14.01.2025 18:00

Таҳлил: Авиаҳалокат Россия-Озарбайжон муносабатларига соя соладими?

Россия ва Озарбайжон ўртасидаги самолёт қулаши ортидан юзага келаётган келишмовчиликлар кўпчиликнинг эътиборини тортяпти. Президент Илҳом Алиевнинг Москвага кескин ва баланд оҳангда норозилик билдириши, Россия фуқаролари учун виза тартибини кескинлаштириши, арман фашизмига нисбатан муросасиз эканлиги борасидаги таҳдидли баёнотлари Россия-Озарбайжон иттифоқчилик муносабатларига соя соладими, қабилидаги фаразларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Аммо ҳар доим ҳам бу фикрларга қўшилиб бўлмайди.

Фикримизни далиллар билан исботласак. Биринчидан, Россиянинг Озарбойжон самолётини уриб тушириши икки ўртадаги муносабатлар совуқлашишига сабаб бўлади, лекин Бокунинг геосиёсий курсини ўзгартиришига олиб келмайди. Озарбойжонни Россия билан қалин иқтисодий муносабатлар боғлаб туради. Ўзаро товар айланмаси 1,5-2 миллиард доллар атрофида. РФ Озарбайжоннинг Италия ва Туркиядан кейинги учинчи савдо ҳамкори. Иккинчидан, Россияда юз минглаб озарбайжонлик меҳнат муҳожирлари яшайди. Тирикчилигини ўтказади.

Учинчидан, арман-озар уруши пайтида, Озарбайжон таъбири айтганда, Ватан уруши вақтида Россия бетараф позицияда қолди. Қорабоғ ва Арманистондаги С-300 зенит ракетларини ишга солмади. Арманистонни тақдир ҳукмига ташлаб  қўйди. Ереван Россия уларни ҳимоя қилишини кутганди. Ҳатто Арманистон ОДКБ қўшинлари ўзини ҳимоя қилиши учун провокациялар ўйлаб топди. Озарбайжон аскарлари Арманистон ҳудудига қадам қўйиши учун интилди. Бироқ Украинага қарши урушга тайёрланаётган Россия учун Озарбайжоннинг ўзи тарафида туриши, ҳеч бўлмаганда, нейтрал позицияда қолиши сув билан ҳаводек зарур эди. Шундай бўлди ҳам.

2022 йилнинг 22 февралида Москвада икки мамлакатнинг иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Декларация имзоланди. Бу эса томонлардан бирининг хавфсизлик манфаатларига тахдид туғилган тақдирда, маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлигини тасдиқлайди.

Тўртинчидан, Боку ҳамон Москванинг сиёсий орбитасида эканлигини Кавказдаги сўнгги воқеалар ҳам тасдиқлади. Арман-озарбайжон урушини якунлаш учун Шушага Россия қўшинлари жойлаштирилди. Озарбайжоннинг яна бир иттифоқчиси Туркиянинг 75 нафар қуролланмаган ҳарбийси жойлаштирилди.

Бешинчидан, 2021 йил 9 ноябрда имзоланган уч томонлама келишувга кўра, Озарбайжонни Нахчивон анклави билан боғлайдиган Зангазур коридорини ташкил этиш кўзда тутилган. Бунинг учун Арманистон ўзининг Сюник районидан Озарбайжонга йўл очиб бериши, ўртада Россия Федерал хавфсизлик хизмати қўшинлари назоратчи функциясини зиммасига олиши керак. Ушбу йўлакнинг очилишидан Россия ҳам, Озарбайжон ҳам манфаатдор.

Олтинчидан, Путиннинг 2024 йил август ойида Бокуга ташрифи чоғида санкциялар остида қолган Россия гази ва нефтининг маълум қисмини SOCAR корпорацияси орқали Европага сотилишига эришилди. Бундан ташқари, Россия ва Озарбайжон ўртасида бошқа ўнлаб йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам келишувларга эришилган. Демак, тергов якунлари ҳали эълон қилинмаган самолёт воқеаси икки давлат муносабатларига соя сололмайди.

Аслида бундай воқеалар бошқа мамлакатлар ўртасида ҳам доим учраб туради. Бу биринчиси эмас. Тўғри, Россия хатога йўл қўйганини тан олди ва Россия президенти Владимир Путин Илҳом Алиевдан кечирим сўради. Учинчи кучлар сувни лойқалатишга қанчалик уринмасин, муаммо аста-секин изига тушади. Тергов натижаси эълон қилинганидан кейин Россия ҳалок бўлган ва тирик қолган экипаж аъзолари  ва йўловчиларга, уриб туширилган самолёт учун компенсация тўлаши ва айбдорларни жазолаши аниқ. Чунки Россия ҳам Озарбайжон билан муносабатларни қадрлайди. Узоқ келажакда бундай эмасдир, аммо Украина уруши давом этаётган ҳозирги шароитда Москва Боку билан сан-манга бормайди. Украина масаласини бир ёқли қилса, Москва собиқ совет республикаларига юқоридан келиб, босим ва тазйиқ ўтказиш йўлидан бориши турган гап.  Бугунги кунда эса 10 миллионли аҳолига эга Озарбайжон Қўшилмаслик ҳаракатининг энг фаол давлатларидан бири ва ташқи сиёсат концепциясида ҳар доим шу сиёсатга амал қилади. Ўтган йили Озарбайжонда қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатларнинг катта саммити ҳам ўтказилди. Бу сиёсат ҳозир Россияни қаноатлантиради.

Бугун кимлардир сувни лойқалатиш учун Озарбойжоннинг Россиядан талаблари бор ва Боку шу талабларнинг бажарилишини хоҳлаяпти, қолган иккита талабни Россия томони пайсалга соляпти. Энди асосий талаб, бу – ҳам ўлганлар, ҳам тирик қолганлар учун компенсация тўлаб бериш керак, деяпти. Аммо халқаро қонун қоилдарга кўра, бу талаб текширувлар охирига етган ва расмий натижалар эълон қилинганидан кейин амалга оширилади. Ваҳоланки, Россия талабни бажармаймиз, деган иддаони қилмади. Боз устига, Озарбайжон лайнери бортида Россия фуқаролари ҳам бўлган. Озарбайжон президенти бир неча бор таъкидлаганидек, Россия ҳодисани атайдан уюштирмаган. Демак, компенсация ва айбдор ҳарбийларни жазога тортиш талаби ҳам бажарилади.

Озарбойжонни турли иттифоқлардан мустақил тутаётган Илҳом Алиевнинг танқидларига келсак, у ўрни келганда, Ғарбни ҳам, Россияни ҳам аямай танқид қилади. Халқаро иқлим масалаларига бағишлнган БМТ (СОР29) саммитида президент Алиев Ғарбни инсон ҳуқуқларини бузиш айбловлари туфайли иккиюзламачиликда айблади. Гап шундаки, Ғарбга узлуксиз нефт етказиб бераётганига қарамай, улар Бокуни инсон ҳуқуқларини бузишда айблашдан ташқари, Ереванга замонавий қурол-яроғ етказиб беришда давом этаяпти. Айниқса, бу борада Франция ажралиб туради. Бу ҳаракатлар ҳам Бокуни Россия қучоғига отади.

Сўнгги вақтларда Москва Жанубий Кавказда ўз таъсирини мустаҳкамлашга эришаётгандек тассурот қолдирмоқда. Жанубий Кавказда учта давлат бор. Арманистон гарчи ўзини мустақил тутаётгандек кўринади. Аммо ҳамон хавфсизлик ва энергетика масалаларида русларга қарам. Грузияда эса Москва билан яқинлашиш тарафдори бўлган “Грузия орзуси” партияси ғалаба қозонди. Ҳокимият тўлалигича улар қўлига ўтди. Озарбойжон масаласида ҳам шундай, биргина самолётни уриб тушириш воқеаси Боку ташқи сиёсатини ўзгартиришга асос бўлмайди. Аксинча, Озарбайжон президентининг кучли риторикаси руслардан норози бўлган жамоатчиликни тинчлантириш мақсадини ҳам кўзлаган. Ҳодисага сукут сақлаш халқнинг норозилик чиқишларига ҳам сабаб бўлиши мумкин эди. Асосийси, AZAL ҳалокати икки томонлама муносабатларни яна бир синовдан ўтказди.

Яна бир гап. Бугун Боку Марказий Осиё ва Кавказнинг бошқа давлатларига қараганда анча дадил ва мустақилроқ ташқи сиёсат олиб боряпти. Бу борада Илҳом Алиев ушбу мамлакатлар етакчиларига мастер класс ўтаб беряпти ҳам дейиш мумкин.

 

  

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.