Таҳлил: Покистон ва Афғонистон ўртасидаги зиддиятнинг сабаби нимада?
2021 йил август ойида Толибон Кобулга қайтиб кирганида покистонликлар ғоят хурсанд эдилар. Кўчадаги одамдан тортиб, ҳокимиятдагиларгача барчаси Толибон ҳукмронлиги остида Покистон-Афғонистон муносабатлари гуллаб-яшнашига умид қилишганди.
Ахир Покистон ўнлаб йиллар давомида нафақат кўплаб Афғон Толибон етакчилари ва жангчиларини ба-рига олди, балки 2001-2021 йилларда АҚШ Афғонистонни назорат қилган пайтда бу гуруҳга юмшоқ муносабатда бўлгани учун Вашингтоннинг кучли босимига ҳам бардош берди.
Аммо АҚШ чиқиб кетганидан бери Покистоннинг Афғонистон билан боғлиқ муаммоси Кобулни ғарбпараст раҳбарлар бошқарган ва АҚШ раҳбарлигидаги НАТО кучлари Марказий Осиёнинг бу қуруқликка қамралган давлатида Афғон Толибонига қарши курашган даврларга нисбатан янада кучайди.
Бир пайтлар Покистоннинг ишончли вакиллари деб ҳисобланган Исломобод ва Толибон ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви кутилмаганда тез содир бўлди ва кўплаб Покистон-Афғонистон кузатувчиларининг тахминларини чиппакка чиқарди.
Покистоннинг яқинда Афғонистоннинг Пактика вилоятида Покистонга қарши жангарилар лагерларини нишонга олган ҳаво ҳужумлари вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатади. Афғонлар бир неча кун ичида чегарадан туриб Покистон позицияларини ўққа тутишди.
Покистон
ва унинг бир вақтлар иттифоқчиси бўлган давлат ўртасидаги муносабатлар бундай
оғир аҳволга тушади, деб ким ҳам ўйлабди дейсиз?
Исломобод нуқтаи назаридан, унинг Афғонистон билан боғлиқ муаммоси битта оддий фактга бориб тақалади: Кобулнинг Покистонга қарши жангариларни жиловлашни хоҳламаслиги ёки бошқара олмаслиги. Улар Афғонистондан хавфсиз бошпана ва таянч нуқта сифатида фойдаланиб, Покистонга террорчилик ҳужумларини уюштирмоқда.
Исломободда жойлашган Покистон можаролар ва хавфсизлик тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, Покистондаги террорчилик ҳужумлари 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 40 фоизга ошган. 2024 йилда террорчилик ҳужумлари ва уларга қарши операцияларда жами 530 нафар хавфсизлик ходими, 489 нафар тинч аҳоли ва 950 нафар жангари ҳалок бўлган.
Покистоннинг Толибондан кўнгли қолганини армия бошлиғи Сайид Асим Мунирнинг қуйидаги сўзларида ҳам кўриш мумкин: “Кобул билан ягона фарқимиз Таҳрик-и-Толибон Покистон (ТТП)нинг Афғонистонда мавжудлиги ва терроризмнинг чегарадан тарқалишидир... ва улар (афғон Толибони) бу муаммони бартараф этмагунча шундай бўлиб қолаверади”.
ТТП асосан Покистоннинг шимоли-ғарбий Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида, айниқса Афғонистон билан чегарада қизғин фаолият юритади. ТТПдан ташқари, Покистон Балуж миллатчи исёнчилари ҳам Афғонистон ҳудудидан террористик ҳужумлар уюштириш учун, айниқса жануби-ғарбий Балужистон вилоятида фойдаланаётганини таъкидламоқда.
Аммо Кобул учун терроризм Покистоннинг ички муаммоси бўлиб қолмоқда ва уни покистонлик пуштун қабилаларидан ташкил топган ТТП билан музокаралар орқали ҳал қилиш керак, деб ҳисоблайди.
Покистон бир вақтлар мамлакат чегара минтақасида фаолият юритаётган жангарилар билан тинчлик келишувлари тузган бўлса-да, ҳозирда ТТП билан музокаралар ўтказишдан бош тортмоқда.
Бунинг сабаби нимада? Ҳозирда аввалги келишувларнинг барчаси барбод бўлган ва жангарилар нисбий тинчлик даврларидан ўз позицияларини қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш учун фойдаланмоқдалар.
Исломободнинг таъкидлашича, ТТПнинг талаблари борасида музокара олиб бориб бўлмайди, чунки у қабилавий ҳудудларда исломнинг кескин афғон-толибон талқинини жорий этишни ва илгари қабила минтақаси деб аталган ҳудудлардаги маъмурий ислоҳотларни бекор қилишни хоҳлайди.
Ўтмиш зиддиятлари
Бироқ икки қўшни ўртасидаги муаммонинг илдизлари анча чуқурроқ. У ҳозирги воқеалар ривожидан ташқари, тарихга ҳам илдиз отган.
ТТП байроғи остида бирлашган покистонлик пуштун қабилалари афғон Толибонининг ғоявий иттифоқчиларидир ва АҚШ бошчилигидаги НАТО кучларига қарши курашганлар.
1980-йиллар ва 1990-йилларнинг бошларида уларнинг қабилавий ҳудуди ўша пайтдаги Афғонистон коммунистик ҳукумати ва собиқ Совет Иттифоқининг босқинчи кучларига қарши АҚШ блоки қўллаб-қувватлаган қуролли қаршиликнинг марказига айланганди.
Бу шуни англатадики, уларнинг минтақаси қирқ беш йиллик жанг тарихига эга бўлиб, бу даврда у кетма-кет икки буюк давлатга қаршилик кўрсатди.
Бу покистонлик қабилалар афғон толиблари билан ҳам алоқада бўлиб, улар ҳам асосан пуштунлардир.
Кўплаб пуштун қабилалари Дюранд чизиғининг ҳар икки томонида – 1893 йилда Афғонистон ва ўша пайтдаги Британия Ҳиндистони ўртасида чизилган 2640 километр узунликдаги чегарада яшайди. Покистон-Афғонистон чегарасининг икки томонида яшовчи қабилаларга Нурзай, Шинвари, Моҳманд, Садозай, Ализай ва Юсуфзай кабилар киради.
1947 йилда инглизлар кетганидан сўнг Покистон Афғонистон билан чегарадош бўлган Британия Ҳиндистонининг бир қисмини мерос қилиб олди.
Бироқ халқаро миқёсда тан олинган чегара бўлган Дюранд чизиғини афғон миллатчилари, жумладан Толибон ҳам тан олмайди. Афғон Толибони уни "фаразий чизиқ" деб атаб, ҳеч қачон қонуний чегара сифатида тан олмаслигини айтади.
Афғон Толибонининг бундай баёноти икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганидан сўнг янада кучайди.
Покистонда террорчилик ҳужумлари кўпайиши билан Исломобод ҳам ўз позициясини қатъийлаштириб, бир қатор қаттиқ чоралар кўрди, жумладан ўн минглаб рўйхатга олинмаган афғон қочқинларини ўз мамлакатларига депортация қилди.
Бироқ уларнинг кўпчилиги Покистонга қайтиб кирди, бу эса ушбу ҳаракатнинг нотўғри ёндашувини кўрсатди.
2017 йил март ойида жангарилар оқимини тўхтатиш учун Афғонистон билан чегарасини тўсишни бошлаган Покистон яқинда қаттиқроқ иммиграция тизимини жорий этди.
Илгари ҳар икки томондан келган пуштун қабилалари маҳаллий ҳокимият томонидан берилган саёҳат ҳужжати асосида чегарани кесиб ўтиши мумкин эди. Кўпчилик ҳеч қандай ҳужжатсиз саёҳат қиларди.
Энди эса, афғон Толибони ҳамда Дюранд чизиғининг икки томонида яшовчи маҳаллий аҳолининг норозилигига қарамай, Покистон виза режимини жорий қилди. Покистон бу терроризмга қарши курашиш ва чегара дахлсизлигини таъминлаш учун жуда муҳим эканлигини таъкидламоқда.
Покистоннинг контрабандани чеклашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам афғон Толибони ва норасмий транзит савдосига таянадиган маҳаллий аҳолининг ғазабини келтирди.
Сўнгги икки йил давомида Исломобод бу чораларни бир томонлама равишда қўллаб-қувватлади, бу эса афғон Толибони билан муносабатларни кескинлаштириш билан бирга, кўплаб маҳаллий аҳолини ҳам бегоналаштирди.
Шундай қилиб, Исломобод Афғонистондаги кўп йиллик фуқаролар уруши ва Покистоннинг шимоли-ғарбий чегара ҳудудидаги можаролар даврида бўлинган пуштун оилалари ва қабилалари ўртасидаги алоқалар фақат чегаралараро никоҳлар ва дўстликлар туфайли чуқурлашганини эътибордан четда қолдирди.
Совет истилоси давридаги афғон қаршилик ҳаракатининг кўплаб юқори мартабали арбоблари ва кейинчалик АҚШ бошчилигидаги НАТО кучларига қарши курашган афғон Толибон раҳбарлари ўнлаб йиллар давомида Покистон шаҳар ва қишлоқларида яшаб, у ерларни ўзларининг иккинчи ватанига айлантирганлар.
Истиқбол
Ҳозирги кунда Покистон ва Афғонистон учун долзарб вазифа кучайиб бораётган кескинликни юмшатиш, ўзаро муносабатларда нормаллик ва хайрихоҳликни тиклашдан иборат. Фарқлар кўлами ва узоқ давом этган ишончсизликни ҳисобга олсак, бу вазифани бажариш айтишдан кўра қийинроқ.
Дастлабки қадам сифатида икки томон оммавий ахборот воситалари эътиборини тортмасдан қайта мулоқотга киришишлари керак. Бу шуни англатадики, бир-бирига нисбатан қаттиқ оммавий баёнотлар бериш ўрнига, яширин ва сокин дипломатия яхшироқ вариант бўлиши мумкин.
Афғон Толибонини америкаликлар билан музокаралар столига олиб келишда муҳим рол ўйнаган ва АҚШ бошчилигидаги НАТО кучларининг Афғонистондан чиқиб кетишига олиб келган Исломобод Кобулдаги ҳукмрон маъмурият билан алоқаларни қайта тиклаши ва янгилаши керак.
Бу афғон Толибонининг энди қаршилик кўрсатувчи куч эмас, балки суверен мамлакатнинг ҳукмдорлари эканлигини тан олган ҳолда муносабатлар шартларини қайта белгилашни англатади.
Исломобод Афғонистонга савдо, инвестиция ва дипломатик ёрдам борасида кўп нарсани таклиф қилиши мумкин. Афғон транзит савдоси келишувига кўра, Покистон аллақачон Афғонистон учун асосий таъминот йўли бўлиб хизмат қилмоқда.
Покистон афғон Толибони ҳокимиятни қайта қўлга олганидан кейин унга дипломатик ёрдам кўрсатди. Энди Исломобод бошқа дўст мамлакатлар, жумладан Афғонистонга йирик инвестор бўлган Хитой билан ҳамкорликда бу йўналишни давом эттириши керак.
Исломобод Ҳиндистон афғон Толибони билан расман алоқа ўрнатишга муваффақ бўлганини ҳисобга олиши керак. Зеро бу Нью-Деҳлининг мазкур гуруҳга нисбатан позициясидаги кескин ўзгаришдан дарак беради.
Ўтган йил декабрь ойида ўрта даражадаги мулоқотдан сўнг Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги котиби Викрам Мисри январь бошида Дубайда Толибон муваққат ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан учрашди. Бу Нью-Деҳлининг Толибон билан энг юқори даражадаги алоқасини англатади.
Собиқ покистонлик дипломатларнинг фикрича, бундай шароитда Исломободнинг мақсади Хитой ва БАА каби дўст мамлакатлар ёрдамида Кобул билан конструктив муносабатлар ўрнатиш орқали Покистон хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлиши керак.
Бироқ шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, сўнгги 45 йил давомида Кобулдаги бирорта ҳукумат ўз ҳудудини тўлиқ назорат қила олмади - ҳатто бир пайтлар қудратли бўлган Совет Иттифоқи ёки АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг қўшма кучлари ҳам бунга ёрдам бера олмади.
Бу шуни англатадики, афғон Толибонининг ТТПга қарши ҳаракат қилишдан бош тортиши, ИШИД билан боғлиқ муаммолари туфайли, ўз ҳукмронлигини ўрнатиш имкониятининг етишмаслиги ёки вазиятни чигаллаштириш хавфидан келиб чиқиши ҳам мумкин.
Зеро афғон Толибони Кобулга қайтганидан бери ИШИД террористик гуруҳи толиблар ва унинг раҳбариятига қарши бир неча марта ҳужумлар уюштирди. ИШИД афғон ва покистонлик пуштунлар орасидан янги аъзоларни жалб қилиш орқали Афғонистондаги ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уринмоқда.
Афғон
Толибони Исломобод талаб қилганидек, ТТПга босим ўтказиши эҳтимолдан узоқ, чунки ИШИД бундан
икки куч ўртасида низо келтириб чиқариш ва норози унсурларни мезбон мамлакатга
қарши ишлатиш учун фойдаланиши мумкинлиги ҳақида жиддий хавотирлар мавжуд.
Шу сабабли, Покистон минтақа ва халқаро майдонда дўстларга муҳтож бўлган афғонлар билан муносабатларни ва яхши алоқаларни тиклаш учун моҳирона дипломатия ишлаб чиқишга мажбур.
Исломобод ташаббус кўрсатиши ва бузилган муносабатларни тиклаш учун биринчи қадамни ташлаши лозим. Бу Афғон Толибони икки мамлакат халқининг умумий тарихи, маданий қадриятлари, дини ва ўзаро алоқалари билан фахрланадиган кенг манфаатлари ё‘лида Покистоннинг саъй-ҳаракатларига жавоб қайтариши учун қулай муҳит яратади.
Амир Зиё, журналист, сиёсий эксперт