30.12.2024 06:48

Алиев: Россия Azerbaijan Airlines ҳалокатида айбини тан олиши, айбдорларни жазолаши ва товон тўлаши керак

Озарбайжон ҳукумати Azerbaijan Airlines самолётининг Ақтауда ҳалокатга учраши муносабати билан Россияга учта талаб қўйди, деди давлат раҳбари Илҳом Алиев мамлакат телевидениесига берган интервьюсида. 

Унинг сўзларига кўра, талаблар Россия томонига 27 декабрь куни расман етказилган. 

“Улар нималардан иборат эди?  Биринчидан, Россия томони Озарбайжондан кечирим сўраши керак. Иккинчидан, айбини тан олиши керак. Учинчидан, айбдорлар жазоланиши, жиноий жавобгарликка тортилиши, Озарбайжон давлатига, жабрланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига товон пули тўланиши керак. Булар – бизнинг шартларимиз. Улардан биринчиси кеча якунланди. Умид қиламанки, бошқа шартларимиз ҳам қабул қилинади”, — деди Озарбайжон президенти. 

Алиев барча билдирилган талаблар адолатли эканини таъкидлади. “Бу ерда ҳеч қандай фавқулодда талаб ёки муаммолар йўқ, бу халқаро тажриба ва одатдаги инсоний хулқ-атвор тамойилларига асосланади”, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни эрталаб Бокудан Грознийга учаётган Azerbaijan Airlines самолёти Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида ҳалокатга учради. 38 киши ҳалок бўлди. Самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳужуми натижасида ҳалокатга учради.

Шу билан бирга, Озарбайжон ҳукумати 2025 йил 1 январдан бошлаб Россия фуқароларининг Озарбайжон ҳудудида вақтинча бўлиш шартларига ўзгартиришлар киритди.

Қарорга кўра, “РФ фуқаролари ва РФда доимий яшовчи, Озарбайжон Республикасига визасиз тартибда келган фуқаролиги бўлмаган шахслар бир календар йили давомида мамлакатда 90 кундан ортиқ бўла олмайди”.

Қарорни бош вазир Али Асадов имзолади.

Бир кун олдин Озарбайжон ТИВ Боку Россия томонидан озарбайжонликларга нисбатан ўрнатилган янги қоидалар ва РФда қолиш талабларини кучайтирилганига қарши жавоб чоралари кўришини маълум қилганди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.