Эронга нисбатан қўлланилган санкциялар билан боғлади. Бошқа томондан, у ўзининг иккинчи маъмуриятида юқори лавозимларга Эрондаги тузумни ўзгартириш сиёсатини қўллаб-қувватловчи бир қатор шахсларни танлади. Трамп Теҳронга нисбатан сиёсатни ўзгартириш бўйича тўғридан-тўғри фаолият юритадиган бўлмаса ҳам, унинг иккинчи маъмурияти Эронга нисбатан "максимал босим 2.0" сиёсатини юритиши мумкин, яъни улар иккинчи муддатда ҳам худди шундай максимал босим усулини қўллайдилар. Бу, эҳтимол, Эроннинг Хитойга нефт экспортига нисбатан янада қаттиқроқ санкциялар жорий этиш ва Ислом Республикасига босимни кучайтириш учун Европанинг ёрдамини сўрашни ўз ичига олади. Трамп сионистик Исроилни Эрон ва минтақадаги Теҳронга яқин бўлган нодавлат ташкилотларга, масалан, Ямандаги ҳусийларга қарши янада шиддатли чоралар кўришга ундаши мумкин.


Яқин Шарқ ўзгармоқда 


Бироқ Трамп 2021 йил январь ойида Оқ уйни тарк этганидан бери Яқин Шарқ сезиларли ўзгаришларга дуч келди, бу унинг иккинчи муддатидаги ташқи сиёсат ёндашувини мураккаблаштиради. Кўрфаз араб монархиялари ҳозирда Эрон билан муносабатларни юмшатиш йўлида ва улар АҚШ бошчилигидаги "максимал босим" кампаниясини қўллаб-қувватлаши даргумон. Шунингдек, Трамп учун, айниқса 2023 йил 7 октябрдан кейинги минтақа шароитида кўпроқ араб давлатларини Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш жараёнига жалб этиш орқали ўзининг "Авраам келишувлари" меросини ривожлантириши жуда қийин бўлади. Трампнинг иккинчи муддатдаги сиёсати Яқин Шарқдаги сўнгги тўрт йилда юз берган бу катта ўзгаришларга қандай мослашишини кузатиш муҳимдир. Янги йил куни Нью-Орлеанда содир бўлган фожиавий ҳужум - 42 ёшли АҚШ фуқароси ва армия фахрийси Шамсуд-Дин Жаббор пикап машинасини атайлаб оломонга ҳайдаб кирган воқеа - иккинчи Трамп маъмуриятининг Яқин Шарқ бўйича ташқи сиёсатига қандай таъсир кўрсатиши номаълум. Ҳужумчининг "ИШИД" белгисидан фойдаланганини ҳисобга олсак, Сурия ёки минтақанинг бошқа мамлакатларида янги ҳокимият бўшлиқлари пайдо бўлиши эҳтимоли "халифалик" деб аталган тузилманинг қайта тикланишига йўл очиши, бу эса янги маъмуриятнинг араб-ислом дунёсидаги экстремизмга кўпроқ эътибор қаратишига олиб келиши мумкин. Амалда бу Трампнинг АҚШ ҳарбий кучларига "ИШИД" ва минтақадаги бошқа гуруҳларга қарши зарбалар беришни буюришига сабаб бўлади. Трампнинг Яқин Шарқнинг можароли ҳудудларига АҚШ қуруқликдаги қўшинларини жойлаштирмаслик истагини ҳисобга олсак, унинг афзал кўрган усули масофавий дрон зарбалари бўлиши мумкин. Биринчи президентлик даврида Трамп кўплаб мамлакатларда бундай гуруҳларга қарши дрон ҳужумларини амалга оширганини ҳисобга олсак, иккинчи президентлик даврида ҳам шунга ўхшаш ҳаракатларни кўриш мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас.


Халқаро майдонда олдиндан айтиб бўлмайдиган ва "қаттиққўл" кўринишга мойиллиги билан танилган  Трампнинг Яқин Шарқ ташқи сиёсати, эҳтимол, зиддиятлар, кескинликлар ва носозликлар билан характерланади. Унинг маъмуриятидаги шахсларнинг қарама-қарши интилишлари, қатъий неоконсервативлар ва қимматли урушлар ҳамда чигал вазиятлардан қочишни хоҳловчи "чекловчилар" ўртасидаги тафовут туфайли вазият янада мураккаблашиши мумкин. Келажак маъмуриятда ким Трампни энг кўп ишонтирадиган далилларни келтира олишини вақт кўрсатади. Шунга қарамай, сайланган президентнинг ташқи сиёсат қарорларини шакллантирувчи қизғин ички баҳслар бўлиши эҳтимолдан холи эмас.


Бундай баҳслар қандай кечишидан қатъи назар, Трамп ўзининг ташқи сиёсат қарорларини битим асосида қабул қилиши мумкин. Яқин Шарқ бўйича аниқ тасаввурга эга бўлмаган ҳолда энг юқори нарх таклиф қилганга хизмат кўрсатадиган сиёсатни амалга оширишни танлаган Трампнинг янги муддатида халқаро муносабатларга Америка истиснолиги тушунчаси асосида ёндашишини кутишга асос йўқ. АҚШнинг дунёда алоҳида вазифаси ва "либерал" глобал тартибни шакллантириш масъулияти борлигига ишониш ўрнига, сайланган президент Яқин Шарққа ўзининг "Америка биринчи ўринда" стратегияси асосида ёндашиши, ўз меросини ҳисобга олиши ҳамда молиявий манфаатларини илгари сурган ҳолда АҚШнинг йирик компаниялари учун фойдали бизнес келишувларини таъминлашга интилиши кутилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.